Линклар

logo-print

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон тергов изоляторида ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими, 38 ёшли Умид Аҳмедовнинг қийноқ оқибатида ҳалок бўлгани ҳақда хабар қилди.



Францияда жойлашган ташкилот раҳбари Надежда Отаеванинг Озодликка айтишича, Аҳмедовнинг жасади 30 март куни яқинларига кўмиш учун берилган.

- Марҳум жасадида қийноқ белгилари борлигини бошқаларга айтмаслик ҳақида Аҳмедов яқинларидан тил хат ҳам олишган. Ўлим сабаблари борасида тиббий экспертиза ҳам ўтказмасдан мурдани зудликда кўмишни тайинлашган,- дейди Отаева.

Айни пайтда Умид Аҳмедовнинг яқинлари унинг ўлими ҳақида журналистларга маълумот беришни хоҳлашмаяпти.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари ҳам собиқ милиция ходимининг тергов изоляторида қийноқ оқибатида ўлгани ҳақидаги даъволар юзасидан муносабат билдиришмади.



Умид Аҳмедов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг одам савдосига қарши бўлимида ишлаб келган. У шу йилнинг 15 март куни пора олганликда гумонланиб, ҳибсга олингани айтилмоқда.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг ишончли манбаасига таяниб, Аҳмедов тергов жараёнида қийноққа солингани, терговчилар ундан қийноқ йўли билан ҳукуматдаги қайсидир мартабали амалдорга қарши кўрсатма олишга уринишганини айтмоқда.

Надежда Отаева:

- У қаттиқ калтакланган, бўйнининг пастида пичоқ зарбаси изи ҳам бўлган,- дейди Отаева.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар оқибатида ўлиши ҳоллари кўп марта қайд этилган.

2003 йилда ўзбек қамоқхоналарини бориб кўрган БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачиси қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўтган вақт мобайнида вазиятнинг ўзгармагани, балки янада ёмонлашганини айтишади. Суръат Икромов Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари.

- Ҳозирги вазиятда Ўзбекистон ҳукумати хорижлик кузатувчиларга қамоқхона ва тергов изоляторларини кўздан кечириб, махбуслар билан учрашишларига руҳсат бериши керак,- дейди Суръат Икромов.

2003 йилда қийноқларга қарши кураш бўйича миллий дастур қабул қилинган, аммо мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари амалда ҳеч иш қилинмаганини айтишади.

Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Қизил Хоч ташкилотига қамоқхоналарни мониторинг қилишига руҳсат берган, аммо БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачисини мамлакатга киришига изн бермай келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG