Линклар

Концерт ташкил қилиш қаттиқ назорат остига олинди


Энди қўшиқчи ва концерт ташкилотчилари ҳар бир концерт учун алоҳида лицензия олишлари керак бўлади.

Энди қўшиқчи ва концерт ташкилотчилари ҳар бир концерт учун алоҳида лицензия олишлари керак бўлади.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири ўз буйруғи билан бир марталик гастрол-концерт гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган вазирлик матбуот вакили Ҳиндол Мадраҳимовга кўра, низом концерт фаолиятидаги кўзбўямачиликларни олдини олишга қаратилган.

8 апрелдан бошлаб кучга кирган мазкур низомга мувофиқ, концерт ва бошқа томошаларни уюштирмоқчи бўлган ҳуқуқий шахслар бир марталик гастрол-концерт гувоҳномасини олиш учун тадбир ўтказиладиган кундан 30 кун олдин “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига ариза, давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, тадбирнинг тасдиқланган дастури ёки сценарийси ҳамда гувоҳнома олиш учун пул тўланганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси каби қатор ҳужжатларни топширишлари керак бўлади.

Бу низом кучга киргунига қадар концерт ташкил қилувчилар бир йил муддатда хоҳлаган сонда концерт ўтказиш учун лицензия олишган.

Таниқли қўшиқчи Насиба Абдуллаеванинг маъмури Дилором Иброҳимованинг Озодликка айтишича¸ шундоқ ҳам мураккаб бўлган концерт ташкил қилиш жараëни бу низомдан кейин янада чигаллашган:

- Бу оқибатда чипта нархлари қимматлашига олиб келади. Томошабин бундан зарар кўради¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот вакили Ҳиндол Мадраҳимов эса қўшиқчилар бу низомдан чўчимаслиги керак дейди:

- Ҳар бир концерт учун гувоҳнома олиш зоҳиран мураккаб кўрингани билан аслида осон. Боз устига бу электрон тарзда бўлади. Концерт ташкилотчиси интернет воситасида қайддан ўтиб гувоҳнома олиши мумкин¸- дейди мулозим.

Озодлик билан суҳбатлашган вазирлик мулозимининг таъкидлашича¸ низом концерт фаолиятидаги кўзбўямачиликларни олдини олишга қаратилган:

- Масалан, Озодбек куйлайди, Обид Асомов кулдиради, деб эълон беришади¸ залга кирган томошабин эса ҳеч ким танимайдиган қўшиқчига рўпара бўлади. Бунинг олдини олиш учун бир марталик гувоҳнома бериш тизимига ўтдик¸- дейди Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот вакили Ҳиндол Мадраҳимов.

Тошкентда қиммат ва вилоятда арзон гувоҳномалар

Низомда Тошкент шаҳрида ўтказилажак тадбир уюштирувчисидан гувоҳнома учун энг кам ойлик маошнинг 5 баробари миқдорида, вилоятлар марказларида ўтказиладиган тадбир уюштирувчисидан энг кам ойлик маошнинг 3 баробари миқдорида, бошқа аҳоли пунктларида ўтказиладиган тадбир уюштирувчисидан энг кам ойлик маошнинг 1 баробари миқдорида йиғим олиниши кўрсатилган.

Агар Ўзбекистонда энг кам ойлик маош миқдори шу кунда 79 590 сўм экани эътиборга олинса, тадбир уюштирувчилари эндиликда концерт гувоҳномаси олиш учун 79 590 сўмдан 238 770 сўмгача йиғим олиниши келиб чиқади.

Концерт уюштирувчиси “Ўзбекнаво”га топширган бу пулнинг тўлов қоғози ҳамда юқорида зикр этилган яна учта ҳужжат 10 кун мобайнида экспертлик комиссияси томонидан ўрганиб чиқилади. Комиссия хулосасига кўра, эса “Ўзбекнаво” директори гувоҳнома бериш ёки бермаслик тўғрисида буйруқ чиқаради.

Низомда бир марталик концерт гувоҳномаси бериш рад этилган тақдирда ҳужжатлар камчиликларни бартараф қилиш учун уюштирувчи-аризачига юборилиши қайд этилган.

Камчиликлар бартараф қилинганидан кейин экспертлик комиссияси ҳужжатларни 3 кун давомида кўриб чиқиши лозим. Бу камчиликлар экспертлик комиссияси томонидан белгиланган муддатда бартараф қилинса, низомга кўра, аризачидан қўшимча йиғим олинмайди. Агар нуқсонларни бартараф қилиш муддати ўтиб кетса, аризачи яна юқорида зикр этилган суммани тўлайди.

Агар концерт тадбири бир неча кун давомида ўтказилса ёки бир кун мобайнида битта дастур бўйича, аммо турли вақт ва ё турли жойда ўтказилса, уларнинг ҳар бири учун уюштирувчи алоҳида-алоҳида гувоҳнома олади ва бу гувоҳномаларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида пул тўлайди.

Концерт ёки томоша тадбири куни ёки жойи, дастури ёки сценарийси ўзгарса, уюштирувчи “Ўзбекнаво”га аввал берилган гувоҳнома оригинали билан бирга ариза топширади ва 3 кун мобайнида ўзгаришларга мувофиқ гувоҳнома расмийлаштирилади.

Низомда кўрсатилишича, агар уюштирувчи тадбир ўтказиш фикридан воз кечса, унга гувоҳнома учун тўлаган пули қайтариб берилмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG