Линклар

Ўтган сешанба куни Интернетда пайдо бўлган видео Рунетда энг кўп кўрилган роликка айланди: бир неча кун ичида уни фақат Youtube-да ярим миллион одам кўрди. Видеода ўз ҳуқуқларини маҳаллий почта ходимларидан ҳимоя қилишга уринган асли ўзбекистонлик Алишер Халилов супурги билан қувилгани тасвирланган.



Видео асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россия фуқароси бўлган Алишер Халилов томонидан олинган. Подмосковьенинг Малаховка шаҳарчасида жойлашган кўримсизгина почта бўлимида олинган бу видеода ўз ҳақини талаб қилиб кўрган Алишер почта ходимлари тарафидан супурги билан ҳайдаб солинади.

Интернетда супурги кўтарган таниқли эртак қахрамонига қиёсланаётган аёл шу почта бўлими бошлиғи Татьяна Орловадир.

“Почтага биринчи маротаба кирганимда менга улар негадир ҳужжатларнинг рангли ксеронусхаси ва барча ҳужжатларнинг аслини кўрсатишни талаб қилишди: иккинчи маротаба мен видеоаппаратни олиб кирдим”, деб эслайди ҳодиса тафсилотларини Озодлик билан суҳбатда асли қашқадарёлик Алишер Халилов.

- Мен Ўзбекистондан келган бир студентни ўзимнинг уйимга регистрация қилгани кирувдим почтага. Кейин нима бўлганини видеода кўргандирсиз. Тўғри тушунишимча, ўша почтадаги испекторнинг вазифаси билдиришномани конвертга солиб жўнатиш. Бу пуллик хизмат! Менга рад жавобини берган ёш оператор ҳаммасини текшириб, ФМС инспектори каби саволларни бера бошлади. Мен уни шунчаки жўнатишни сўрасам, “Сен кимсан ўзинг? Мени кўр деб ўйлаяпсанми?”, дея бақириб кетди. Мен гапимиз келишмаслигини тушуниб ҳужжатлар оригиналини олиб кетишга камерани кўтариб кирдим, холос,- дейди Алишер.



Бироқ, унинг ўз ҳақини талаб қилгани почта ходимасига ёқмаган кўринади: “Мени камерага олишга ҳаққинг йўқ! Камерани йўқот! Бўлмаса мен сендан ҳужжатларингни қабул қилишдан бош тортаман”, дея бақиришни давом этади почтальон.


Youtube порталига қўйилган бу видеони бир неча кун ичида ярим миллион одам кўрди.


Ниҳоят, жазаваси тутган аёл енгини шимариб Алишерга ташланди.

- Мен сенга камерани йўқот дедим, дебил! Йўқол бу ердан! Қорангни кўрмай бошқа. Камерани бу ёққа бер нега қочасан, эркакмисан, дея бой рус тилидан таржима қилиб бўлмайдиган сўзларни ишлатди почта ходималари бир овозда.

Почта раҳбари Орлова хоним эса Алишерни “шпиён” экани ва полицияга топширишини билдирди.

Буни видеога олаётган қурувчи Алишер Халилов давлат идорасида ўзига бўлган бундай муносабатдан лол қолганидан ҳатто рус тилида хато гапира бошлаганини айтади.

- Факт шуки, ўша ерда мен биров оёғини артиб, тупуриб кетгандек ҳис қилдим ўзимни! Бу қанақаси?! Ҳар ким сенга оёғини артиб кетаверар эканда... Мен Россия фуқароси, ҳамма қатори солиқ тўловчи бўлсам, қонунларни бузмасам... Қизиғи, улар полиция чақиртирган эди – келмади! Мен полицияга ўзим бориб видеони кўрсатсам, улар обдон кулиб “Нега уни бошига солмадинг?”, дейишди. Бу полиция ходимларининг гапи! Хуллас, у ерда ҳам ҳанузгача калавани чўзишяпти, билмадим, фақат судда ҳал бўлса керак энди,- дейди "бечора" почта ишчиларини “провокация” қилганликда айблаётганлар ҳам йўқ эмаслигини гапирган Алишер.

Почтадан қувилган қаршилик бу йигит Озодлик билан суҳбатда бу нохуш вазиятга тушганидан катта хулоса чиқаргани, ҳар қайси вазиятда инсон ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиши керак, дейди.

- Менга яна биров шундай қўполлик қиладиган бўлса, мен камера орқали ё бошқачасига ўз ҳақлигимни исботлашим керак экан. Тасаввур қилинг, менинг фамилиям ва шу афти-ангорим билан полиция ўша ерга келганидаю бу видеоролик йўқ бўлганда эди... Почтадагилар мени нима балоларда айблашмасди, дейсиз! Нима бўлганда ҳам мен хурсандманки, Россияда ақлли ва оқни қорадан ажрата оладиган зиёли одамлар жуда кўп,- деди Россиянинг қатор телеканаллари ва Интернет ёрдамида аллақачон “машҳур” бўлишга улгурган Алишер.

Алишер бу ҳодиса ўтган йилнинг 20 апрелида тасвирга тушурилгани, бироқ видео Youtube-да “осилиб” қолгани боис яқин кунларда тармоққа чиқарилганини билдирди.

Алишер Москвага 10 йил олдин келгани, ўз севгилисини шу ерда топгани ва ҳозирда 3 нафар фарзанд отаси эканини гапирар экан, бундай вазиятга тушмаслик учун нима қилиш керак, деган саволга: - Бунақа вазиятга тушмаслик учун почтага кирмаслик керак, бошқа вариант йўқ!- дея киноя қилди.

Суҳбатимиз сўнгида ҳақиқат изловчи Алишер Халилов куни кеча видео Россиянинг деярли барча марказий телеканаллари ва йирик Интернет нашрлари орқали намойиш қилинганидан кейин, супурги кўтарган почта хизмати ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари учун Люберци туман почта бошқармасидан оғзаки кечирим сўрашгани, уни ҳақорат қилган оператор аёл аллақачон почтада ишламаслигини маълум қилишганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG