Линклар

АҚШ Федерал Тергов Бюроси терговчилари Бостондаги марафонда томошабинлар томонидан суратга олинган видеони текширмоқда.

15 апрел куни Бостон шаҳрида ўтаётган марафоннинг финиш чизиғи олдида бирин-кетин иккита кучли портлаш бўлди.

Ҳодисада 3 киши ҳалок бўлди, 130 атрофида одам жароҳатланди. Қурбонлардан бирининг ёш бола экани айтилди.

Портлашлар Бостон марказидаги Копли майдонида марафончилар финишга яқинлаётган кезда томошабинлар турган жойда содир бўлди.

АҚШ расмийлари, жумладан президент Барак Обама ҳам ҳозирча ҳодисани террор, деб баҳоламади.

- Биз ҳануз тергов босқичидамиз. Лекин, мен яна бир карра такрорлаб ўтмоқчиманки, буни содир қилганлар, албатта топилади ва жазоланади, деди Барак Обама.

Бостонда 117 бор ўтказилган марафонда 23 мингдан ортиқ одам иштирок этаётган, тадбирни томоша қилиш учун эса минглаб одам йиғилган эди.

Ҳодиса ортидан АҚШнинг Вашингтон, Ню Йорк, Лос Анжелес каби йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди, Бостон осмони узра парвозлар эса вақтинча тўхтатилди.
XS
SM
MD
LG