Линклар

14 апрел куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россия Президенти Владимир Путин таклифи билан Москвага келди. Тошкент КХШТга қайтадими? Россия меҳнат муҳожирларига чегарани ёпадими? Россия гидроэнергетика масаласида кимнинг тарафини олади? Икки давлат раҳбари учрашуви давомида шу ва бошқа қатор йиғилиб қолган саволларга жавоб олиниши кутилмоқда.

Россия президенти матбуот марказининг билдиришича, 15 апрел куни Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасида бўлиб ўтадиган расмий учрашув давомида 2012 йилнинг 4 июнида Тошкентда Россия давлат раҳбари сафари чоғида имзоланган Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Декларация доирасида имзоланган масалалар муҳокама этилади.

Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокамасидан ташқари, минтақа ва халқаро миқёсдаги долзарб муаммолар бўйича фикр алмашишлари кутилмоқда.

Шунингдек, сафар якунида 2013-2017 йиллар учун Иқтисодий ҳамкорлик дастури, Сармоялар ётқизилишини рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишув, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Декларация ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши айтилмоқда.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 15 апрелдаги икки давлат раҳбари учрашуви давомида стерхлар ёки оқ турналар масаласи ҳам муҳокама этилишини журналистларга маълум қилди.

- Ҳозирда биз бу масалани кузатиб бораётган олимлар билан биргаликда Каримовнинг Москвага ташрифи давомида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан муҳокама қилиниши керак бўлган масалаларни батафсил ўрганишга уринмоқдамиз, деди Дмитрий Песков.

Россия президенти матбуот котиби Қизил Китобга киритилган турналар масаласи “ҳамкорликни давом эттириш учун ажойиб имконият” яратишини қўшимча қилди. Аниқланишича, бу ажойиб қушлар Ўзбекистонга қишлагани жўнатилиши режалаштирилган.

Ўтган йилнинг кузида Владимир Путин бу қушларни қутқариш бўйича махсус лойиҳада иштирок этиб, ҳатто делтапланда уларга Ўзбекистонга қандай йўл билан учиб боришни кўрсатган эди.

Террорчилик, наркотиклар траффиги, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш ва ҳатто турналар миграцияси масалалари муҳокамаси ҳақида сўзлаган Песков Ўзбекистондан йил сайин сони кўпайиб, Россияга қишлашга ва ёзлашга келаётган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари масаласига қанчалик аҳамият берилишини очиқламади.

Кузатувчилар Ислом Каримовнинг 14-15 апрелдаги Россия сафари Тошкент ва Москва ўртасидаги алоқалар унча илиқ бўлмаган бир пайтга тўғри келаётганини гапирмоқда.

Айни пайтда икки тарафлама муносабатлар сўнгги пайтларда бироз совиб қолгани ва Тошкент КХШТдан расман чиқиб кетганига қарамасдан, Кремл алоқаларни ривожлаштиришга интилаётгани сезилади.

Владимир Путин ва Ислом Каримов учрашувида иккала тараф учун ёқимсиз бўлган “МТС иши”, Россия авиакомпаниялари ва автомобил саноатининг Ўзбекистондаги пуллари конвертацияси масаласи ҳам кўтарилиши тўғрисида Кремл атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлди.

Коммерсантъ нашри Ислом Каримов Россиянинг Қирғизистон билан гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорлиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ишонтиришга уриниб кўриши ҳамда Роғун масаласини кўтаришини тахмин қилади.

Россия, ўз навбатида, Тошкентнинг АҚШ билан ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорлигидан хавотирда эканини билдириши кутилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг Россияга расмий ташрифи олдидан Москвада Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий қилиш масаласи юқори лавозимли мутасаддилар чиқишларида тез-тез янграгани кузатилди. Москва шаҳар думаси аъзоси Алексей Рябинин МДҲ давлатлари билан визанинг жорий этилиши Россия шаҳарларидаги криминоген вазиятни яхшилашига олиб келиши ҳақида баёнот берди; Москва мэри Сергей Собянин мигрантларни “қатъий тартибга чақириш” учун виза ва хориж паспортлар асосида ишчиларни қабул қилишни таклиф қилди; яқин кунларда Санкт-Петербург Қонунчилик кенгаши аъзоси Андрей Анохин визадан ташқари мигрантларга ҳайдовчилик қилишни мутлақо тақиқлаш ташаббуси билан Федерал парламентга чиқиши айтилмоқда.

Тасодифми-йўқми, 14 апрел, якшанба куни Россиянинг Петербург ва Москва шаҳарларида виза режими жорий этилиши ва мигрантларнинг мамлакатга киритилишига мораторий эълон қилиниши талаби билан оммавий норозилик акциялари уюштирилди.

Миллатчилар томонидан уюштирилган “Визалар учун – ҳа!” митинглари иштирокчилари Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон билан виза режимини киритишни талаб қилиб чиқди.

12 апрел куни эса Россия Давлат Думасига 100 мингдан зиёд киши имзолаган Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ билан чегарани ёпиш талаби қўйилган оммавий петиция топширилди.

Ислом Каримовнинг Москвага сафари арафасида Ўзбекистонда Россиянинг 13 та авиакомпаниясига тегишли пуллар конвертацияси бўйича қарзлар жорий йил 10 апрел куни тўлиқ тўлангани хабар қилинган эди.

Матбуот марказидан Ўзбекистон Россиянинг иқтисодий ҳамкорлари бешлигига (Украина, Беларус ва Қозоғистондан кейин) кириши, 2012 йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,7 миллиард долларни ташкил этгани маълум қилинди (2011 йилга нисбатан бу кўрсаткич 6,2 фоизга камайгани айтилмоқда).

Россия президенти матбуот марказидан олинган маълумотга кўра, ўтган 5 йил давомида Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 6 миллиард долларни ташкил этди. Ҳозирда Ўзбекистонда 850 қўшма корхона, яна 100 ортиқ Россия ширкатлари ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Россияда 400 зиёд компанияси ишлаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG