Линклар

Қирғизистонда Фергана.ру сайтига қўйилган тўсиқ олиб ташланди. Бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери қирғизистонлик Интернет муштарийлари учун ёпиқ қолган сайт ҳеч бир изоҳсиз, пайшанба куни Қирғизистондаги аксар провайдерлар томонидан яна очилди. Бироқ Қирғизистон парламенти экстремистик ахборотларни тарқатганлик айби билан Фергана.руга жорий қилган расмий тақиқ бекор қилингани йўқ.

Шу боис агентлик бош муҳаррири Даниил Кисловнинг Озодликка айтишича, ҳозирча хурсанд бўлишга тўлиқ асос ҳам йўқ.

- Бу сайтимизга кириш ҳеч қандай буйруқсиз, ҳеч қандай изоҳсиз очилди дегани. Биз ҳеч қандай расмий мактуб ёки суд қарорини олганимиз йўқ. Мен бир нарсани биламан, суд пайтида Қирғизистон Давлат алоқа агентлиги раҳбари барча провайдерлар Фергана.ру сатйини очишлари мумкинлиги, бунинг учун ҳеч ким жазоланмаслигини айтган эди. Дарвоқе, суд ўйлаб топилган важ билан тўхтатиб қўйилганидан хабарингиз бўлса керак. Шундан кейин провайдерлар расмийлардан бу баёнот изоҳини сўраб мактуб йўллади. Лекин бу мактубга жавоб берилганича йўқ. Айни пайтда, кеча кечқурун Қирғизистондан олинган хабарга кўра, Акнет провайдеридан ташқари барча провайдерлар сайтимизга қўйилган тўсиқни олиб ташлашган, - дейди Кислов.

Хабарларга кўра, Фергана.ру сайтига қўйилган тўсиқни "Қирғизтелеком" давлат агентлиги ҳам олиб ташлаган.

Фергана.ру сайти 2012 йилнинг бошида Қирғизистон парламентининг қарорига кўра мамлакатда "қонундан ташқари", деб эълон қилинган эди. Қирғиз депутатларининг бу қарорига хабар агентлигининг 2010 йил июн ойида рўй берган Ўш воқеаларини ёритгани сабаб бўлган эди.

Қирғизистон парламенти Фергана.ру сайтини 400 дан ортиқ одам, асосан этник ўзбеклар ҳалок бўлган воқеаларни бир томонлама, яъни ўзбеклар тарафини олган ҳолда ҳамда провокацион, миллий адоватни қўзғатувчи тарзда ёритганликда айблаган.

Ўтган йилнинг ноябрида Фергана.ру таҳририяти парламентнинг бу қарори юзасидан Бишкек туманлараро судига мурожаат қилган эди.

Бироқ жорий йил 27 март куни Бишкек суди Қирғизистон Давлат алоқа агентлиги сўровига кўра, мазкур иш бўйича суд жараёнини тўхтатган эди.

Даниил Кислов сайтга қўйилган тақиқни бекор қилувчи расмий қарорнинг йўқлиги иш узил-кесил ҳал бўлмаганини англатади ва “биз муштарийларимиз ва ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишда давом этамиз”, дейди.

- Ҳозирча ҳукуматнинг ҳаракатларини ёки парламентнинг нолегитим қарорини бекор қилувчи суд қарори йўқ. Ёки парламентнинг аввалги қарорини бекор қилувчи қарори йўқ. Шунинг учун биз суд ҳаракатларини давом эттирамиз. Бир йилдан ортқироқ вақтдан бери веб-сайтимиз суд қарорисиз ёпиқ қолди. Қирғизистондаги муштарийларимизнинг ахборот олиш ҳуқуқи ва бизнинг ахборот бериш ҳуқуқимиз бузилди. Адвокатимиз хусусий шахс сифатида ҳам ариза топширган. Яъни судлашишни давом эттириш ниятидамиз, - дейди Даниил Кислов.

Фергана.ру сайти 1998 йили асли фарғоналик Даниил Кислов бошчилигида ташкил қилинган. Агентлик Россия Телерадио ва оммавий коммуникациялар вазирлиги томонидан 2001 йилда рўйхатга олинган. Фергана.ру сайти асосан Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳаётига оид воқеаларни ёритиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG