Линклар

Каримов Путин билан муносабатларидан фахрланишини айтди


15 апрел куни Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасидаги учрашувдан Россия-1 канали берган репортаждан олинган сурат.

15 апрел куни Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасидаги учрашувдан Россия-1 канали берган репортаждан олинган сурат.

Москвада президент Путин билан музокаралар ўтказган президент Каримов икки давлат ўртасидаги муносабатлар унинг Путин билан "шахсий муносабатлари" устига қурилганини таъкилади. Президент Путин эса Ўзбекистонда ишлаётган рус ширкатлари аҳволидан қониқиш билдирди.

Россия Президенти Владимир Путин ва унинг таклифи билан Россияга борган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўртасида 15 апрел куни музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Россия учун "ўта муҳим ҳамкор" эканини урғулаган Владимир Путин икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволидан қониқиш билдирар экан, Ўзбекистондаги рус ширкатлари аҳволига алоҳида тўхталди.

- Россия аввалгидек, Ўзбекистоннинг биринчи савдо ҳамкори эканидан хурсандмиз. Бундан ташқари, Россия ширкатлари Ўзбекистонда фаол ишламоқда. Ўзбекистоннинг 400 ширкати эса Россияда ишламоқда. Биз мунтазам равишда бир-биримизнинг манфаатларимизни инобатга олган ҳолда ҳамкорлик қилаяпмиз, деди Владимир Путин.

Ундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса гапни ҳамкасби билан шахсий муносабатлари аҳамиятидан бошлади.

- Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамловчи муҳим омиллардан бири ҳамиша бизнинг шахсий муносабатларимиз бўлган. Вазиятдан фойдаланиб, яна бир карра таъкидламоқчиманки, мен бу муносабатлардан фахрланаман, деди Ислом Каримов.

Бу галги сафари сабабларини эса "дунё ва минтақадаги муҳим воқеалар, ўта муҳим шарт-шароитлар ҳамда тенденциялар билан боғлиқлиги" билан изоҳлади.

Россия телевидениеси орқали берилган қисқагина репортажларда икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилгани айтиб ўтилди.

Аммо, бугунга келиб икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига сабаб сифатида кўрилаётган ва учрашувда муҳокама этилиши кутилган алоҳида масалалар тилга олинмади.

Жумладан, Владимир Путин ва Ислом Каримов учрашувида иккала тараф учун ёқимсиз бўлган “МТС иши”, Россия авиакомпаниялари ва автомобил саноатининг Ўзбекистондаги пуллари конвертацияси масаласи кўтарилиши кутилган эди.

Бундан ташқари, Тошкент КХШТдан расман чиқиб кетганига қарамасдан, Кремл алоқаларни ривожлаштиришга интилаётгани сезилаётган ва бу ҳам муҳокамаларда у ёки бу кўринишда кўтарилиши тахмин қилинган ади.

Коммерсантъ нашри Ислом Каримов Россиянинг Қирғизистон билан гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорлиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ишонтиришга уриниб кўриши ҳамда Роғун масаласини кўтаришини ҳам тахмин қилган эди.

Ушбу учрашувлардан берилаётган расмий хабарларда ҳозирча бу масалалар кўтарилганига оид бирор маълумот йўқ.

Озодлик Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москва сафарини кузатиб бормоқда ва тафсилотлардан сизни кун давомида хабардор қилиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG