Линклар

Тошкентни силкитган "Harlem Shake"


Ўзбек расмийлари "Harlem Shake" рақсини “хориждаги баъзи манфаатдор доиралар тарафидан ўзбек ёшларини чалғитиш учун яратилган аксилмаънавий технология” деб атамоқда.

Ўзбек расмийлари "Harlem Shake" рақсини “хориждаги баъзи манфаатдор доиралар тарафидан ўзбек ёшларини чалғитиш учун яратилган аксилмаънавий технология” деб атамоқда.

Сўнгги икки ой ичида ўзбек ëшларининг севимли рақсига айланиб улгурган Harlem Shake Ўзбекистон матбуотида қораланди.



Интернетдаги Зиë.уз нашрида “Harlem Shake: бемаънилик илдизи қаерда?” деган мақолада бу рақс жамиятдаги барқарорликни издан чиқариб ëшларни исëнга чорловчи иллат сифатида таснифланди.

Мақолада ўзбек зиëлиларининг вакили сифатида тақдим қилинган собиқ маданият вазири Турсунали Қўзиев ҳамда¸ Тошкет Ислом институти “Таҳфиз ул-Қуръон” кафедраси мудири, Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқуловнинг фикрлари келтирилади.

Собиқ маданият вазири Турсунали Қўзиев бу мақолада "Harlem Shake" рақсини “хориждаги баъзи манфаатдор доиралар тарафидан ҳали оқ-қоранинг фарқини англаб улгурмаган ўзбек ёшларини чалғитиш учун яратилган аксилмаънавий технология” деб атайди.

Тошкет Ислом институтининг кафедра мудири Жалолиддин Ҳамроқулов эса "Harlem Shake" рақсини танқид қилиш баробарида ғарб либерализм қадриятларини ëмон отлиқ қилишга уринади.



“Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ - хайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назарда тутилса, "оммавий маданият" тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас”¸ деб мақола давомида таъкидлаган Жалолиддин Ҳамроқулов глобал ахборот тармоқлари зарурми, дея савол қўяди.

“Кириб келаётган ахборот оқими халқимиз учун фойдалими? Глобаллашув жараёнида турли ахборотлар маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган таҳдидни қандай қилиб бартараф этиш мумкин. Умуман олганда оммавий маданиятни маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ахлоқий бузуқлик, зўравонликнинг салбий оқибатларини тўла англаяпмизми?", дейилади мақолада.

Бу риторик саволдан кейин Жалолиддин Ҳамроқулов барчани “Жамиятнинг маънавий юксалишига раҳна солаётган бундай таҳдидларга қарши кураш”га чорлайди.

“Harlem Shake” Ўзбекистонни ишғол қилди

23 яшар тошкентлик дижей Дмитрий мана бир ойдирки шаҳардаги ресторанларда "Harlem Shake" оқшомларини ташкил қилиб келади.

Озодлик билан суҳбатда Дмитрий шаҳардаги аксар ëшлар бу рақсни жони дилидан севиб қолганини айтади.

Дмитрийга кўра, атиги бир ой олдин “Gangnam Style” рақсига тушган ўзбек ëшлари бугун "Harlem Shake" оҳангларида жавлон урмоқда.

Интернетда “Harlem Shake”ка тақлидан ўзбекистонлик ёшлар томонидан суратга олинган 50 дан ортиқ ролик тарқалган. "Harlem Shake" номи билан mover.uz да 220 дан ортиқ, mytube.uz да 50 та роликни кўришимиз мумкин.

Ўзнетдаги энг машҳур ролик “Тошкентча Harlem Shake” ҳамда Корзинка супермаркетида тасвирга олинган ролик бўлиб, mover.uz да икки роликни 30000 дан ортиқ, mytube.uz да 4000 дан ортиқ киши томоша қилган. Биргина mover.uz даги “Harlem Shake” билан боғлиқ роликларни 250 000 киши кўрганлиги қайд этилган.

Бу “ўзбекона Harlem Shake”лар ўспиринлар, асосан, мактаб ва коллеж ўқувчилари, университет талабалари томонидан суратга олинган ва тармоққа жойлаштирилган.

Роликларда акс этган рақс мактаб синфхоналарида ўқувчилар томонидан ижро этилмоқда.

"Harlem Shake" рақси табиатан муҳофазакор бўлган Тошкентдаги анъанавий ўзбек оилалари ичида ҳам урф бўлаëтгани кузатилади.

Mytube.uz тармоғига жойлашитирилган тасвирда оддий тошкентлик оила хонадони акс этган. Хонадон аҳли турғун бир вазиятда. Бу турғунликни "Harlem Shake" рақсига тушган оиланинг кенжаси бузади. Жажжи болакай рақси бутун оилага юқади. Оиланинг табиатан оғир-босиқ катта ëшдаги аъзолари "Harlem Shake" оҳангларида ирғишлашади.

Хинди фақирининг сурнайи кўлвор илонни қандай ўйнатган бўлса¸ "Harlem Shake" оҳанглари ҳам ўзбек ëшларини айни тарзда рақсга чорламоқда.

"Harlem Shake-Сергели"¸ "Harlem Shake-Бухоро"¸ "Harlem Shake-Самарқанд" каби ўнлаб клиплар бу рақснинг қисқа муддатда бутун Ўзбекистоннни қамраганидан далолат беради.

“Harlem Shake” ҳақида мухтасар

Булутли ҳавода бекорчиликдан нима қилишни билмаган австралиялик 5 нафар ўспирин Harlem Shake рақсини ижро этишади ва 2013 йилнинг 2 феврал куни бу роликни Youtube га жойлаб қўйишади.

Қисқа вақт ичида ушбу ролик жаҳон бўйлаб тарқалиб, Интернет фойдаланувчиларини “банги” қилади, унинг турли муқаллидлари юзага келади.

Дунё бўйлаб, “Harlem Shake”нинг “оригинал” вариантини 40 000 000 киши, унинг пародияларини 500 000 000 дан ортиқ киши томоша қилган.

“Harlem Shake” мухлислари дунёнинг турли жойларида турли флешмоблар ташкил этиб ушбу рақсга ўйнаб, турли роликларни суратга олмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG