Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:30

Астана Душанбега бепул қурол-аслаҳа беради


Тожикистон ва Қозоғистон мудофаа вазирларининг 15 апрел, душанба куни Душанбеда ўтказилган сўзлашувлари давомида имзоланган келишувда Тожикистоннинг Қуролли кучларига Қозоғистон бепул ҳарбий-техникавий ёрдам кўрсатажаги белгилаб қўйилган. Қозоғистонлик эксперт фикрича, Қозоғистон мудофаа вазирлигининг бу қадамидан мамлакат олий раҳбарияти бехабар қолган бўлиши мумкин.



Қозоғистон ва Тожикистон ҳарбий идоралари бошлиқлари учрашуви натижалари тўғрисида хабар қилар экан, CA-NEWS.org сайти, Қозоғистон мудофаа вазири Адилбек Жаксибековнинг айтганларига таяниб “Астана Душанбега бепул ўқ-дори, ҳарбий анжомлар ва қурол-аслаҳа беради”, деб ёзди.

Хабарда мазкур ҳарбий ёрдамнинг ҳажми, унинг қачон етказиб берилиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Қозоғистон мудофаа вазири Адилбек Жаксибековни 15 апрел куни Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қабул қилди. Қабулдан сўнг Жаксибеков журналистларга “Мудофаа соҳасидаги режаларимиз кўп. Учрашувда икки мамлакат қуролли кучларининг ўзаро алоқалари ва ҳамкорлигига оид масалалар муҳокама қилинди”, деган.

Жаксибековга кўра, “Қозоғистон Тожикистонни минтақадаги муҳим ҳамкори”, деб билади.

Қозоғистон мудофаа вазири, шунингдек, Астана Қозоғистоннинг олий ҳарбий ўқув юртларида таълим олишлари учун тожикистонликларга ҳар йили квота ажратиб келинаётганини эслатиб ўтган ва томонлар ўртасида қўшма ҳарбий машқлар ўтказиш масаласи муҳокама қилинганини билдирган.

Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирининг Тожикистон мудофаа вазирлигига маълумот сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолди. Вазирлик расмийси келишув имзоланганини инкор этмаган ҳолда унинг тафсилотлари “давлат сири” эканлигини таъкидлаш билан чекланди.

Чегаралари бир-бири билан туташмайдиган бу икки давлат – Қозоғистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг бири иккинчисига бепул ўқ-дори, ҳарбий анжомлар ва қурол-аслаҳа бериш даражасида тиғизлашуви сабабини қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевдан сўрадик.

-Қозоғистоннинг Тожикистонга бепул қурол-аслаҳа беражаги тўғрисидаги баёнот, тўғриси, ғалатироқ. Чунки Қозоғистоннинг ўзи қурол ишлаб чиқармайди. Ё КХШТ доирасида имтиёзли нархларда Россиядан сотиб олади, ёки Совет давридан қолган эски қуролларни ишлатади. Мана шундай шароитда қурол берамиз, дейишлари қизиқ, деди сиёсатшунос.

У бошқа жиҳатга алоҳида тўхталар экан, бундай деди:

- Масаланинг сиёсий жиҳатдан ўта нозик нуқтаси ҳам бор, чунки ҳозирги пайтда Тожикистон Ўзбекистон билан ўта мураккаб сиёсий зиддиятлар оғушида турибди. Ислом Каримовнинг “сув учун уруш чиқиб кетиш эҳтимоли” тўғрисида Қозоғистонда қилган баёнотини эсланг. Мана шундай шароитда Тожикистонга қурол бериш тўғрисидаги мудофаа вазири баёноти Қозоғистоннинг тинчликсевар сиёсатига мос келмай турибди, деди сиёсатшунос.

Шу ўринда 2012 йил июнидаги воқеани эслаш жоиз. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Тинчлик миссияси – 2012” ҳарбий машқларида қатнашиш учун кетаëтган Қозоғистон ҳарбий техникасини ўз ҳудудидан ўтказмаган, оқибатда Астана ҳарбий техникаси ва аскарларини Тожикистонга Қирғизистон ҳудуди орқали ўтказган эди.

Дўсим Сатпаевга кўра, Қозоғистон мудофаа вазирлигининг Душанбега қурол бериш тўғрисидаги қароридан президент Назарбоев хабарсиз бўлиши, бу масала вазирлик даражасидагина қабул қилинган бўлиши мумкин. Ва бу ҳолатни у Қозоғистон бошқарув тизимининг ўзига хослиги билан изоҳлади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос яна бундай деди:

- Сиёсий ва дипломатик нуқтаи назардан бу қарорни ўз вақтида қабул қилинган қарор, деб бўлмайди. Боз устига президент Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ўзбекистонда у Тошкент билан стратегик ҳамкорлик тўғрисида янги шартнома имзоламоқчи. Ва мана шундай шароитда Астананинг Душанбе билан ҳарбий ҳамкорлиги сал ғалатироқ кўринади, деди қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев билан рус тилида ўтказилган суҳбатни мана бу ерда тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:30 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG