Линклар

Венесуэла: Мадуро президентлик сайлови ғолиби деб эълон қилинди


Венесуэладаги президентлик сайлови ғолиби деб эълон қилинган Николас Мадуро.

Венесуэладаги президентлик сайлови ғолиби деб эълон қилинган Николас Мадуро.

Венесуэлада якшанба куни ўтказилган президент сайловида давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган Николас Мадуро озгина фарқ билан сайлов ғолиби деб эълон қилинди. Мухолифат номзоди Энрике Каприлес овозлар қайта саналмагунча сайлов натижасини тан олмаслигини баён қилди.



Венесуэла миллий сайлов кенгаши 14 апрел куни ўтказилган президент сайловида ўзини марҳум президент Уго Чавеснинг вориси деб эълон қилган Николас Мадуро сайловчиларнинг 50,8 фоиз овозини олиб сайловда ғолиб чиққанини эълон қилди.

Сайлов натижасига кўра, мухолифат номзоди Энрике Каприлес сайловчиларнинг 49,1 фоиз овозини олган.

15 апрел куни пойтахт Каракасда чиқиш қилган Энрике Каприлес овозлар қайта саналмагунича сайлов натижаларини тан олмаслигини таъкидлади.

- Мен ҳукуматнинг номзоди Николас Мадурога шуни айтмоқчиман: бугун ютқазган одам сиз ва мен, буни қатъий айтаман. Сиз ютқаздингиз. Сиз ва ҳукуматингиз ютқазди. Мен буни қатъийлик, муроса ва шаффофлик билан айтаман. Ҳар бир венесуэлалик берган овоз бирма-бир санаб чиқилмагунича биз сайлов натижасини тан олмаймиз. Биз Миллий сайлов кенгашидан ҳамма сайлов қутиларини очишни ва ҳар бир венесуэлалик берган овозни санаб чиқишни талаб қиламиз,- дея баёнот берди Энрике Каприлес.

Николас Мадуро ғалабани нишонлаётган тарафдорлари олдида қилган чиқишида ҳалол ғалаба қозонганини айтди.

Мадуро сиёсий рақибидан қарийб 300 мингта кўпроқ овоз олгани, бу халқнинг иродаси экани, агар сайлов қутиларининг ҳаммаси очилса ҳам, беркитадиган ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади.

- Сайлов натижаларига шубҳа бўлмаслиги учун мен Миллий сайлов кенгашига текширув ўтказишни расман таклиф қиламан. Бироқ ҳозир ташкилотлар ишлаши керак. Етти ярим миллион венесуэлалик Николас Мадуро 2019 йилгача президент бўлиши керак, деди ва бу қарор ҳурмат қилиниши керак, деди Николас Мадуро.

Венесуэлада навбатдан ташқари президентлик сайлови мамлакатни 14 йил бошқарган президент Уго Чавес вафотидан қирқ кун ўтиб ўтказилди. Саратон касали билан икки йил курашган Чавес 5 март куни Каракасдаги касалхонада вафот этган эди.

50 ёшдаги Николас Мадуро Уго Чавес ҳукуматида Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Мадуро сайловчиларга, Чавес ваъда қилган “21 аср социализми” учун курашни давом эттириб, камбағал венесуэлаликларга ёрдамни кўпайтириш ва иқтисодиётни давлат назоратига олишни ваъда қилган.

Венесуэладаги энг кўп аҳолига эга бўлган Миранда вилояти ҳокими бўлган 40 яшар мухолифат номзоди Энрике Каприлес эса сайловчиларга икки қутбга бўлинган венесуэлаликларни бирлаштириш ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб боришни ваъда қилган.

Венесуэлада президент сайлови ғолибини 19 апрел куни қасамёдга келтириш режаланган.
XS
SM
MD
LG