Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

NDI: Грузия жамиятида кайфият ўзгарган


Грузия президенти Михаил Саакашвили (ў.) ва мамлакат Бош вазири Бидзина Иванишвили (ч.).
Грузия президенти Михаил Саакашвили (ў.) ва мамлакат Бош вазири Бидзина Иванишвили (ч.).

АҚШ Миллий демократик институтининг (NDI) Грузиядаги ваколатхонаси бу мамлакатда ўтган йили ҳукумат алмашганидан кейин жамиятда ҳукм сураётган кайфият ҳақидаги социологик тадқиқот натижаларини тақдим этди.


NDI хулосасига кўра, Грузия янги ҳукумати асосий ташаббусларининг барчаси, шу жумладан, бош вазир Бидзина Иванишвилининг Россия билан алоқаларни яхшилашга уринишлари аҳоли ўртасида жиддий қўлловга эга.

Тадқиқот муаллифларининг ёзишича, грузияликларда сўнгги йиллар ичида илк бор ҳудудий яхлитликни тиклаш ва Россия билан алоқаларни ўнглаш масалаларига қизиқиш пайдо бўлган.

Грузия ва Россия сиёсатчилари ўртасидаги муносабатлар дўстонароқ оҳангга кўчгани маҳаллий аҳоли кайфиятида ҳам акс этган. Жумладан, NDI томонидан сўралганларнинг 40 фоизи Россия томонидан таҳдид даражаси ўта бўрттирилган, деб ҳисоблайди. Грузияликларнинг кўпчилиги шимолдаги қўшнисига ўз мамлакати учун хавф-хатар манбаи ўлароқ қарашда давом этаётганига қарамасдан, аксарият Грузия-Россия алоқаларининг ёмонлигига ўта танқидий ёндошади.

Иванишвилининг бу йўналишдаги барча ташаббуслари фуқаролар томонидан қарийб тўлалигича қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, респондентлар Москва билан алоқалар бўйича махсус вакил тайинланиши ва Грузия маҳсулотларининг Россия бозорига қайтарилишига қаратилган саъй-ҳаракатларни маъқуллаганлар.

Кўпчилик қаршилигига учраётган ягона ташаббус Абхазия орқали темир йўл алоқасининг тикланишидир. Бунга сўралганларнинг 13 фоизи қарши чиқмоқда.

- Амалдаги ҳукумат бошқа кўплаб муаммолар атрофидаги вазиятни охиригача англаб етмаяпти, чунки у одамлар ичидаги ҳадик-хавотирларни, шаклланиб қолган тушунчаларни (клишеларни) ҳисобга олмай, уларга нималарнидир тушунтиришга уриниб ётибди, - дейди Стратегик тадқиқотлар маркази директорларидан бири Натела Сахокия.

Унинг фикрича, ҳукумат ташаббусларидан норозиликка асосан миллатчиларнинг саъй-кўшиши сабаб бўлмоқда. Аммо, умуман олганда, ҳукумат оёғида собит турибди. Бош вазир ва унинг командаси аҳоли орасида катта қўлловга эга ва сўралганларнинг тўрт фоизигина “миллатчилар мамлакатни яхшироқ бошқарган бўларди”, деган фикрдалар.

Айни пайтда ижроия ҳокимиятининг айрим хатти-ҳаракатлари одамларда шубҳа уйғотмоқда – масалан, амнистия чоғида саккиз мингдан зиёд маҳкум озодликка чиқарилгани каби.

- Бу қарорни респондентларнинг қарийб ярми қўллаб-қувватлайди, - дейди NDIнинг Грузиядаги офиси директори Луис Наварро. – Улар парламент томонидан қабул қилинган ва маҳкумлар озодликка чиқиши учун имконият яратган қонунни маъқуллайдилар. Шу билан бирга, бу қонун қабул қилинишига тарафдор бўлганларнинг катта қисми амнистия оқибатлари жамиятдаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Пойтахт Тбилиси аҳли жиноятчилик кўлами кескин ошиб кетиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Бу миллатчиларнинг амнистияни қўллашдан бош тортишига сабаб бўлган омиллардан бири эди.

NDI сўрови мухолифат танқиди у қадар асоссиз эмаслигини намоён этувчи бошқа мавзулар ҳам борлигини кўрсатган. Дейлик, сайловдан кейин ишсизлар сони қарийб беш фоизга ошган. Айни пайтда нархлар ошиши ва иш ўринларининг етишмаслигидан норозилар ҳам кўпайган. Сиёсий мансубиятга кўра ишдан бўшатишлар кўлами аввалги ҳукумат даврида қандай бўлса, шундайлигича қолган.

Иванишвили командаси “Грузияда ҳамма нарса зўр эмас”лигини эътироф этишга тайёр. “Психопроект” таҳлилий маркази директори Зураб Бигвава бош вазирнинг ўзи доим ён-атрофидаги кишиларни “муаммоларга кўз юммаслик”ка чақириб келишини айтади.

- У ҳар доим ўзига ростини айтишни, бу ҳақиқат аччиқ бўладими ёки ширин – ҳукумат нима қилаётгани ва бу жамият томонидан қандай қабул қилинаётганининг ҳаммасини борича баён қилишни талаб қилади, - дейди Бигвава.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг октябр ойида Грузияда ўтказилган парламент сайловларида президент Михаил Саакашвили партияси миллиардер тадбиркор Бидзина Иванишвилининг "Грузия орзуси" коалициясига мағлуб бўлган, шундан сўнг Иванишвили Бош вазир лавозимини эгаллаганди. Мамлакат ички ва ташқи сиёсатида кўп ҳолларда бир-бирига зид қарашларга эга бўлган Саакашвили ва Иванишвили ораси у қадар яхши эмаслиги айтиб келинади.

Грузияда навбатдаги президентлик сайловлари жорий йилнинг октябр ойига белгиланган.
XS
SM
MD
LG