Линклар

Бостонда портлаш - 3 киши ҳалок бўлди, 176 киши жароҳатланди


АҚШ Федерал тергов бюроси Бостонда рўй берган портлашларни тергов қилмоқда. Террор хуружи деб кўрилаётган ҳодисада 3 киши ҳалок бўлиб, 176 киши жароҳатланди. Федерал тергов бюроси марафон томошабинлари воқеа жойида туширган видео тасвирларни ўрганмоқда.

Портлашлар душанба куни Бостон марафони финиш чизиғи олдида бирин-кетин бир неча сония фарқ билан рўй берди. АҚШ Федерал тергов бюроси террор хуружи, деб кўраётган ва 3 киши, жумладан 8 яшар бола ўлимига сабаб бўлган бомбалар марафон томошабинлари турган тротуарда портлади.

Бостон марказидаги Копли майдонида содир бўлган ҳодисада яна 176 киши жароҳатланди. Касалхонага олиб келинганларнинг кўпчилигида қўл-оёқлари узилган ҳолда бўлган ёки кейинчалик ампутация қилишга тўғри келди.





Бир-биридан тахминан 60-70 метр узоқликда бўлган бомбаларнинг портлаши оқибатида ён атрофдаги биноларга жиддий зарар етди. Жароҳатланганлар орасида болалар ҳам бор.

Портловчи мосламалар Американинг энг машҳур марафони иштирокчилари финиш чизиғига яқинлашганини минглаб томошабин кузатиб турган пайтда ҳаракатга келтирилди. Бу йил 117 марта ўтказилган Бостон марафонида 23 мингга яқин одам иштирок этаётган эди.



11 сентябр ҳужумидан бери АҚШда рўй берган энг мудҳиш хуруж деб аталаётган ҳодиса жойида полициячилар камида яна битта портловчи мосламани зарарсизлантиргани айтилмоқда.



АҚШ Федерал тергов бюроси марафон томошабинлари воқеа жойида туширган видео тасвирларни ўрганмоқда.

Расмийлар "бомба портлаши" ва "террор ҳужуми" деб баҳолаган ҳодиса учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари террор ҳужуми таҳдиди борлиги ҳақида олдиндан хабар олинмаганини айтмоқда.


АҚШ Президенти Барак Обама фожиа муносабати билан қилган чиқишида ҳужум ортида турганлар топилиб, жавобгарликка тортилишини ваъда қилди. Бироқ Обама ўз чиқишида тергов давом этаётганини айтиб, ҳодисани “террор хуружи”, деб аташдан тийилди.

- Ҳозирча тергов давом этмоқда, лекин бир нарсани айтмоқчиман: бу ишни қилганларни топамиз ва уларни жавобгарликка тортамиз, деди Обама.






“The Boston Globe” газетаси мухбири Давид Абдел портлашлар рўй берган пайтда воқеа жойида бўлган.

- Мен финиш чизиғида марафон қатнашчиларининг келишини видеога тушираётган эдим. Мендан тахминан 3 метр нарироқда, тротуарда қаттиқ портлашни эшитдим ва осмонга оқ тутун кўтарилаётганини кўрдим. Кўзимни очиб қараганимдан кейингина нима бўлаётганини англай бошладим. Тумонат одам қочаётгани ва ҳаётимда кўрганим энг мудҳиш манзарага гувоҳ бўлдим. Атрофда одамлар ётарди, ярадорлар, ҳамма ёқ қон, ойна синиқлари эди. Ҳамма ваҳимиага тушган эди,- дейди бостонлик журналист.

Федерал авиация маъмурияти Бостон шаҳри осмонини парвозлар учун ёпиб қўйди. АҚШнинг Вашингтон, Ню Йорк, Лос Анжелес ва Сан Франциско каби йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Полиция воқеа жойини қуршаб олиб, одамларни у ерга киритмаяпти. Терговчилар ашёвий далилларни қидирмоқда.

Президент Обама портлашлар қурбонларига ёрдам кўрсатиш учун федерал ҳукумат ихтиёридаги барча имкониятларни ишга солишни буюрганини баён қилди.

- Бостон ва унинг аҳли иродали ва кучлидир. Мен бу дамларда бостонликлар бирлашиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва фахрли бир шаҳар сифатида ҳаётни давом эттиришига қаттиқ ишонаман. Бунда ҳар бир дамда бутун Америка халқи улар билан бирга бўлади,- деди АҚШ президенти.

Федерал тергов бюроси махсус агенти Ричард Делаурьес портлашлар “эҳтимоллий террор хуружи” сифатида тергов қилинаётганини маълум қилди.

Жаҳонда энг катта тарихга эга саналган 42 киломтерлик марафонда ўнлаб мамлакатдан келган 23 мингга яқин одам қатнашди.

Бу йилги марафон ўтган йилнинг декабрида Коннектикут штати Ньютон шаҳрида рўй берган хунрезлик қурбонлари хотирасига бағишланган эди.

Мусобақа Массачусетс штатида байрам қилинадиган, АҚШ мустақиллиги учун жангларда қатнашганлар хотирасига бағишланган Ватанпарвар кунида ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG