Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:30

“Ишни пайсалга солган терговчи жаримага тортилди”


Андижонда Ўзбекистон паспортини ноқонуний расмийлаштириш қайд этилди. Тошкентда шифокор бемордан 500 доллар пора олаётганда қўлга тушди. Мутасадди мансабдор заҳарли қўзиқоринлардан огоҳлантирди. Матбуот жорий ҳафта шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Парламент ҳакамлик судларини танқид қилди”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мамлакатда фаолият юритаётган ҳакамлик судлари фаолиятини танқидий баҳолади (“Ўзбекистон овози”, 11 апрел). Назорат таҳлил давомида ҳакамлик судлари ўз ваколатига кирмайдиган ишларни кўриб чиқаётгани ҳам аниқланган.

Асосан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий можароларни кўрадиган ҳакамлар судлари муқобил судлар саналади. Адлия вазирлиги маълумотига қараганда, жорий йил 1 январ ҳолатига мамлакат бўйича 208 та доимий фаолият юритувчи ҳакамлик суди ва 749 нафар ҳакамлик суди судьяси рўйхатга олинган.


“Бозорқўм ва унинг “команда”си судга тортилди”

Тўрткўл савдо мажмуаси раҳбари Алишер Жумабоев, унинг ўринбосари Р. Рейимбоев ва бозорнинг 10 га яқин бошқа ходимлари маблағларни талон-тарож қилиш, мансаб сохтакорлиги ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланган. Бу ҳақда “Куч – адолатда” газетаси хабар беради.

Бозорқўм Жумабоев раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ 206 миллион сўмлик мулкни ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва фирибгарлик йўли билан ўзганинг 964,5 миллион сўмлик мулкини қўлга киритиш, шунингдек, 515 миллион сўмлик солиқ ва мажбурий тўловлардан бўйин товлашда айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон вилояти Қонликўл тумани суди раиси Темирнияз Абиниязовга кўра, бозорқўм ўз укалари Р. ва А.Жумабоевлар, акаси М.Жумабоев, ўғли У.Жумабоев ва бошқа яқинларига тегишли дўконлардан мажбурий тўловларни тўламасдан фаолият юритишига имкон яратиб берган. Бозор раиси ва унинг ходимларига қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.


“Гинеколог бемордан 500 доллар пора талаб қилди”

Тошкент шаҳри Учтепа тумани туғруқ мажмуаси акушер-гинекологи ҳомиладор аёлдан 400 АҚШ доллари пора олаётганда ушланди (“Ҳуқуқ”, 11 апрел). Учтепа туман прокуратураси вакили А. Абдуллаевга кўра, исм ошкор этилмаган акушер-гинеколог ҳомиладор аёлдан операция қилиш эвазига дори-дармон ва шифохона тўловларидан ташқари 500 АҚШ доллари пора талаб қилган. Беморнинг ялиниб ёлворишидан кейин шифокор пора миқдорини 400 долларга туширишга рози бўлган.

Қайд этилишича, бемор бу борада ҳуқуқ идорасига мурожаат қилган ва шифокор сўралган маблағни олаётганида, хонасида ашёвий далил билан ушланган.

“Ишни пайсалга солган терговчи жаримага тортилди”

Йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноий ишни кўришни салкам бир йилга кечиктириб, фуқаро манфаатига зарар келтирган ички ишлар терговчиси жазога тортилди (“Диёнат”, 11 апрел). Автоҳалокатда жабр кўрган фуқаро Баҳриддин Имомов қонуний ҳаққини ундириш учун ички ишлар идорасига етти ой давомида қатнаган. Аммо Норин тумани ички ишлар бўлими катта терговчиси Валижон Абдуллаев турли важлар билан фуқарони сарсон қилган.

Айтилишича, терговчи суд ҳукми билан 2 йилу 6 ой ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва 9 миллион 430 минг сўм жаримага тортилган.

“Она-бола ўнлаб одамларни чув туширди”

Тошкентда Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 10 га яқин Ўзбекистон фуқаросини чув туширган она-бола қўлга олинди (“Истеъмолчи”, 11 апрел).

Асли наманганлик Сабохон Ҳасанова ва унинг ўғли Феруз Ҳасанов 9 кишидан жами 14 440 АҚШ доллари ва 17 миллион 293 минг сўм олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Ушбу жиноий гуруҳ банкдан кредит олиш бериш, ўқишга киритиш ваъдалари билан ҳам фуқаролардан пул ундирган.

Она-бола Ҳасановлар жабрланувчиларни Жанубий Кореядаги автомобил заводига 2800 АҚШ доллари маошлик ишга жойлашга ваъда берган. Она-болага чортоқлик Мўътабар Саидвалиева ёрдам берган. Феруз Ҳасанов ўзини ички ишлар идораси ходими деб таништирган. Маълум бўлишича, жиноий гуруҳнинг аёл аъзоларига амнистия акти қўлланилган. Феруз Ҳасанов эса 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Андижонда Ўзбекистон паспорти ноқонуний расмийлаштирилган”

Қирғизистонда туғилган Зуҳра Ҳамидова Андижон шаҳри ФҲДЁ бўлимидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ноқонуний йўл билан расмийлаштириб, Ўзбекистон фуқароси паспортини олгани учун жазога тортилган. “Ҳуррият” газетаси хабарига кўра, Ҳамидова 25 ёшга тўлиши муносабати янги паспорт олаётганида, унга тегишли Ўзбекистон Республикаси паспорти ноқонуний экани аниқланган.

Қирғизистонлик аёл Андижон вилояти хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан паспортни қандай олгани борасидаги тафсилотлар берилмаган. Маълум қилинишича, Ҳамидова Зангиота тумани Келес шаҳрилик У. Исмановга турмушга чиқиб, Тошкентдаги 161-мактабда ўқитувчилик қилган. Пировардида, Ҳамидовага расмийлаштирилган Ўзбекистон паспорти бекор қилинган, жазо тариқасида энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида (1 миллион 573 минг сўм) жарима белгиланган.

“Ўзбекэнерго” расмийси мунтазам электр узилишларини тан олди”

Республиканинг турли ҳудудларида электр энергияси узилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда (“Даракчи”, 11 апрел).

“Ўзбекэнерго” давлат ширкатининг “Энергосотиш” филиали директори ўринбосари Шерзод Хўжаев мазкур муаммони тан олган. “Ҳақиқатан ҳам, электр таъминотида маълум муддатдаги узилишларни талаб қиладиган ҳудудлар бор. Бу биринчи навбатда мамлакатимизда иқтисодиётни шиддатли тарзда ўсиши билан боғлиқ бўлса, иккинчи сабаб, йилдан йилга аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Биз имконият даражасида электр энергиясига бўлган барча талабларни қоплашга ҳаракат қиляпмиз. Аммо бу борада маълум бир қийинчиликлар туғилаётгани сир эмас” деган электр сотиш билан шуғулланувчи ширкати расмийси.

“1,1 миллиард сўмлик ўйинчоқлар мусодара қилинди”

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманилик тадбиркор У. Кенгашевга қарашли дўкондан Туркия ва Хитойдан келтирилган, аммо божхона ҳужжатисиз 50 миллион сўмлик ўйинчоқлар олиб қўйилган. Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг “Адолат” газетасига маълум қилишича, тадбиркор А.Юнусалиев номига юборилган юклар текширилганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган 400 миллион сўмлик ўйинчоқ борлиги аниқланган.

Шунингдек, тадбиркорнинг дўконидан ҳам ноқонуний йўл билан келтирилган ўйинчоқлар топилган. Айтилишича, 2012 йил ва жорий йилнинг ўтган муддатида ҳуқуқ идоралари томонидан 155 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, 1,1 миллиард сўмлик 910 минг дона ўйинчоқнинг ноқонуний олиб келинишига чек қўйилган.

“Мутасадди мансабдор заҳарли қўзиқориндан огоҳлантирди”

Баҳорнинг ёғингарчилик кунларида қир-адир ва дарахтзорларда ўсадиган қўзиқоринлардан заҳарланиш хавфи ортмоқда (“XXI аср”, 11 апрел).

Давлат санитария-эпидемиология маркази бўлим мудири Омон Бойқулов қўзиқоринларни тановул қилишдан олдин қайнатишни тавсия қилган. “Катта йўл ёқалари ёки заҳарли ва кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг ён-атрофида ўсган замбуруғларни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Замбуруғдан заҳарланиш асосан асаб тизими фаолиятидаги ўзгаришлар билан характерланади. Беморда сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши кузатилиб, томир уриши секинлашади. Алаҳсираш, яъни галлюцинация ҳолати содир бўлади” дея огоҳлантирган санитария-эпидемиология идораси вакили.
XS
SM
MD
LG