Линклар

Франциядаги "Ўтюраклар клуби" икки ой аввал Қирғизистонда бедарак йўқолган ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусиннинг Андижон қамоқхонасида экани ҳақда хабар қилмоқда. Ўзбекистон фуқароси Мусин ва унинг оила аъзолари БМТ Қочқинлар агентлиги ҳужжатига эга бўлган.

Ўзбекистонлик қочқин Шуҳрат Мусин 2013 йилнинг 18 февралида бедарак йўқолган эди. У йўқолишидан бир неча соат олдин турмуш ўртоғи Барно Гайбердиева билан телефон орқали суҳбатлашган ва уйга кечроқ қайтишини, унга телефон орқали кимдир сим қоққани ва ҳозир ўша одам билан учрашгани кетаётганини айтган.

Шундан сўнг у бедарак кетган. Барно Гайбердиева 19 феврал куни Бишкек шаҳар Свердловск туман судига эрининг йўқолгани ҳақида ариза ёзган. Свердловск туман милициясидан олинган хабарга кўра, айни пайтда Шухрат Мусинни қидириш ишлари давом этмоқда. Унинг Қирғизистон ташқарисига чиқиб кетгани ёки олиб чиқиб кетилгани тўғрисида асосли маълумотлар йўқ.

Бироқ Франциядаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева Шуҳрат Мусин Бишкекдан ўғирлаб кетилгани ва айни пайтда Андижон шаҳар қамоқхонасида сақланаётгани ҳақида ишончли маълумотлар бор эканини айтди.

-Биз “Жараён” веб сайти мухбирлари билан Шуҳрат Мусинни икки ой мобайнида қидирдик. Аммо изланишларимиз ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Бугунги кунда Шуҳрат Мусинга яқин қариндош бўлган манбадан олган хабаримизга кўра, у ҳозир Андижондаги тергов изоляторида сақланмоқда. Биз буни тўла ишонч билан айта оламиз, яъни бу маълумотни ўта ишончли манбадан олганмиз.

Озодлик: Бу ишончли манба Ўзбекистон ичкарисидаги манбами?

-Ҳа, айнан мана шундай,-деди Мўътабар Тожибоева.

Суҳбатдошимизнинг фикрича Шуҳрат Мусининг Андижон қамоқхонасидан топилишининг иккита сабаби бўлиши мумкин:

-Биринчи сабаби, Қирғизистон ҳукумати қочқинлик мақомига эга бўлган Шуҳрат Мусинни яширн тарзда Ўзбекистонга бериб юборган. Иккинчи сабаби эса Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон махсус хизмати вакилларини бемалол ҳаракатланиш ва одам ўғирлаш жиноятини содир этишларига имконият яратиб берган, -деди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаолининг бу иддаоларига шанба- дам олиш куни муносабати билан Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан муносабат олишнинг имконияти бўлмади. Бироқ Бишкек шаҳар Свердловск туман милицияси аввалроқ Шуҳрат Мусин кучайтирилган тарзда қидирилаётганини, бу ишга шаҳар милиция бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигидаги тажрибали изқуварлар жалб қилинганини билдирган эди.

Аммо бундай баёнотларга қарамай, Шуҳрат Мусин тақдири юзасидан мустақил изланиш олиб борган ҳуқуқ фаоли Фарходхон Мухторов унинг ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таҳминларни илгари сурган.

- Ўзбекистон СНБси томонидан ўғирлаб кетилган, деган тахмин ҳам бор. Чунки Шуҳратнинг изи Қирғизистонда на милиция, на прокуратура ва на СНБдан топилди, - деган эди Фарҳодхон Мухторов феврал ойи оҳирларида Озодлик мухбирига берган суҳбати чоғида.

Шуҳрат Мусиннинг турмуш ўртоғи Барно Гайбердиева эса эри мунтазам тарзда Қирғизистон махсус хизматлари таъқиби остида бўлганини айтди.
- У кишини ҳар доим Қирғизистон СНБсидаги одамлар назорат қилиб турар эди. Масалан, 2011 йилнинг декабрида ҳам СНБчилар тушликдан то 19.10 ларгача ушлаб туришган. 30 минг сўм пул бериб чиққанмиз. СНБчилар пул талаб қилишган эди-да, - деди Барно Гайбердиева.

29 ёшли Шуҳрат Мусин Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида яшаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, у 2005 йилда Андижон воқеаларида иштирок этгани учун таъқиб қилинган ва 2007 йилда Қирғизистонга келиб, бошпана сўраган. Унинг аризаси 2009 йилда кўриб чиқилган ва Шуҳрат Мусинга бошпана изловчи шахс мақоми берилган.

Ўзбекистон томони Шуҳрат Мусинни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида айблаб, халқаро қидирувга берган. 2010 йилда Шуҳрат Мусин Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган ва 5 ой Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланган.

2011 йил февралида БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонаси ҳамда қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аралашуви билан Шуҳрат Мусин қўйиб юборилган.

Шуҳрат Мусиннинг ота-онаси ҳам қочқин мақомига эга ва улар ҳозир ғарб давлатларидан бирида яшамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG