Линклар

Ҳиротдаги собиқ ўзбек аскари Ўзбекистонга қайтишдан бутунлай воз кечмаган


Баҳриддин Ҳакимов Афғонистонда Шайх Абдулла исмини олган.

Баҳриддин Ҳакимов Афғонистонда Шайх Абдулла исмини олган.

Бундан 33 йил аввал Афғонистонда хизмат қилган пайти бедарак йўқолган ва шу йилнинг 23 феврал куни Ҳиротдан топилган асли самарқандлик Баҳриддин Ҳакимов Ўзбекистонга қайтишдан бутунлай воз кечмаган. Бу ҳақда уни излаб топган Александр Лаврентьев Озодликка маълум қилди.



“У ватанига қайтишни рад қилмади”

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Александр Лаврентьевнинг Озодликка айтишича, собиқ ўзбек аскари Баҳриддин Ҳакимов матбуотда эълон қилинганидек, Ўзбекистонга қайтишдан бутунлай воз кечмаган.

Россия матбуоти ва афғон газеталари 4 апрел куни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида ўтган матбуот анжуманида 53 ёшли Баҳриддин Ҳакимов Ўзбекистонга қайтишни умуман хоҳламаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берганди.

Жаноб Лавреньев Ҳиротда собиқ аскарнинг дараги чиққач, бир йил ҳаракат қилиб, Баҳриддин Ҳакимовни жорий йилнинг 23 феврал куни топган.

Ҳирот сафаридан икки кун аввал қайтиб келган Лавреньевнинг айтишича, 4 апрел кунги матбуот анжуманида у ҳам қатнашган ва бу тадбирда Баҳриддин Ҳакимов ватанига бутунлай қайтмаслик нияти борлиги ҳақида гапирмаган.

- Мен сизга тушинтириб берай, у ҳеч қачон қайтмайман деган гапни айтмади. Ҳаммаси аслида бошқача бўлган. У “Мен ҳозир бирор жойга кетишга тайёр эмасман”, деди. У акаси билан ҳаммасини кейинчалик бафуржа муҳокама қилишга келишиб олишди. Балки иккаласи бирор жойда учрашар. Мен унинг акасига берган видео мактубини олиб келдим. Бу мактубни Самарқандга жўнатамиз. Кейин ака-ука бундан кейин нима қилмоқчи эканликларини ўзлари ҳал қилади,- деди Александр Лавреньев.

“У бир пайтнинг ўзида ҳам йиғлаб, ҳам кулди”


Баҳриддин Ҳакимовнинг ота-онаси анча йил аввал оламдан ўтган. Унинг ёлғиз акаси - Шароф Ҳакимов милицияда узоқ йиллар ишлаб, ҳозир пенсияга чиққан. Подполковник унвонига эга Шароф Ҳакимов укаси Баҳриддиннинг расмларидан таниган.

Лавреньевнинг айтишича, у Шароф Ҳакимовнинг видео мактубини Ҳиротга олиб борган.

- Бу видеони кўрган пайти Баҳриддиннинг аҳволи жуда оғирлашди. У бир пайтнинг ўзида ҳам кулди, ҳам йиғлади. У ярадор бўлганидан кейин боши билан қўли сал қалтирайдиган бўлган. Лекин видеони кўрган пайти уни шу даражада титроқ босдики, уни суяб туришга тўғри келди. Кейин мен телефон орқали уни Самарқанддаги акаси билан боғладим. Телефон гўшагини Баҳриддинга берганимда, мен трубкани ташлаб юборади деб қўрқдим. Унинг қўллари шу даражада титрарди... Акаси билан гаплашган пайти кўзи тўла ёш эди. Телефонда суҳбатлашиб бўлгач, анча вақтгача биз билан гаплашишга ҳоли келмади,- дея эслайди Лавреньев.

“Уни Ҳиротда ҳеч ким хафа қилмайди”


Лавреньевнинг айтишича маҳаллий бойлардан бири Баҳриддин Ҳакимовни васийликка олган.

- Биз Баҳрридиннинг хавфсизлиги, яшаши бўйича ёрдам беришни сўраб, маҳаллий бойлардан биридан илтимос қилдик. У бизга аввал ҳам анча ёрдам берган киши. У Ҳиротда анча нуфузли шахс. У Баҳриддинни ўз васийлигига олди. У “Мен Баҳриддинга ҳар томонлама ёрдам бераман. Ҳеч хавотир олманглар” деб ваъда қилди. Биз унга ишонамиз,- дейди Лавреньев.


“Собиқ ўқчи 33 йил аввал бедарак йўқолган”


Асли Самарқанд шаҳридан бўлган Баҳриддин Ҳакимов, 101-моторлашган ўқчи полкида хизмат қилган.

Александр Лаврентьевнинг Озодлик билан 5 март кунги суҳбатда айтишича, Баҳриддин Ҳакимов 1980 йилнинг сентябр ойида Афғонистоннинг Эрон билан чегарадош Ҳирот вилояти ҳудудида бўлган шиддатли жангда оғир ярадор бўлиб, асирга тушган.

Асирликка тушган Ҳакимовни маҳаллий табиб гиёҳлар билан даволаб, оёққа турғизган. Табиб уни ўғил қилиб олиб, гиёҳлар билан даволашни ўргатган. Ҳозир Баҳриддин Ҳакимовнинг ўзи ҳам табиблик билан шуғулланади.

Баҳриддин Ҳакимов ҳозирда Шайх Абдулла исмини олган. Шайх Абдулла афғонистонлик аёлга уйланган, бироқ фарзанди бўлмаган. Рафиқаси ўлгач эса, Абдулла бошқа уйланмаган, ҳозирда ёлғиз яшайди.

Тўққиз собиқ "афғончи" уйига қайтишни истамаган


МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита 1992 йилнинг 13 март куни ташкил қилинган.

Ўтган вақт давомида қўмита томонидан Афғонистонда бедарак йўқолган 31 собиқ совет аскари топилган, улардан фақат 22 нафари ўз ватанига қайтган.

Ҳозирда қўмита Афғон урушида бедарак кетган яна 263 нафар аскарни қидиришда давом этмоқда.

Афғонистондаги ўн йиллик уруш чоғида, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга 65 мингдан зиёд аскар юборилган.

Улардан 1512 нафари ҳалок бўлган, 2500 дан зиёд аскар ва зобит ногирон бўлиб қайтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG