Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

“Меҳрибонлик уйи” битирувчилари уйсиз қолмоқда


Роҳила опа Муҳаммадиеванинг хонадонида шу кунда 7 бола улғаймоқда.
Роҳила опа Муҳаммадиеванинг хонадонида шу кунда 7 бола улғаймоқда.

Ота-онасиз қолганлиги учун “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланадиган болалар муассасани битириб чиққанидан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига биноан, давлат ҳисобидан уй-жой билан таъминланиши керак. Бироқ маҳаллий ҳокимиятлар ҳукумат қарорини бажаришга шошилаётгани сезилмаяпти...


Сарсон-саргардонликда

Бухоролик Муқаддас 25 га кирган, 1 ярим йил турмуш қуриб, ажрашган, 5 яшар қизчаси бор.

Муқаддас коллеж битирувчиси.

- Педколлежни тугатдим. Олий эмаслиги учун ҳозир мактабларда ишлай олмайман, дейди Муқаддас.



Муқаддас учун нафақат мактабда, мактабдан ташқарида ҳам муқим иш йўқ. Ким иш берса, ўшанинг ишини қилиб тирикчилиги учун 3-4 сўм топади.

- Чойхона, ресторанларда ишлайман.

Озодлик: Нима иш қиласиз ресторанда?

- Идиш-товоқ юваман, уборка қиламан, дейди Муқаддас.

Ресторанларда ҳар куни ҳам тўй бўлавермайди. Демак, иш ҳар куни ҳам йўқ. Баъзида бухороликлар уй ишларига чақириб қолади. Масалан,

- Ўтган чоршанба куни горгазда бир аëлнинг уйларини ремонт қилиб, уборка қилаëтган эди. Чоршанба, пайшанба ўша ерда эдим.

Озодлик: 3-4 апрел куни ўша хонадонда ишладингиз. Учинчидан тўртинчига ўтар кечаси қаерда тунадингиз?

- Ўша ерда.

Озодлик: Қайси хонадонда ишласангиз, ўша хонадонда қоласизми?

- Ҳа, дейди Муқаддас.

Чунки Муқаддас уйсиз, яъни ЎЗИнинг УЙИ йўқ. Лекин борадиган жойи бор.

- Бўлмаган пайт бувимларникига келаман, дейди Муқаддас.

Буви

“Бувим”, дер экан Муқаддас ёши 67 га чиққан Роҳила опа Муҳаммадиевани назарда тутаяпти.

Аслида Роҳила опа Муқаддаснинг бувиси ҳам, онаси ҳам эмас. Етти ёт бегона. Расман бегона. Амалда эса, чин бувиси, чин онаси.

Роҳила опанинг хонадонига Муқаддас гўдаклигида келган.

- Мен 3 ëшимда шу ерга келганман, дейди Муқаддас.

Ўшандан бери мана 25 га кирибдики, Муқаддас учун Роҳила опанинг уйи – Ватан. Биров-ярим бир-икки кунлик ишга чақириб қолганида Муқаддаснинг фарзанди шу уйда – Роҳила бувисининг уйида қолади.

Роҳила Муҳаммадиеванинг уйи – Меҳрибонлик уйи. Муҳаммадиевларнинг оилавий меҳрибонлик уйи. Муқаддас - сўнгги қарийб 20 йил давомида бу уйдан учирма бўлганларнинг бири.

Роҳила опанинг ўзини ҳам суҳбатга тортдик.

Озодлик: 1994 йили оилангизда меҳрибонлик уйи очилди-а?

- Вилоят ҳокимининг қарори билан, лекин жуда қийинчилик билан, улар рухсат беришмади ўша вақт, бизлар исботлагандан кейин рухсат беришди. То рухсат бергунча икки йил ўтди. 1994 йилда вилоят, шаҳар ҳокимининг қарори билан рухсат беришди. “Ишдан фақат кетасиз. Деддом керак бўлса, ана ўзингиз тарбиялайсиз” деб кейин мен икки йил олдин пенсиямдан болаларни уйда тарбиялай бошладим, дейди Роҳила опа.

Ҳозирда ёши 70 га яқинлашиб қолган Роҳила опа Муҳаммадиева бир умр педагоглик қилди. Узоқ йиллар – оилавий меҳрибонлик уйи очгунича - кўзи ожизлар мактабида ишлади.

Озодлик: Меҳрибонлик уйингизга 19 йил бўлибди. Шу кунда ҳам ишлаяптими?

- Ишлаяпти.

Озодлик: Шу кунда уйда нечта бола тарбиялаяпсиз?

- Ҳозир 5та мактаб ўқувчиси, иккита коллеж ўқувчиси, жами 7та. Учта қиз бола, тўртта ўғил бола.

Озодлик: 1994 йилдан бери сизнинг меҳрибонлик уйингизда ҳаммаси бўлиб нечта бола тарбияланди?

- 15та. Ана шу болаларим билан ҳаммаси бўлиб 15та.

Озодлик: Еттита қолган бўлса, демак саккизтасини учирма қилибсизда.

- Ҳа, дейди Роҳила опа.

Давлат беради...

Албатта, давлат “Ўзинг боқаман, дединг, ол ана боқиб олавер”, демайди.

Меҳрибонлик уйи раҳбари сифатида Роҳила опанинг ўзига давлат маош тўлади, эндиликда эса, уйга раҳбарлик қилаётган қизига тўламоқда.

Давлат болаларнинг озиқ-овқати, кийим-кечаги учун пул ажратади.

...камини бир амаллашади

Лекин “қўл билан берганга қуш тўймас”, деган гап ҳам бор. Камини муҳаммадиевлар оиласи ўзи тўлдиради, тарбияланувчилар ҳам ўзларининг баҳоли қудрат ҳиссасини қўшади.

- Албатта гоҳида етарли бўлади, гоҳида етарли бўлмайди. Биласизми, ҳали болаларимиз бор эди, заргарлик цехи очиб ишлардик. Қўшимча маблағ қилардикда. Яна кўйлаклар тикишни, пишириқлар пиширишни ўргатгандим. Болалар ҳатто пишириқни сотиб, қўшимча маблағ қилиб, камчиликсиз яшадида аввалги болаларим. Ҳозир булар ҳали ëш, дейди Роҳила опа.

Шу ўринда давлатнинг болалар уйида тарбияланганларнинг чой дамлашни ҳам билмасликлари тўғрисидаги гаплар ёдимга тушди.

Ҳар бир боласини деярли гўдаклигидан боқиб олгани учун улар Роҳила опа учун ЎЗ фарзандига айланиб кетган.

- Болаларнинг тўйини қилдим. Эмнг катта қизим мактабни битирди, коллежни битирди. Ўзим тўйини қилдим. Қуда тараф талаб қилди ўзим бешик қилдим. Иккинчи қизга ҳам тўй қилдим ўзим. Шунча йил ишлаб бирор кишига ëрдам сўраб борганим йўқ. Яна учинчи ўғлимизга ҳам хотин олиб бердим. Ишлаб, маблағ йиғиб, тўйларини ҳам ўзим қиламан, дейди Роҳила опа.

Муҳаммадиевлар тўғрисида бошқалар нима дейди?

Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб турадиган ташкилот.

Жамғарманинг Бухоро вилоят бўлими билан боғланиб муҳаммадиевлар хонадони тўғрисида сўрадик.

Озодлик: Муҳаммадиевлар уйидан, фаолиятидан хабарингиз борми? Нима дея оласиз?

- Ҳа. Муҳаммадиевлар уйига бизлар ëрдам кўрсатдик. 21 мартда уларга қишги-ëзги оëқ кийими бердим, дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Бухоро вилоят бўлими ходими.

Хуллас, бу уйда тарбияланувчилар, агар ўз ота-оналари билан бирга бўлиш бахтидан тақдир мосуво қилганини айтмаса, ўзларининг ота-онали тенгдошларидан кам эмас.

Бир томонда – асосий сарф-харажатни кўтараётган давлат, иккинчи томонда анча-мунча кўмак кўрсатиб турадиган жамоат ташкилотлари.

Энг муҳими ўз умрини, бутун оналик меҳрини улашаётган Роҳила опа бор.

Лекин...

Бугунги эшиттиришни қилишга ундаган гап худди шу “лекин”дан бошланади.

Гап шундаки, Роҳила опа 19 йилдан бери ўз уйидан учирма қилгани 8 “полапон” ҳануз уйсиз.

Меъёрий ҳужжатлар нима дейди?


Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг давлат томонидан уй билан таъминлаши кераклиги қонун кучига эга ҳукумат қарори билан белгилаб қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги 230-қарорига илова қилинган “Меҳрибонлик уйи тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандида бундай дейилган:

“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Меҳрибонлик уйларининг эҳтиёжманд тарбияланувчиларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлашлари керак”.

Шундай меъёр бўлатуриб Роҳила опанинг тарбияланувчилари – ўғил-қизлари, жумладан Муқаддас ҳам 5 яшар фарзанди билан уйсиз қолмоқда.

Болалар 7 йилдан бери уйсиз

Муҳаммадиевлар оилавий меҳрибонлик уйида бу муаммо пайдо бўлганига 7 йил бўлди. Чунки уйнинг дастлабки битирувчилари шунча йил олдин мустақил ҳаётга қадам қўйган эди.

- Мен қарийб 7 йилдан бери шу масала бўйича ҳокимиятга бораман. Олдинги ҳокимнинг ëнига неча марталаб бордим. Менга ўзим учун ҳеч нарса керак эмас. Ҳеч бўлмаса бир хонали ëтоқхона, кўп одамлар турадиган бир ëтоқхонами, барибир болаларнинг бошига бир нима керакда. Қонун бўйича булар менинг уйимдан 9 синфни битириб кетди. Коллежда ўқиди. Коллеж уй билан таъминлаши керак. Лекин қилмагандан кейин болалар яна шу ерга келади. Мезонда шундай. Болаларни уй билан таъминлаши керакда. Бизда энди ҳокимлар алмашиб турдику. Битта ҳокимимиз келдилар, уч йил ишладилар, битталари бир йил ишладилар, у киши бизга ëрдам бериб, авария ҳолатидаги уйимизни тиклаб бердилар, аввалги ҳокимимиз уй берамиз, бирорта боғчани бўшатиб берамиз деб турган пайтларида ишдан кетдилар. У кишидан кейин Рустамов бўлдилар. Рустамов кўрдилар болалар катта. 1 июн болаларни ҳимоя қилиш кунига ҳаммалари келиб болаларни табриклаб шундай нима қилдиларда. Келганларида “Болаларингиз катта экан. Буларни уй билан таъминлаб ўзим тўйини қиламан” деб айтдилар, уч йил шу гап бўлди. У киши ишдан кетгандан кейин Ҳайит Эргашевич бўлдилар. У киши бир йилгина ишлаб, бу йил тўйини қиламиз деб у киши ҳам кетдилар. Бу ҳокимларга борганим ҳам йўқ. Борганим билан фойдаси йўқ деб бормадимда, дейди Роҳила опа.

Уй сўраб ҳатто Тошкентгача борганини Муқаддас ҳам айтиб берди.

Биз Бухоро вилояти ҳамда Бухоро шаҳри ҳокимликларининг иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўлимлари билан боғландик. Бироқ мазкур бўлимлар ходимлари саволларимизни тоқат билан эшитдилару жўяли жавоб бермадилар – ҳокимликларнинг бошқа бўлимларига мурожаат қилишни тавсия қилиш билан чекланишди.

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасининг айнан меҳрибонлик уйлари билан шуғулланадиган бўлим билан боғланишга муваффақ бўлдик. Лекин телефон гўшагини кўтарган ходим айнан меҳрибонлик уйлари билан шуғулланадиган ҳамкасби – Одил Юнусович Мақсудовнинг хизмат сафари билан Тошкентда юрганини билдириш билан чекланди.

Умид учқуни

Мавзуни ўрганар эканмиз Бухородаги яна бир Меҳрибонлик уйи –Бухоро шаҳар 32-Меҳрибонлик уйи билан боғландигу ҳокимиятларга, бошқа мутасадди идораларга мурожаат қилишни давом эттириш зарурати қолмади.

Чунки саволларимизга жавоб берган директор ўринбосари Меҳриноз Назарованинг овозидаги қатъийлик унинг айтганларига, негадир, ишонч пайдо қилди.

Озодлик: Сизларда қанча бола тарбияланади?

- Ҳозирги кунда 94 нафар тарбияланувчи. 59 нафар ўғил бола, 35 нафари қиз бола. Етим, ярим етим, кам таъминланган, ота-онаси ногирон, ота-онаси қамоқда бўлган оила фарзандлари тарбияланади. Тўрт маҳал овқатланади. 92 нафари мактабда, икки нафари уйда таълим олишади. Ҳамма шароитлар етарли.

Озодлик: Сизларда 9 синфгача бўлади-а?

- 1 синфдан 9 синфгача ўқийди.

Озодлик: Кейинчи?

- Ундан кейин академик лицей, касб-ҳунар коллежларига жойлаштирамиз. У ерда ëтоқхона билан таъминланади, стипендия олади. Кейин коллежнинг ҳисобига ўтади.

Озодлик: Коллежни битиргандан кейин нима бўлади?

- Ундан кейин коллеж раҳбарияти иш билан таъминлайди. Уй-жойига эга бўлмаганларни биринчи курсда ўқиëтган пайтда ҳокимиятга “уй-жойга муҳтож” деб рўйхатини берамиз. Кейин уч йил давомида уларга то коллежни битиргунча уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қилади. Уй-жой беради, иш билан таъминлайди. Назоратга олинади.

Озодлик: Бир йилдан бери сизларнинг нечта битирувчинглар давлат ҳисобидан уй-жой билан таъминланди?

- Саккизтача.

Озодлик: Уй олишдими?

- Ҳа, бир хонали уй олишди. Ҳозир 28таси рўйхатда турибди.

Озодлик: Роҳила опанинг битирувчилари уйсиз қолибдида.

- У бизларда ҳам бор. Энди кучайтирилган уй-жой билан таъминлаш. Шу пайтгача беэътибор қараганлар. Энди кучли назоратга олинтган. Прокуратура, МХХ, ҳокимият назоратига олган. Ҳаттоки республика прокуратураси, республика Халқ таълими вазирлиги, ўшаларгача бир хил маълумот. Ҳаммалари биладилар.

Озодлик: Демаки умид қилса бўлади-а?

- Бўлади. Ҳамма ҳужжатлар берилган, ариза топширилган. Умид қилса бўлади. Шу йилнинг ўзида 6 нафарига бердилар. Ëмон эмас бир йилда 6 болани уй-жой билан таъминласалар.

Озодлик: Кўп қаватли уйлардан бир хонали квартира-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ташландиқ, биров яшаши қийин бўлган уймас-а?

- Йўқ, унақа эмас. Одамлар яшайдиган домлар борку, ўшандан бир хонали уй ажратиб беришди, дейди Бухоро шаҳар 32-Меҳрибонлик уйи директори ўринбосари Меҳриноз Назарова.

Бухоро шаҳар 32-Меҳрибонлик уйи директори ўринбосари Меҳриноз Назарова эди.

Демак, 32-Меҳрибонлик уйи битирувчиларидан 28 киши уй олишга навбатда турибди.

Хўш, муҳаммадиевлар Оилавий Меҳрибонлик уйи битирувчилари ҳам расмий навбат рўйхатига киритилганми?

Роҳила опа Муҳаммадиева билан яна боғландик.

- Энди бордирда. Мен шунча йилдан бери аризалар билан бораман. Бордирда. Улар менга жавоб беришади. Масалан “Уй йўқ. таъминлай олмаймиз. У ëқни бера олмаймиз, бу ëқни бера олмаймзи” деб жавоб беришади. Ҳатто Тошкентга бориб келдим.

Озодлик: Ҳар ҳолда расмий навбатда борми йўқми сиз аниқлаб қўйишингиз керак экан.

- Унисига эътибор бермабманда. Ҳар ҳафта қабулига борардим. Борми йўқми унисига эътибор бермабман, дейди Роҳила опа.

Ҳар ҳолда, муҳаммадиевлар Оилавий Меҳрибонлик уйи битирувчилари уй учун расмий навбатда қайд этилган бўлсалар керак, деб умид қилдик.

Демак, шу кунда Бухоро шаҳридаги иккита Меҳрибонлик уйининг 36 нафар (32-Меҳрибонлик уйидан 28, Муҳаммадиевлар Оилавий Меҳрибонлик уйидан 8) киши уйга муҳтож.

Меҳриноз Назарова бояроқ “шу йилнинг ўзида битирувчиларнинг 6 нафарига уй бердилар”, деди.

Агар шу рақамдан келиб чиқадиган бўлсак, (яъни бир йилда 6 кишига уй берилишидан) 36 кишини уй билан учун яна 6 йил керак бўлади.

Лекин муаллима “бу масала барча идораларнинг диққат марказида”, деган гапни ҳам айтдики, бу гап умид пайдо қилди.

Бу умид, албатта, бизга ҳам ортиқчалик қилмайди.

Лекин у биринчи навбатда эшиттиришимиз қаҳрамонлари Муқаддас, унинг уйсиз оиладошлари ва бувиси – Роҳила буви Муҳаммадиевага керак.

Уларнинг умидлари яқин бир-икки йил ичида рўёбга чиқиб қолса ажаб эмас.

Ҳар ҳолда Меҳриноз ишонаяпти-ку!

Ҳа, айтганча, яна бир гап: Роҳила опанинг қизи, муҳаммадиевларнинг оилавий меҳрибонлик уйига шу кунда раҳбарлик қилаётган Раъно опа билан гаплаша олмадик.

Роҳила опанинг айтишича, у шу кунда Тошкентда, тарбияланувчиларидан бирини дўхтирларга кўрсатиш учун кетган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG