Линклар

Ўзбекистон: Россия авиакомпанияларининг пули конвертация қилинди


Россия авиаширктатлари ўзбек сўмига сотилган чипталар учун тўпланиб қолган пулларини конвертация қила олмаётган эди.

Россия авиаширктатлари ўзбек сўмига сотилган чипталар учун тўпланиб қолган пулларини конвертация қила олмаётган эди.

Ўзбекистонда Россиянинг 13 та авиакомпаниясига тегишли пуллар конвертацияси бўйича қарзлар жорий йил 10 апрел куни тўлиқ тўланди. Анчадан бери давом этиб келаётган конвертация муаммоси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 15 апрел куни Москвага кутилаётган сафари арафасида ҳал бўлгани айтилмоқда.



Ўзбекистондаги 12uz.com ахборот портали Россия авиакомпанияларининг йўловчи ташишдан тушган пуллари конвертацияси билан боғлиқ муаммо 10 апрел куни ҳал этилганини маълум қилди.

Россиянинг “Уралские авиалинии” авиакомпанияси матбуот хизматининг ўзини Алексей деб таништирган ходими Озодлик билан суҳбатда ширкатнинг Ўзбекистонда йўловчи ташишдан тушган пуллари конвертация қилинганини тасдиқлади.

- “Уральские авиалинии” ширкати билан Ўзбекистон ўртасидаги конвертация масаласи ҳал бўлди,- деди ширкат матбуот хизмати ходими.

Ўзини таништиришни хоҳламаган "Россия" авиакомпанияси расмийси ҳам Озодликка ширкатнинг Ўзбекистонда конвертация қилинмаган сўмдаги пуллари хорижий валютага алмаштириб берилганини айтди.

- Ҳа, бизнинг конвертация ўтди. Ўзбекистон томони ҳисобимизда бўлган ҳамма сўмни конвертация қилиб берди,- деди "Россия" авиаширкати ходими.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Россия авиаширкатлари расмийлари қанча пул конвертация қилингани ҳақида маълумот берилмаслигини урғулади.

30 март куни Москвада Россия ва Ўзбекистон делегациялари ўртасида вазир ўринбосарлари даражасида бўлган музокарада қабул қилинган протоколда Ўзбекистон 2013 йил 15 апрелигача Россияга тегишли авиакомпаниялар пулларни конвертация қилиш мажбуриятини олган.

Ҳужжатда агар Ўзбекистон мажбуриятини бажармаса, Россия томони 2013 йил 20 апрелдан бошлаб Ўзбекистон авиаширкатларига тегишли самолётлар парвозини чеклаш ҳуқуқини сақлаб қолиши назарда тутилган.

Гап Россия авиаширкатларининг 2013 йил 1 январгача ўзбек сўмида йиғилиб қолган пуллари ҳақида кетмоқда.

Россия Федерацияси Ҳаво транспорти федерал агентлиги раҳбари маслаҳатчиси Андрей Прянишников ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатда 2012 йилнинг 13 декабрида Иқтисодий масалалар бўйича Россия ва Ўзбекистон давлатлараро комиссияси имзоланган Протоколда рус авиаширкатлари Ўзбекистонда ҳам эркин конвертация қилинадиган валюта, ҳам ўзбек миллий сўмида олди-берди қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганини айтган эди.

Ҳозир Ўзбекистондаги Россия авиаширкатлари йўловчиларга чипталарни фақат хорижий валютада сотмоқда.

Самолёт чиптаси сотиш билан шуғулланадиган агентликлар Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиакомпаниясига тегишли самолётда учадиган ўзбекистонликларга чипталарни сўмда, Ўзбекистон резиденти бўлмаганларга хорижий валютада сотмоқда.

Айни пайтда, Москвадаги музокарада қабул қилинган протоколга мувофиқ Ўзбекистон-Россия ўртасида ҳаво қатновини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги маслаҳатлашув 20-27 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG