Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:31

Баракда одамлар гаровга олингани инкор этилди


Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Ак-Таш" назорат-ўтказиш пункти. (Жорий йил январида олинган сурат)
Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Ак-Таш" назорат-ўтказиш пункти. (Жорий йил январида олинган сурат)

Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудудидаги Барак эксклавига 10 апрел куни инсонпарварлик ёрдами етказган қирғизистонлик ҳайдовчиларни маҳаллий аҳоли вакиллари гаровга олгани тўғрисидаги хабарлар шу куни кечга яқин пайдо бўлган эди.


Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири мазкур хабарларга аниқлик киритар экан, гаровга олишга ҳаракат бўлганини, лекин ҳеч ким гаровга олинмагани тўғрисида баёнот берди.

КирТАГ ахборот агентлигининг 10 апрел кечқурунги хабарида мана бу маълумот бор эди:

“Бугун (Барак) қишлоғи аҳолисига 4 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами етказилди. Қайтишда қишлоқликлар йўлни тўсиб, машиналарни қишлоқдан чиқармай туриб олди. Улар қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Ак-Таш” чегара назорат-ўтказиш пунктини очишни ва Ўш вилояти ҳудудидан ер участкалари ажратиб беришни талаб қилди”.

Қирғизистоннинг Барак эксклави атрофи Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига қарашли ерлар бўлиб, қишлоқ маъмурий жиҳатдан Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарайди.

Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Кубатбек Боронов Барак қишлоғида 10 апрел куни содир бўлган воқеалар юзасидан Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан, қишлоққа инсонпарварлик ёрдами тариқасида 10 тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ун ва ёнилғи етказиб берилганини хабар қилди.

Вазирга кўра, баракликлар ёрдамни етказиб берган давлат мулозимларига норозилик билдирган ва чагара ҳамда сув муаммосини тез орада ҳал қилиб беришни талаб қилган.

“Баъзи фуқаролар ходимларни гаровга олишга ҳам уринган”, деган Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Кубатбек Боронов.
Барак қишлоғи раиси Буркан Аширов 10 апрел кунги воқеани мана бундай тушунтирди:

-Маҳаллий аҳоли йўлнинг ёпиб қўйилганидан жуда норози. Улар гуманитар ёрдам олиб келган ҳокимият мулозимларига “нима учун аҳволимизга лоқайд муносабатда бўласизлар, нима учун масалани ҳал қилиб бермайсизлар”, деб норозиликларини билдиришди. Аҳоли норозилик билдириб турган чоғда ёрдам олиб келган ҳайдовчилар машиналарига ўтириб юра бошлаган чоғида уларнинг йўлини тўсиб, “биз билан бирга бўлиб, турмушимизни, қийинчиликларимизни кўринглар”, деганлар бўлди, деди Барак қишлоғи раиси Буркан Аширов.

Айни пайтда Қирғизистон республикаси ички ишлар вазирлиги Барак қишлоғида ҳайдовчилар гаровга олингани тўғрисидаги хабарларни инкор этди.

Шунингдек, Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи Токон Мамитов ҳам гаровга олиш ҳодисаси бўлганини инкор этди.

Унинг журналистларга айтишича, “Халқнинг ғазабини кўрган ҳоким (Ўш вилояти, Қорасув тумани ҳокими) ва бошқа раҳбарлар аҳоли билан учрашув жойини тарк этган. Улар Ўзбекистон чегараси томонга қайтиб, “Ак-Таш” чегара назорат-ўтказиш пункти орқали Қорасув туманига қайтган. Ҳайдовчилар эса, юкни тушириш учун қишлоқда қолган”, деган Токон Мамитов Фергана.ру сайтига.

Қарийб 1000 нафарга яқин фуқаро яшайдиган Барак қишлоғини Қирғизистон билан боғлайдиган энг яқин йўлдаги “Ак-Таш” чегара назорат-ўтказиш пункти жорий йил 5 – 7 январ кунлари Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх анклавига қарашли Хушёр қишлоғи билан қирғизистонлик чегарачилар ўртасида содир бўлган инцидентдан кейин ёпиб қўйилган эди.

Ўшандан бери Сўхни Ўзбекистон билан боғлайдиган энг яқин йўлдаги чегара пункти ҳам ёпиқлигича қолмоқда.

Бу пунктнинг очилишига Қирғизистоннинг Боткен вилояти аҳолиси қаршилик қилмоқда.

Боткен вилояти аҳолиси вакилларидан иборат ташаббус гуруҳи ҳукумат Сўх анклави атрофидаги “Газпром”, “Апкан” ва “Қайтмас” чегара ўтказиш бекатларини очадиган бўлса, маҳаллий аҳоли йўлларни тўсиб қўйиши ҳақида куни кеча баёнот тарқатди.

Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистоннинг 60 минг киши яшайдиган Сўх анклави жорий йилнинг 5-7 январида содир бўлган чегара мажаросидан сўнг қамал ҳолатида қолган, орадан бир неча ҳафта ўтгач Сўхни Ўзбекистон билан боғловчи узоқ йўлдаги чегара пункти очилган эди.
XS
SM
MD
LG