Линклар

Тошкентлик талаба уч болани оловдан олиб чиқди


Ёнғин 6 ёшли Холида 3 яшар укасига сут иситиб бераётган маҳал қўлидаги сочиқ оловга тегиб ёниб кетишидан чиққан.

Ёнғин 6 ёшли Холида 3 яшар укасига сут иситиб бераётган маҳал қўлидаги сочиқ оловга тегиб ёниб кетишидан чиққан.

Декабр ойи охирларида 3-6 ёш оралиғида бўлган уч нафар болани ёнғиндан қутқариб қолган Тошкент Давлат педагогика университети талабаси Ройиддин Тариев Озодлик мухбири билан суҳбатда воқеа тафсилотларини гапириб берди.



Янги йил арафасида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Қушбеги даҳасидаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлди.

Ўша куни Тошкент Давлат педагогика университети Жисмоний тарбия факултетининг 1-босқич талабаси, 34 ёшли Ройиддин Тариев ўт кетган хонадон ичида ёш болалар йиғлаётгани овозини эшитгач, ойнани синдириб, ичкарига киради ва 6 ёшли Холида, 5 ёшли Асатилло, 3 ёшли Дурдонани олов исканжасидан олиб чиқади.

- Қарасам, ичкарида ёнғин бўляпти. Ўт кетган уйнинг иккинчи қаватидаги деразадан болалар йиғисини эшитдим. Қўшни ҳовлидаги оғир темир нарвонни қандай кўтарганимни ҳам билмайман, уни олиб келиб, уйнинг 2-қаватига чиқиб, балкон деразалари ойналарини синдириб, ичкарига кирдим. Пастда одамлар, кирма, газ портлаб кетади, ўласан дейишди. Йўқ, мен шу болаларни қутқаришим керак, у ерда учта бола нажот кутяпти, ўлсам ҳам уларни қутқаришим керак, деган ҳаёлда уйга кирдим. Одамни жони ширин эмасми, катталари мени ёнимга югуриб келди, кичкинаси беланчакда қолиб кетган. Уйнинг ичи қуюқ қора тутун, бир метрдан нари кўринмайди. Мен болаларни бир амаллаб ташқарига олиб чиқдим, икки соатда ўтни ўчиришди,- дея эслайди воқеани Ройиддин.

Унинг айтишича, ёнғин ёлғиз қолган болаларнинг каттаси, 6 ёшли Холида 3 яшар укасига сут иситиб бераётган маҳал қўлидаги сочиқ оловга тегиб ёниб кетишидан чиққан.

- Сочиқ билан газдан сут солинган идишни оламан деганда, сочиқни пастки қисми оловга тегиб ёниб кетган. Кейин сочиқ ёниб гиламга тушган,- дейди халоскор талаба.

Ёш болаларни уйда ёлғиз ташлаб кетманг!

Маълум бўлишича, қутқарилган болаларнинг онаси Наргиза Тоштемирова фарзандлари ухлаб ётган вақтда бозорга кетган бўлган. Уйига қайтиб келганида ёнғин содир бўлгани ва болаларини қўшниси Ройиддин Тариев қутқариб қолгани ҳақда хабар топган.

- Болаларнинг отаси командировкада бўлган. Онаси фарзандлари ухлаб ётган вақтда уларни устидан қулфлаб, Бек Барака бозорига кетган. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари билан суҳбат давомида болаларнинг онаси олдин ҳам уларни уйда ёлғиз ташлаб кетар эдим, ўзлари уйда ўтиришар эди, деган гапларни айтган,- дейди Ройиддин Тариев.

Ройиддин Тариев яқинда ўзи ўқиётган Тошкент Давлат педагогика университети ректорати тарафидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Наргиза Тоштемирова фарзандлари халоскорига миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда Тошкент ёнғин хавфсизлиги хизматига йўллаган миннатдорчилик хатида Тоштемирова “Бу мен учун бир умрлик аччиқ сабоқ бўлди”, деб айтган.

Асли Қашқадарёдан бўлган бўлғуси педагог Ройиддин ҳам ота-оналарга фарзандларини уйда ёлғиз ташлаб кетмасликни қаттиқ тавсия қилади.

- Оқибати бундан ҳам фожиали бўлиши мумкин эди. Менимча, бу нафақат наргиза опага, балки бошқа ота-оналарга ҳам аччиқ сабоқ бўлиши керак,- дейди Ройиддин.

Ўтган йил октябр ойида Россиянинг Челябинск вилоятида ўзбекистонлик мухожир ишчи уч болани ёнғиндан қутқарган эди.

Копейск шаҳри маъмурияти ва Челябинск вилояти ёнғинга қарши кураш хизмати собиқ десант Ҳаким Очиловни совға-салом ва фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.

Унга ўт ўчириш хизматида ишлаш ҳам таклиф этилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG