Линклар

logo-print

Ўзбекистонда электр тақчиллиги тараққиёт белгисими?


Қиш мавсумида ўзбекистонликларнинг аксари расмийлар айтаётган "ривожланиш" меваларидан мосуво яшайди.

Қиш мавсумида ўзбекистонликларнинг аксари расмийлар айтаётган "ривожланиш" меваларидан мосуво яшайди.

Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларни “Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик жамияти мамлакат иқтисодининг “шиддатли” ривожланаётгани билан изоҳламоқда.



Ширкат раҳбари Шерзод Хўжаев “Даракчи” газетаси мухбири билан суҳбатда муаммо илдизи мамлакат иқтисоди ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ўсиб бораётганига бориб тақалишини айтган.

Электр энергияси тақчиллиги Ўзбекистоннинг, айниқса, чекка вилоятларида бир неча йилдан бери анъанага айланган ва ушбу узилишлар совуқ кунлар бошланиши билан кучаяди.

Шу йил қиш ойларида Қашқадарёда маҳаллий фаолар электр тақчиллиги борасида туман ва вилоят расмийларга шикоят билан чиққанларида тазйиқ остига олинган, айримлари 15 кунга қамалган эди.

Қашқадарёлик фаол Нурали Кўлобов қамалиб чиққан қашқадарёлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.

– Электр қуввати бор-йўғи 10-15 дақиқага, айрим ҳолларда эса, мутлақо берилмайди. Ҳозир қаерга арз қилишимизни ҳам билмай қолдик. Ҳокимиятга борсак қамаяпти,- дейди Кўлобов.

Пойтахт Тошкентда ҳам аҳвол жуда яхши эмас. Шаҳар микрорайонларида яшовичлар ҳам кўп марта электр узилишлари ҳақида шикоят қилишган.
“Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик жамияти раҳбари Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда мавжуд энергия манбалари мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талабини қондира олади.

“Ҳақиқатан электр таъминотида маълум муддатдаги узилишларни талаб қиладиган ҳудудлар бор. Бу биринчи навбатда мамлакат иқтисодиёти шиддатли тарзда ўсиб бораётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи сабаб йилдан-йилга аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ошмоқда”,– деб айтган Хўжаев.

Расмий доираларда иқтисодий ўсиш бўлаётгани айтилаётган бўлсада, маҳаллий кузатувчилар аслида Ўзбекистонда яхшигина иқтисодий инқироз жараёни кечаётганини таъкидлашади. Хоразмлик ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов расмийлар бераётган изоҳ "куракда турмайди", дейди.

– Ўзбекистонликлар нафақат электр, балки газ, бензин тақчиллигидан ҳам азият чекишмоқдаку. Мамлакат шу қадар шиддатли ривожланаётган бўлса нега шундай мамлакат ўз халқини энергияга бўлган эхтиёжини қондира олмаяпти,- дейди “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

Аввалроқ Ўзбекистондаги айрим ҳукумат расмийлари мамлакатда юзага келган бензин тақчиллигини автомашиналар сони ошиб кетгани билан изоҳлашган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG