Линклар

Бош прокурор ўқиган мактаб йўлидаги уйлар бузиляпти

  • Садриддин Ашур

Избоскан тумани ҳокими ва прокурори талабига кўра, Рашид Қодиров ўқиган мактабга элтадиган йўллар ҳам замонавий бўлиши керак.

Избоскан тумани ҳокими ва прокурори талабига кўра, Рашид Қодиров ўқиган мактабга элтадиган йўллар ҳам замонавий бўлиши керак.

Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасидаги 2-умумтаълим мактабига элтувчи йўлнинг икки четидаги аҳоли уйлари ва тадбиркорлик объектлари бузиляпти. Маълум бўлишича, бу мактабда бир пайтлар Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров таҳсил олган. Туман ҳокимининг ваъдасига қарамай уйлари бузилган аҳолига ҳеч қандай товон пули берилмаяпти ва янги уй қуриш учун ер ҳам ажратилмаган.



Избоскан тумани маркази Пойтуқ шаҳрида 40дан зиёд хонадон бузиб ташланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган, исми сир қолишини сўраган избосканлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, уйларнинг бузилиши Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ўқиган мактабнинг реконструкция қилинаётгани билан боғланмоқда:

- Мана бу генералний прокуроримиз Рашид Қодиров Пойтуқда катта бўлган. 2-мактабда ўқиган. Шу мактаб ҳозир реконструкция бўляпти, бунга тўрт миллиард сўмдан ортиқ пул ажратилган. Энди шу мактабга борадиган йўллардаги уйлар бузилиб, одамларга икки қаватлик чиройли уй қурасан деяпти. Дўконлар ҳам бузиляпти. Энди бизларку қуриб оламиз, пулимиз бор. Лекин оддий одамларга қийин бўляпти. На бир тийинлик ёрдам бериляпти, на ер бериляпти,- дейди избосканлик тадбиркор.



Озодлик уйлари бузилган бир неча избосканликлар билан суҳбатлашди. Биз хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмларини ошкор қилмаймиз:

- Етти хоналик уйим бор эди. Буз-буз дейишди, бузиб ташладик. Ҳокимнинг ўзи уч марта мажлис қилиб, бузинглар биз сизларга янги уй қуришда ёрдам берамиз, деб айтган эди. Энди ёрдам ҳам йўқ, бир тийин ҳам бергани йўқ. Бузиб қўйиб энди ошхонада ачиб ўтирибмиз. Жон болам, келинглар, кўринглар, ҳақиқат чиқади. Йиғлаб ўтирибмиз,- дейди 70 ёшли онахонлардан бири.

Пойтуқлик бошқа бир суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг уйи ўрнига янги йўл тушиши айтилган, бироқ ҳокимият бошқа жойдан ер ҳам бермаяпти:

- Менда ҳам бузилишга тушган еттита хона бор. Иккитасини пол патологини бузиб қараб ўтирибман энди. Ҳоким ўзим шахсан ер бераман деган эди. Бироқ ҳали ҳеч нарсадан дарак йўқ. Мендаку озгина пулим бор, бир бало қилиб тиклаб оламан, агар ер берса. Аммо уйида битта қўйга пули етмайдиган хонадонлар жуда кўп. Ўзинг учун ўл етим бўляпти. Ёрдам ҳам, бир сўм товон пули ҳам берилмаяпти,- дейди уйи бузилаётган пойтуқликлардан бири.

Исмини ошкор этмаган пойтуқлик тадбиркорлардан яна бири бош прокурорни деб, бутун бошли маҳалланинг бузилиши яхши эмас, дея нолиди:

- Майли обод бўлсин. Биз ободончилик тарафдоримиз. Лекин ҳозирги замонда уй қуриш осон эмас. Ҳоким ваъда қилдими, бажарсинда энди. Бўлмаса бош прокурорга пахта қўямиз деб, одамларни қақшатмасин,- дейди тадбиркор.

Избоскан туманидаги Одилжон Масаидов номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркинжон Эргашевнинг Озодликка айтишича, ҳозирдан "ваҳима қилишга" ҳожат йўқ:

- Ҳозир ҳоким уйлари бузилган одамларга ер беришга қарор тайёрлаяпти. Ҳокимнинг ўзи хонадонма-хонадон юриб, уй эгалари билан гаплашиб ёрдам қилишга ваъда берган. Иш энди юришяпти, ҳоким албатта ёрдам қилади,- дейди Эркинжон Эргашев.

Избоскан тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дурбек Усмонов таъзияда эканлиги боис, Озодлик билан бу мавзуда гаплашолмаслигини айтди.

Озодлик Избоскан тумани прокуратураси билан боғланиб, уйларнинг бузилиши Рашид Қодиров ўқиган мактабнинг реконструкцияси билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ҳақидаги масалага ойдинлик киритмоқчи бўлди.

Избоскан тумани прокурори Баҳромжон Олимжоновнинг 312-41-11 рақамли иш телефони гўшагини кўтарган ходим ўзини таништирмади ва Озодлик радиосидан қўнғироқ бўлаётганини эшитгандан сўнг қаттиқ ҳақорат қилиб, гўшакни қўйиб қўйди.

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш мақсадида аҳолининг кўплаб уйлари, тадбиркорлик объектлари бузилди. Бироқ, ўзбекистонликлар бузилган уйлар учун товон пули жуда кам тўлангани ёки умуман берилмаганидан шикоят қиладилар.

Жорий йилнинг феврал ойида Урганч шаҳри марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилган, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан норозилик билдирган эдилар.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳрини янги бош планга асосан ободонлаштириш ишларида ҳам ҳаққулободликлар товон пули ололмаганини айтган эдилар.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2011 йил 22 ноябр куни Фарғона вилояти ҳокимиятида ўтказган йиғилишда шаҳар реконструкциясига халал берадиган аҳоли уйларини бузиш ва кўчириш ҳақида тегишли ташкилотларга буйруқ берган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG