Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Тожик олими Каримовга Душанбе билан алоқаларни ўнглашни таклиф қилди


Тожикистонлик профессор, иқтисод фанлари доктори Ҳожимуҳаммад Умаров Ўзбекистон президентига очиқ хат ёзиб, унда мустақиллик йилларида Тошкент томонидан Душанбега нисбатан амалга оширилган иқтисодий қамал туфайли Тожикистон 26 миллиард доллар зарар кўрганини иддао қилди.


Asia-Plus агентлиги томонидан 11 апрел куни чоп қилинган очиқ хатнинг ёзилишига, муаллифнинг эътирофича, Ўзбекистон президентининг минтақа давлатлари билан алоқаларни яхшилаш борасидаги яқиндаги чиқиши сабаб бўлган.

Умаровнинг ёзишича, Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлигининг ҳозирда тарқатиб юборилган Иқтисодий тадқиқотлар институти макроиқтисодий тадқиқотлар бўлими ҳисоб-китобига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодий қамали туфайли Тожикистоннинг 2010 йил бошигача кўрган зарар 26 миллиард долларни ташкил қилган.

“Бу қамал жуда кўплаб жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Қашшоқлик, деурбанизация, деиндустриализация, оммавий меҳнат муҳожирлиги кабилар шулар жумласидандир”, - деб ёзади тожик профессори.

Ҳожимуҳаммад Умаровга кўра, Каримовнинг Марказий Осиё мамлакатлари орасида яхши алоқаларни тиклаш зарурлиги борасидаги чиқиши Тожикистонда катта акс-садога сабаб бўлган.

“Ҳозир бутун Тожикистон бўйлаб қандайдир енгил тин олиш кайфияти сезилади, чунки биз чегаранинг нариги тарафидан келадиган доимий айблов ва таҳдидларга кўникиб қолгандик, аҳолининг каттагина қисми ҳатто Ўзбекистон томонидан қуролли ҳужум бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаётганди. Мамлакатлараро алоқаларда ҳали тарихда ҳеч қачон 2012 йилда ва 2013 йил бошларида кузатилгани каби таранглик бўлмаганди. Бу мамлакатим келажаги, тожик халқи келажаги учун қўрқувни уйғотди, чунки яқиндаги тарихий тажриба бундай қўрқув юзага келиши учун асос беради”, - деб ёзади Умаров.

Тожик профессори Ўзбекистон президентига ўзаро тотувлик ҳақидаги чиқишидан буён 2 ой ўтганини эслатади ва ўша нутқ асосида “икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни яхшилаш, тўсиқларни бартараф қилиш бўйича “йўл харитаси” ташаббуси билан чиқишингиз мумкин эди”, дейди. “Аммо, дейди мактуб муаллифи, бу иш миллионлаб одамларни қайғуга ботириб, амалга ошмаяпти.

Ўзаро алоқалар ўнгланиши, тожик олимининг фикрича, бир қанча муаммоларнинг ҳал этилишига боғлиқ. Чегараларни миналардан тозалаш, икки давлат чегарасидаги барча ўтиш пунктларини қайта тиклаш, виза тизимини бекор қилиш, давлат чегараси орқали йўловчилар, юклар, транспорт воситалари ўтишининг осонлаштирилган тартибини жорий этиш, айланма йўллар қуриш амалиётидан воз кечиш, ҳаво қатнови, темир йўл ва автобус қатновини тиклаш, интеграцияга зид режа ва ниятлардан қатъиян воз кечиш, минтақа ягона энергетик тизимини тиклашни устивор вазифа ўлароқ олға суриш кабилар шулар жумласидандир.

Шунингдек, профессор Умаров Тошкент Тожикистонда Роғун каби гидроиншоотлар қурилмаслиги учун халқаро ташкилот ва экспертларга босим ўтказиш амалиётини тўхтатиши зарур, деб ҳисоблайди.

Тожик олими мулоҳазасича, Ўзбекистон раҳбарияти оммавий ахборот воситаларида аксилтожик кампаниясини олиб боришдан воз кечиши, тожиклар ассимиляциясини бас қилиши лозим.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида юзага келган муаммоларнинг барчасига икки давлат раҳбарлари ораси ёмонлиги сабаб эканини урғулаган Ҳожимуҳаммад Умаров президент Ислом Каримовга икки қардош мамлакат ўртасидаги алоқаларни режалаштириш ва амалга оширишда ҳиссиётларга таяниб эмас, умуминсоний манфаатларга таянган ҳолда иш кўришни тавсия қилади.

“Сиз у ёки бу давлат арбоби фаолиятини баҳолашда тарих энг холис ва беғараз ҳакам эканини унутмаслигингиз керак”, дейди тожик олими очиқ хати ниҳоясида Ўзбекистон президентига хитобан.

Ўзбекистон томонидан бу очиқ хатга ҳали-ҳозир муносабат билдирилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG