Линклар

Тошкентликларга темир гаражларини бузиш учун уч кун мухлат берилди


Гаражларни бузиш харажатлари гараж эгалари зиммасига юклатиши мумкин.

Гаражларни бузиш харажатлари гараж эгалари зиммасига юклатиши мумкин.

Пойтахтнинг Юнусобод туманида барча гаражлар эшигида, уларнинг эгаларини "уч кун ичида гаражларини бузиб, жойни бўшатиб қўйишлари" ҳақидаги огоҳлантириш эълонлари пайдо бўлди.



Гаражларни бузиш "Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2013 йил 8 апрел кунги 314-сон қарорига асосан" амалга оширилаётгани айтилмоқда. Юнусобод тумани ҳокимияти гаражлар бошқармасининг ўз исмини айтмаган масъули Озодлик билан суҳбатда бундай деди:

- Қарор чиққан. Шу қарорга мувофиқ йилни оҳиригача шаҳарни ҳеч қаерида темир гаражлар қолмайди,- деди туман расмийси.

Агар гаражлар белгиланган мухлат ичида бузилмаса, ҳокимлик уларни куч ичида бузиб, бузиш ҳаражатларини ҳам гараж эгаларидан ундириб олиши мумкинлиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирмоқда.


Тошкентликлар уч кун ичида гаражларини бузиб, жойни бўшатиб қўйишлари ҳақида огоҳлантирилди.

Тошкентликлар уч кун ичида гаражларини бузиб, жойни бўшатиб қўйишлари ҳақида огоҳлантирилди.

Бу каби радикал чоралар, "бугунги кунда шаҳардаги темир гаражлар замонавий архитектура талабларига жавоб бермаслиги, мавзе қиёфасини бузаётгани ва ҳавфсизлик чораси сифатида" изоҳланмоқда.

Ҳукумат товон пули тўлайдими?

Гараж эгалари кўрадиган зарарини ким қоплайди? Гаражлари бузилганларга ҳукумат товон пули тўлайдими? Фуқароларни қизиқтираётган бу саволларга Юнусобод тумани гаражлар бошқармаси расмийсидан шундай жавоб олдик:

- Стоянкалар қурилади, шу стоянкалардан гараж эгаларига жой берилади,- деди гаражлар бошқармаси расмийси.

Минглаб тошкентлик гараж эгалари қатори шаҳарнинг Юнусобод мавзесида яшовчи Аброр ака ҳам давлат ордери билан олган темир гаражини бузишга мажбур.

- Уч йил аввал бу гараж учун 2 минг АҚШ доллари таклиф этишганди. Ҳозир шу гаражни металлолом сифатида 200 долларга олишар экан. Бузилганидан кейин ерини ҳам тозалаб асфалт қилиб қўйишимиз керак экан,- дейди Аброр ака.

Айрим пойтахтлик гараж эгалари эса осонликча таслим бўлмоқчи эмас. Улар ҳокимият қарори “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига зид эканини айтишади.

- Қонунга кўра, ҳокимият бузиш ҳақида гараж эгаларини камида олти ой олдин огоҳлантириши ва мулк эгалари кўрган зарарни тўлалигича қоплаб бериши керак,- дейди Тошкентнинг Миробод туманида яшовчи Маъруф ака.

Гаражларни бузиб тўғри қиляпти

Пойтахтликлар орасида ҳокимиятнинг темир гаражларни бузиш қарорини тўғри, деётганлар ҳам анча. Тошкентлик Манзура опа шулардан бири.

- Жуда тўғри қилишяпти. Ҳамма жойни шу темир гараж босиб, атрофи ахлатхона, кўримсиз аҳволга келиб қолганди. Ўзи асли бу гаражларни кўпчилиги ноқонуний қурилишлар. Бир қўшнимиз подъездни орқа қисмини ўраб олиб, гараж қилиб қўйганди. Шикоят қилиб борсак, ҳокимиятдаги қариндошини пеш қилар эди. Энди подъезд атрофлари очиладиган бўлди,- дейди Манзура опа.

Тошкент шаҳар ҳокимияти қарорига кўра, жорий йил охирига қадар шаҳарда 23 мингдан зиёд темир гараж бузилади. Улар ўрнида шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган, мунтазам қўриқланадиган ёпиқ ва очиқ автостоянкалар барпо этилади.

Тошкент ҳокимиятининг ўз исмини айтмаган маъсули Озодлик мухбири билан суҳбатда, шаҳардаги барча металл гаражлар эгаллаб турган майдонлар ўрнида стоянкалардан ташқари дам олиш масканлари, болалар майдончалари ҳам барпо этилишини айтди.

- Атрофлари кўкаламзорлаштирилган замонавий стоянкалар ҳам бўлади. Асфалт қилинган, чизиқлари билан стоянка бўлади. 24 соат давомида қўриқланади, будканинг ичида махсус одам бўлади. Ҳаммаси зўр бўлади,- деди Тошкент ҳокимлиги расмийси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG