Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:50

ЎИҲ Афғонистон шимолида фаоллашмоқда


”Ўн йиллар аввал оталари ва акалари Толибон режимига қарши фаол курашган таҳорликларнинг ҳозирги авлоди Толибон ва ЎИҲ сафларига қўшилмоқда”
”Ўн йиллар аввал оталари ва акалари Толибон режимига қарши фаол курашган таҳорликларнинг ҳозирги авлоди Толибон ва ЎИҲ сафларига қўшилмоқда”

Афғонистон шимоли-шарқидаги аксар аҳолиси ўзбеклардан иборат Таҳор вилоятида Ал-Қойдага алоқадор Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллашгани айтилмоқда.



Афғон махсус кучлари генерали Баба Жан Ал Жазира телеканали мухбири билан суҳбатда “ЎИҲ сўнгги уч йил ичида шимолда анча кучайди”, - дея таъкидлади.

2000-йиллар бошида Толибоннинг шимолда шариат қонунларини ўрнатиш уринишларига фаол қаршилик қилиб келган ва минтақада Толибон режими ағдарилишини хурсандчилик билан қаршилаган Таҳор аҳлининг бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига муносабати яхшиланаётгани айтилади.

”Ўн йиллар аввал оталари ва акалари Толибон режимига қарши фаол курашган таҳорликларнинг ҳозирги авлоди Толибон ва ЎИҲ сафларига қўшилмоқда”, деди ўз исмини айтмаган афғон расмийларидан бири Ал Жазира телеканалига.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида ҳозир қанча аъзо борлиги маълум эмас. Аввалроқ, ҳаракат ўз ичида кичик гуруҳларга бўлиниб кетгани, кўпчилиги шимолдаги Таҳор ва Қундуз вилоятларига жойлашгани хабар қилинганди.

Покистондаги айрим таҳлилчилар эса сўнгги йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони янада ортаётганини айтишади.

Уларга кўра, ҳаракат Покистон ва Афғонистондан туриб, Марказий Осиё давлатларидан янги аъзоларни ёллашга ҳам уринмоқда.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Айни пайтда афғон ҳарбий қўмондонлиги мазкур минтақада ЎИҲ жанггариларига қарши амалиётларни кучайтирганликларини айтишмоқда. Афғонистон шимолидаги 209-ҳарбий корпус қўмондони генерал Залмай Васонинг Ал Жазирага айтишича, сўнгги уч ой ичида ЎИҲга қарши амалиётлар кўлами икки баравар ортган.

"Шимолдаги ҳарбий амалиётларимизда асосий нишон ЎИҲ жанггариларидир. Ҳозир улар мамлакат шимоли-шарқи бўйлаб ёйилган. Улар маҳаллий одамларни ҳудкушлик ва бошқа тур террор амалларига ўргатишмоқда. Ҳудди хавфли вирус каби кўпаймоқда", деди афғон генерали Ал Жазира телеканалига.

Таҳлилчиларга кўра, Афғонистоннинг Таҳор, Қундуз каби шимолий минтақаларида авж олган қашшоқлик ва одамларнинг билим олиш имконларининг заифлиги уларни террорчи гуруҳларга моиллигини оширмоқда.

Таҳор вилоятининг 2009 йилга оид иқтисодий кўрсаткичлари жуда заиф. Аҳоли орасида саводсизлик кучайган, қашшоқлик ҳам сўнгги йилларда авжига чиққан.
Маҳаллий ҳокимият органларига сайланиш ва билим олиш имконларидан мосуво қолган таҳорлик ўзбекларнинг покистонликлар мадрасаларда бепул таклиф этаётган билимни олишдан бошқа чораси қолмаган.

Сўнгги ойларда эса ЎИҲ Таҳор ва Қундуз вилоятларида “2014 йилда хорижий кучлар кетганидан кейин ҳукуматни ўз қўлимизга оламиз”, деган мужда ёзилган варақаларни тарқата бошлаган.

Таҳор вилоятининг кўп ҳудудлари тоғли минтақалардан иборатдир. Вилоятнинг Хўжағор, Янги Қалъа ва Дарқат каби туманлари Тожикистон билан чегарадош.

Ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шу ҳудудлар орқали Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон каби Марказий Осиё мамлакатларига йўл топишга уринганликлари маълум.

2014 йилда Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқарилиши арафасида Ал-Қойда билан яқин алоқада эканлиги ишонилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг мамлакат шимолида қайта фаоллашаётгани Марказий Осиё ҳукуматларини ташвишлантириши тайин.

Британиядаги Jane’s таҳлил маркази ушбу ҳафта чиқарган ҳисоботида НАТО етакчилигидани халқаро кучлар 2014 йилда Афғонистонни тарк этганларидан сўнг Марказий Осиёда хавфсизлик вазияти билан боғлиқ хавотирлар янада кучайишини башорат қилади.

Гуруҳ таҳлилчиларига кўра, хавфсизлик кучлари заиф ва етарли тайёргарликдан ўтмаган Марказий Осиё давлатлари яқин йилларда жиддий таҳдидлар билан юзма-юз келишлари хавфи бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон шимолида ҳали Толиблар давридаёқ фаол бўлган.

Асосан ўзбекистонликлар, шунингдек Марказий Осиё, Кавказ ва собиқ совет давлатларининг бошқа мусулмон мамлакатлари жанггариларидан ташкил топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йил кузида Америка ва халқаро кучларнинг ҳужумларидан кейин Афғонистон билан чегарадош Покистоннинг қавмлар назоратидаги минтақаларда макон топишганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг етакчиси Тоҳир Йўлдош Покистон шимоли-ғарбида 2009 йил августида ҳалок бўлган. Тоҳир Йўлдошдан кейин ҳаракатга амир этиб тайинланган унинг куёви Усмон Одилнинг ҳам 2012 йилда ҳалок бўлгани ва Усмон Ғозий ҳаракат раҳбари бўлгани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG