Линклар

logo-print

Венесуэлаликлар янги президент сайламоқда


Венесуэла президенти вазифасини вақтинча бажараётган Николас Мадуро сайловолди кампаниясида сўзламоқда.

Венесуэла президенти вазифасини вақтинча бажараётган Николас Мадуро сайловолди кампаниясида сўзламоқда.

Венесуэлаликлар март ойида саратон касаллигидан вафот этган Уго Чавес ўрнига янги президент сайламоқда. Давлат раҳбари лавозимига Чавесдан кейин президент вазифасини вақтинча бажараётган Николас Мадуро ва Энрике Каприлес даъвогарлик қилаяпти. Сайлов ғолиби дунёдаги энг йирик нефт конларидан бири ва Лотин Америкасидаги сўлчи ҳукуматларга кўрсатилаётган ёрдамни назорат қилади.


Венесуэладаги президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қарийб 19 миллион фуқаро рўйхатга олинган.

Сайловчилар мамлакат бўйлаб ташкил этилган 14 минг сайлов участкасида ўзлари хоҳлаган номзод учун электрон тарзда овоз беради.

Ўтган йил октябрида ўтказилган президентлик сайловда 55 фоиз овоз олган Уго Чавес сиёсий рақиби Энрике Каприлесни мағлубиятга учратиб, олти йиллик муддатга қайта президент этиб сайланган эди.

Бироқ саратон касаллиги билан икки йил курашган Чавес шу йилнинг 5 март куни пойтахт Каракас касалхонасида вафот этди.

Уго Чавес Венесуэлани 14 йил давомида бошқарди. Унинг охирги сайловолди кампанияси икки ҳафтадан кам вақт давом этган эди.

50 ёшдаги Николас Мадуро Уго Чавес ҳукуматида Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Мадуро сайловчиларга, Чавес “ХХI аср социализми” деб атаган, камбағал венесуэлаликларга ёрдамни кўпайтириш ва иқтисодиётни давлат назоратига олишни ваъда қилган.

Шанба куни Каракасда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Николас Мадуро халқ сайловда қандай қарор қабул қилса, шуни қабул қилишини таъкидлади.

- Халқ қарор қабул қиладиган вақт келди. Халқ қарори - муқаддас. Халқ қабул қилган қарорни ҳурмат қиламиз ва уни ҳимоя қиламиз, дея баёнот берди Мадуро.

Венесуэладаги энг кўп аҳолига эга бўлган Миранда вилояти ҳокими вазифасида ишлаган 40 ёшли Энрике Каприлес эса сайловчиларга икки гуруҳга бўлиниб қолган венесуэлаликларни бирлаштириш ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб боришни ваъда қилган.

14 апрел кунги сайлов арафасида ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Энрике Каприлес сайловчилар қабул қиладиган қарор ўзи учун муқаддас эканини айтди.

- Биз эртага ҳакамлар ўз вазифаларини тўлиқ бажаришига умид қиламиз. Миллий Сайлов Кенгаши ўз вазифасини бажаради. Миллий Сайлов Кенгаши сиёсий партия бўла олмайди. Эртага Кенгаш ҳакамлик қилиши керак. Биз Кенгаш аъзоларини ўз вазифаларини тўлиқ адо этишларига чақирамиз.

Эртага мамлакат ўз хоҳиш-иродасини эркин изҳор этишни истайди. Сайлов натижаларига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги учун ҳакамлар бетараф бўлишлари шарт. Бу жуда муҳим. Халқ эртага қабул қиладиган ҳар қандай қарор мен учун муқаддасдир, деди Энрике Каприлес.

Сўнгги сўров натижаларига кўра, Каприлес ўртадаги фарқни кичрайтиришга муваффақ бўлган.

Венесуэладаги президентлик сайлови ғолиби 19 апрел куни қасамёдга келтирилиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG