Линклар

Австралиялик теннисчиларга Наманган итларининг хуриши ёқмади


Намангандаги яшаш шароитларидан норози бўлган Патрик Рафтер теннис корти ва турнирнинг ўзи яхши ташкил қилинганини эътироф этди.

Намангандаги яшаш шароитларидан норози бўлган Патрик Рафтер теннис корти ва турнирнинг ўзи яхши ташкил қилинганини эътироф этди.

Халқаро теннис федерацияси Австралия терма жамоасини, Наманганда улар шарафига ўтказилган расмий зиёфатга келмаганлари учун, 10 минг долларга жаримага тортди. 5-7 апрел кунлари Наманганда Дэвис кубоги саралаш ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси устидан ғалаба қилган австралиялик теннисчилар ўзларига яратиб берилган яшаш шароитининг ёмонлигига норозилик ўлароқ расмий маросимга келишмаганини эълон қилишди. Бироқ турнир ташкилотчилари австралияликларнинг шикоятларини ўринсиз, дея атамоқда.



Дэвис кубоги учун курашаётган Австралия теннис жамоаси 7 апрел куни улар шарафига Наманганда уюштирилган расмий зиёфатга келмагани учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди.

Австралияликларга нисбатан санкция қўллаган Халқаро теннис федерацияси матбуот вакили Озодлик билан суҳбатда мазкур қарорни изоҳламади.

- Ҳозирда бу масала юзасидан ортиқча изоҳ бера олмаймиз,- деди ўзини таништирмаган ташкилот вакили.

Лекин Австралия терма жамоаси сардори, таниқли теннисчи Патрик Рафтер ғарб матбуотига берган интервьюсида Наманганда уларга яратиб берилган яшаш шароити ёмон бўлгани боис, ўйиндан кейин ташкил қилинган зиёфатга бормаганликларини тан олган.

“Шароитлар биз ўргангандан кўра анча ноқулай эди. Меҳмонхонанинг кўчага қараган тарафида машиналарнинг шовқини тўхтамас эди. Орқа тарафида эса товуқхона ва итларни хуриши тинмади. Агар Дэвис кубогида энг яхши ўйинчилар қатнашишини истасангиз, шунга яраша шароитлар ҳам бўлиши керак. Теннисчилар учун яхши ухлаб, дам олиш муаммо бўлмаслиги керак”, дея норози бўлган Рафтер шу билан бирга теннис корти ва турнирнинг ўзи яхши ташкил қилинганини эътироф этди.

Дэвис кубоги ва бошқа халқаро мусобақаларда спортчиларнинг яшаши билан боғлиқ ташкилий ишлар мезбон томони зиммасида бўлади. Наманганда австралиялик теннисчилар учун меҳмонхонани Ўзбекистон теннис федерацияси танлаган.

Федерациянинг ўзини таништирмаган мутасаддиси, Озодлик билан суҳбатда, Австралия жамоаси расман шикоят билдирмасдан, расмий зиёфатга келмагани кўпчиликни хайрон қолдирди, дейди.

- Улар келишмади, сабабини гўёки зиёфатга киядиган костюмлари йўқлиги билан тушунтиришди. Уларнинг эътирозларига келсак, регламент бўйича шаҳардаги энг яхши меҳмонхонани қилиб беришимиз керак эди, энг яхши меҳмонхонани бердик. Бу меҳмонхонада ўзбек теннисчилари ҳам туришди. Бундан аввал ҳам Дэвис кубоги саралаш ўйнларининг 6та даврасини Наманганда ўтказган эдик, бошқа давлатлардан келган теннисчилар худди шу меҳмонхонада туришди, лекин улар тарафидан ҳеч қандай эътироз бўлгани йўқ. Албатта, улар австралиялик эканини тушунамиз, лекин ўзлари ҳам бизга яхши шароитлар учун миннатдорчилик билдиришдику,- дейди Ўзбекситон теннис федерацияси мутасаддиси.

“S Наманган” меҳмонхонаси Озодликка тақдим қилган меҳмонлар китоби саҳифасида Патрик Рафтернинг ўзи ҳам "меҳмондўстлик учун" миннатдорчилик сўзларини ёзиб қолдирган.

“S Наманган” меҳмонхонаси Озодликка тақдим қилган меҳмонлар китоби саҳифасида Патрик Рафтернинг ўзи ҳам "меҳмондўстлик учун" миннатдорчилик сўзларини ёзиб қолдирган.

5-7 апрел кунлари ўтказилган саралаш ўйинлари пайтида Австралия жамоаси аъзолари Намангандаги “S Наманган” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Меҳмонхона маъмуриятининг ўзини Евгения, деб таништирган ходими Озодликка хорижий меҳмонлар жуда мамнун бўлиб кетишганини билдирди.

- Улар бу эътирозларини қаерда билдирганидан хабарим йўқ. Лекин меҳмонлар китобида улар “ҳаммаси яхши бўлди” қабилида, жуда илиқ сўзларни ёзиб қолидиришган. Овқатга эътироз билдиришлари мумкин эмас, чунки ошпазни ўзлари билан олиб келишди ва бизнинг овқатларни умуман ейишмади. Бошқа шароитлари ҳам, иссиқ сув, совуқ сув, деганларидек, ҳаммаси жойида эди. Мана қўлимда меҳмонлар китоби турибди, австралиялик теннисчилар миннатдорчилик ёзиб қолдиришган,- дейди “S Наманган” меҳмонхонаси ходими.

“S Наманган” меҳмонхонаси Озодликка тақдим қилган меҳмонлар китоби саҳифасида Патрик Рафтернинг ўзи ҳам "меҳмондўстлик учун" миннатдорчилик сўзларини ёзиб қолдирган.

Озодлик теннисчилар нимадан норози бўлгани хусусидаги савол билан Австралия теннис федерациясига мурожаат қилди, лекин бу савол жавобсиз қолди.

Дэвис кубоги саралаш ўйинларининг Наманганда ўтказилган даврасида Австралия жамоаси 3-1 ҳисобида ўзбекистонлик теннисчилар устидан ғалаба қилди.

Ўйинлар бошланишидан аввал, Австралия матбуоти Ўзбекистонга борган теннисчиларга маҳаллий меҳмонхонада чўмилмаслик, юқумли касалликка чалинмаслик учун чўмилишга пластик баклажкалардаги минерал сувдан фойдаланиш тавсия қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG