Линклар

Жорий ҳафта Тошкент ва Киев шаҳарларида "Ўзбек палови" билан боғлиқ иккита йирик халқаро фестивал ўтказилади. Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаровнинг айтишича, бу каби тадбирлар ўзбек маданиятини ёйишнинг самарали воситасидир.



Тошкентда халқаро сайёҳлик кўргазмаси доирасида ўтказиладиган “PilafFest" - миллий ош фестивалининг пойтахт ҳаётидаги энг лаззатли тадбир бўлиши кутилмоқда.

19 апрел куни “PilafFest” тадбири ўтказиладиган Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” мажмуаси очиқ осмон остидаги улкан миллий ресторанга айланади.

Фестивалга келганлар ошнинг ўн хилини татиб кўришлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси, “PilafFest” танловининг жюри ҳайъати аъзоси Акбар Умаров Озодлик билан суҳбатда мазкур тадбир ўзбек миллий пазандачилик санъатини хорижлик сайёҳларга тарғиб қилиш мақсадида уюштирилаётганини айтади.

– Ўнта вилоятдан ўн хил ош пишади. Самарқандча, Бухороча ош бўлади, “Асака палов” пишади Андижондан. Хоразмча парҳез палов қилинади. Наманганча девзира ош бўлади. Тошкентча “Шодибек оши” пишади. Келган меҳмонлар нафақат уларни татиб кўриш, тайёрлаш жараёнини ҳам кузатишлари мумкин бўлади. Паловлар ўнта номинация бўйича мукофотланади,- дейди Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаров Озодлик билан суҳбатда.

Шу ҳафта охирида Украина пойтахти Киев шаҳрида ҳам Ош фестивали бўлиб ўтади. Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси бош-қош бўладиган фестивалда ҳам Ўзбекистон Акбар Умаров шогирдлари ўзларининг пазандачилик маҳоратларини киевликларга намойиш этишади.

– Ошпазларимиз Украина халқини ўзбек миллий пазандачилик санъати билан яқиндан таништириб, халқимиз маданиятини ошқозон орқали еткизишга ҳаракат қилишмоқда,- дейди Акбар Умаров.

Ўтган йил Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаров ва унинг шогирдлари 4 тонна 700 килограмм палов пишириб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришни режалаб қўйганликларини айтишган эди.

Жаноб Умаровнинг айтишича, улар ҳали ҳам бу режани амалга ошириш аҳдидан қайтишмаган.

– Гиннеслар китобига ариза берганмиз бу борада, лекин ҳали улардан тасдиқ олмаганмиз. Уларнинг шартлари бўйича ошнинг 80 фоизи гуручдан иборат бўлиши керак экан, бизнинг ҳисоб-китоб бўйича 60 фоизи гуручга тўғри келяпти. Агар тасдиқ олсак рўза-рамазон кунларини энг охирида шу ошни пиширамиз, деб турибмиз,- дейди Ошпазлар Уюшмаси раиси.

Гиннес паловини пишириш учун Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан жаъми 14 та профессионал ошпаз таклиф этилиши мўлжалланган.

Рекорд миқдордаги паловнинг ҳозирча қайси усулда пиширилиши маълум эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG