Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:12

Олтин кони Қирғизистонда учинчи инқилобга сабаб бўлиши мумкин


Азимбек Бекназаров учинчи инқилобни амалга ошириш билан таҳдид қилмоқда.
Азимбек Бекназаров учинчи инқилобни амалга ошириш билан таҳдид қилмоқда.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Азимбек Бекназаров 24 апрелгача “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинмаса, мамлакатда учинчи инқилобни содир этиши тўғрисида баёнот берди. Унга кўра, бу инқилоб парламентни тарқатиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

“Эл үнү” мухолифат ҳаракати “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш назарда тутилган қонун лойиҳасини парламентга тақдим қилган. Қонун лойиҳасини қабул қилиш талаби билан мухолифат қирғизистонликларнинг 12 мингдан ортиқ имзосини тўплаган.

Мухолифат таклиф қилган қонун лойиҳаси ҳозирча парламентнинг “Ата Журт” фракциясидагина муҳокама қилинди. Бошқа фракциялар эса уни кўриб чиқишга улгиргани йўқ. Қонун лойиҳаси парламентдаги 5 фракцияда кўриб чиқилгач, тегишли қўмиталарда ҳам муҳокама қилиниши, шундан сўнггина парламент сессияси кун тартибига киритилиши лозим.

Бироқ мухолифат лидери Азимбек Бекназаров “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш масаласи 24 апрелгача кўриб чиқилиши шартлигини айтмоқда. Унга кўра, бу талаб бажарилмаса мухолифат “учинчи инқилоб”ни бошлаши мумкин. Мухолифат бу инқилоб парламентни тарқатиш йўли билан амалга оширилишини маълум қилган.

-Бундай қарор мухолифатининг Жалолободда ўтган қурултойида қабул қилинган. Бу қарор ижросини назорат қилиш “Эл уни” ҳаракати штабига юклатилган.Агар қонун лойиҳаси белгиланган муддат ичида кўриб чиқилмаса, митинглар уюштирилади. Митингларда эса бошқа сиёсий талаблар ҳам ўртага ташланиши эҳтимол, -деди мухолифат лидерларидан бири Азимбек Бекназаров.

Парламент депутатлари таклиф қилинган қонун лойиҳасини мухолифат белгилаган муддатгача кўриб чиқиш мумкин эмаслигини билдирмоқда. Бу ҳақда парламентнинг тоғ-кон бойликлари ва энергетика қўмитаси раиси Кожобек Риспаев мана бундай маълумот берди.

- Лойиҳа ҳали қўмитага келиб тушгани йўқ. Бироқ олтин конини миллийлаштириш масаласида жуда эҳтиёткорлик билан қарор қабул қилиш лозим. Негаки, Қирғизистон кичкинагина кўмир конини ҳам ўзлаштира олмаяпти. “Қумтор”ни ишлатиш учун эса жуда катта маблағ керак бўлади, -деди Кожобек Риспаев.

Қирғизистондаги энг йирик “Қумтор” олтин кони Канада ширкати томонидан ўзлаштирилган. Қирғизистон дастлабки йилларда ширкатнинг 33 фоиз акциясига эгалик қилган эди. 2005 ва 2010 йилдаги инқилоблардан сўнг мазкур олтин конини Қирғизистон ҳисобига ўтказиш ёки акцияларнинг назорат пакетини олиш талаб қилина бошланди.

Расмий Бишкек деярли 8 йилдан бери Канада ширкати билан олтин конида Қирғизистон улушини кўпайтириш масаласида музокаралар ўтказиб келади. Лекин музокаралар натижалари мухолифатни қониқтирмаяпти.

Қирғизистон ҳукумати матбуот котиби Мелис Эржигитов айни пайтда ҳам “Қумтор” ширкати билан музокаралар олиб борилаётганини айтди. Унга кўра, музокараларни ҳар икки томон ёллаб олган халқаро доираларда нуфузли бўлган юридик фирмалар ўтказаяпти.

-Музокаралар якунланишига келишилган муддат бўича бир ярим ой қолди. Лекин бу муддат ичида муросага келиниши жуда қийин бўлади. Шунинг учун ҳам ҳукумат парламентдан музокаралар муддатини узайтириб беришни илтимос қилиши мумкин, -деди Мелис Эржигитов.

Қирғизистон мухолифати 24 апрел куни Бишкекда “Қумтор” конини миллийлаштириш талаб қилинган митинг ўтказишини эълон қилди. Ҳукумат эса бундай талаб билан митинг ўтказиш мухолифат ва фуқароларнинг ҳуқуқи эканини билдирди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2013 йилнинг биринчи чорагида Бишкекда 132 митинг ўтказилган. Бишкек шаҳар милициясининг билдиришича, митингларнинг 107 таси сиёсий, 25 таси эса ижтимоий-иқтисодий характерга эга бўлган.
XS
SM
MD
LG