Линклар

Ўзбекистон Бош прокуратурасига мамлакатдаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш тест имтиҳонларига оид шикоятлар келиши кўпайди. Прокуратура вакили маълумотига кўра, текширувдан сўнг бир неча абитуриент ўқишга қайта тикланган. Бироқ, абитуриентларни имтиҳонларга тайёрлайдиган репетиторларга кўра, нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга киролмаган абитуриентларнинг шикоятлари бош прокуратура текширувидан четда қолган.



Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими Аҳрор Арзиевнинг 12.uz нашрига берган маълумотига кўра, бош прокуратура ўтган йилги тест синовларида юз берган бир қанча қоидабузарликларни аниқлаган:

“Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшайдиган М. Кабированинг ўғли 2012 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг фарғона филиалига тест имтиҳонлари топширган. Текширув жараёнида унинг тест синовлари натижаси 100 балга камайтириб кўрсатилгани аниқланди. Тест натижалари текширувдан ўтказилганидан сўнг, абитуриент тўплаган баллар қайта саналди ва у олий ўқув юртига грант асосида қабул қилинди”, дея билдирди Аҳрор Арзиев.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимига кўра, абитуриентлардан тушган шу каби бошқа шикоятлар ҳам текшириб чиқилган ва Г. Абдуллаева Тошкент Тиббиёт академиясига грант асосида, Ш. Муртазоева эса Тошкент давлат педагогика университетига шартнома асосида қабул қилинган.

Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси билан боғланиб, бу ҳақда кенгроқ маълумот олишга ҳаракат қилди. Бироқ бош прокуратура мулозими фақат расмий мактуб орқали саволларга жавоб беришини билдирди.

Ўзбекистон Давлат тест маркази раисининг ўринбосари Тўлқин Имомов ҳам Озодлик саволларига телефон орқали жавоб беришдан бош тортди.

Ўзбекистонда тест имтиҳонлари ҳар йили жамоатчилик орасида катта баҳсларга сабаб бўлади.

Абитурентларни тест синовларига тайёрлаш билан шуғулланадиган ўзини Жамшид деб таништирган ўқитувчининг айтишича, нуфузли олий ўқув юртларига кира олмаганлардан тушган шикоятлар одатда кўриб чиқилмайди:

- Менинг бир шогирдим ҳам юридикдан қайтган эди. Аппеляция қилди, тўғри деб жавоб беришди. Прокуратурага ёзди, қайта текшириш учун яна тест марказига юборишди. Хуллас, ҳеч нарса бўлмади. Бу шикоятларни кўриб чиқиш олий ўқув юртининг нуфузига боғлиқ. Оддий ёки вилоятлардаги олий ўқув юртларида балки ҳақ талашиш мумкиндир.

Лекин мен олган ишончли маълумотларга кўра, милиция академияси, юридик институтлар ёки дипломатия университети каби “биринчи эшелон” олий ўқув юртларида ҳақ талашиш бефойда. Чунки, бир йил олдин бу олий ўқув юртларида рўйхатлар тузилиб, кимлар ўқишга кириши аниқ бўлади. Имтиҳон жараёнининг ўзи шунчаки бир саҳналаштирилган театр бўлади,- дейди Жамшид.

Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотларига кўра, ўтган йил мамлакатдаги 70 дан ортиқ университет, институт ва уларнинг филиалларига кириш мақсадида ҳужжат топширган ёшларнинг сони 432 мингдан ортиқ бўлган.

Улардан 56 607 нафари (19 340 – давлат гранти, 37 267 – шартнома) талабаликка қабул қилинган.

Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири эканлиги айтилади. Совет давридан мерос қолган "пул билан ўқишга кириш" муаммоси ҳали ҳам мамлакатда кенг тарқалган.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга киришнинг пораси ўқув юрти нуфузига қараб 5 мингдан 40 минг АҚШ долларигача эканлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG