Линклар

Москва яна марказий-осиёликларни "қўрқитмоқда"


Дмитрий Рогозин Марказий Осий мамлакатлари фуқароларига виза жорий қилиш таклифини анчадан бери илгари суради.

Дмитрий Рогозин Марказий Осий мамлакатлари фуқароларига виза жорий қилиш таклифини анчадан бери илгари суради.

2013 йилда МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хориж паспортлари билан киритила бошлаши мумкин. Россия Бош вазири муовини Дмитрий Рогозиннинг бунга оид баёноти Тожикистондан келаётган поездлардан бири текшириб кўрилганидан кейин янгради.


Рогозин:“Тожикистон билан қатновни тўхтатиш керак!”

Астрахан вилоятининг Аксарайский чегара станцияси фаолиятини тафтиш қилгани борган давлат комиссияси Марказий Осиёдан келаётган поездлардан бирини текшириб кўриб, поездда на санитария, на хавфсизлик нормаларига риоя қилинаётганини хулоса қилишди.

Инспекция таркибида поездларни кўздан кечирган Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишченко санитария қоидаларига риоя қилинмаслиги ҳатто Тожикистон билан темир йўл қатнови узилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Агарда зарурий чоралар қўлланилмаса, ўз ваколатимиз ва ҳуқуқларимиз доирасида биз бундай составларнинг Россия Федерацияси ҳудудида ишлатилишига рухсат бермаймиз. Бу ҳаракатланиш таъқиқи деганидир,- деди турли давлатларга нисбатан Россия ҳукумати сиёсий босими сифатида санитария чораларини қўллаши билан танилган ва ўзининг ғаройиб таклифлари билан ахборот воситаларида “санитария тўқмоғи” ва “сеньор Помидор” лақабини олган Геннадий Онишченко.

У кўздан кечирилган “Душанбе-Москва” йўналишидаги поезднинг вагон-ресторанида музлатгич йўқлиги ва ювиқсиз идиш-товоқларни аниқлаб, бу вагонни поезддан узиб ортга қайтариб юборишни ҳам таклиф қилди.

Давлат чегара комиссиясини шахсан бошқарган Россия Бош вазири муовини Дмитрий Рогозин ҳам бош санитар врачи сўзларини қўллаб, тўпланган журнаистларга Тожикистондан келаётган поездлар аслида “наркотик карвонлари”дир, дея таъкидлади.

- Давлат чегарасидан узоқда ва ундан ҳатто сакраб тушишга имконият берадиган тезликда кетаётган поезддан темир йўл бўйлаб давлат чегарасигача қанча “товар” тушиб қолаётганини тасаввур қилинг. Бунга ортиқ чидаб бўлмайди, буни тўхтатиш керак! Президентимиз тушунарли қилиб айтди – кириш фақат хориж паспортлари орқали,- деди Дмитрий Рогозин.

Ўтган йил охирида Владимир Путин Федерал кенгаш олдида қилган чиқишида ҳақиқатан Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд таркибига кирмаган давлат фуқароларига ички паспортлар билан Россияга кириб келишни тақиқлашни таклиф қилган эди.

Бош вазир муовини идентификация қилинмайдиган ҳужжатлар асосида Россияга киришни тақиқловчи қарор яқин 3-4 ой давомида жорий қилиниши кераклигини уқтирди. Рогозин героин билан бирга мамлакатга “конституциявий тартиб асосларига путур етказувчи экстремистик мафкурани” олиб кирувчиларга ҳам чегара ёпилишини қўшимча қилди.

Расмийларнинг бу баёнотлари ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Россия ФСБси таркибидаги Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Владимир Мочалов Тожикистон Республикаси билан “темир йўл қатновини тўхтатишга” қаратилган ҳужжат аллақачон Транспорт вазирлиги ва РЖД компаниясига тақдим этилгани тўғрисида баёноти эълон қилинди.

Озодлик Россиянинг энг малакали дипломатларидан бири бўлган Анвар Азимов “Дождь” телеканали эфирида Россия ҳукумати 2015 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан виза тартибини жорий қилишни режалаётгани тўғрисида гапирган гапини қайтариб олгани тўғрисида хабар берган эди.

Баёнотлар сиёсий босим усулига айланганда...

Бироқ, 16 апрел куни Россия Чегара хизмати Тожикистон билан темир йўл қатновини тўхтатиб қўйиш таклифи улардан чиқмагани ҳақида махсус хабарнома тарқатилди.

“Россия ФХХ Чегара хизмати Тожикистон Республикаси билан санитария нормаларига мос келмайдиган йўловчи поездларнинг темир йўл бўйича қатновини тўхтатиш ва чеклаш ташаббусчиси эмас, чунки бу унинг ваколати доирасидан ташқаридадир”, дейилади хабарномада.

Ўзининг кескин баёнотлари билан катта шов-шувга сабаб бўлган Дмитрий Рогозин бироз вақтдан кейин ўзи вазиятни бироз текислашга ҳаракат қилиб, бу “КХШТ ва МДҲ доирасидаги Россия ҳамкори” бўлган Тожикистонга нисбатан кескин чоралар эмаслигини гапирди.

16 апрел куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия Ҳисоб палатаси раиси Сергей Степашин билан бўлган учрашув давомида юзага келган темир йўл масаласини кўтарди. Степашин Тожикистон раҳбарини Россия ҳукуматида “Тожикистон билан темир йўл қатновини ёпиб қўйиш нияти йўқлиги”га ишонтирди.

Айрим кузатувчилар Россия расмийларинг “чегарани ёпиш”, “визалар жорий қилиш”, “мигрантларни оммавий депортация қилиш” каби вақти-вақти билан янграётган баёнотлари муҳожирлар меҳнатидан тушаётган даромад ҳисобига кун кечираётган Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига босим ўтказиш ричагига айланиб қолганини гапирмоқда.

Расмийларнинг наркотик оқимига оид курашнинг бошқа, самаралироқ усуллари давлат раҳбарлари ва мутассадилар нигоҳидан негадир четда қолаётганини гапирган “Наркотикларсиз шаҳар” хайрия жамғармаси президенти, собиқ Дума депутати Евгений Ройзман Firstnews нашрига берган интервьюсида юқорида зикр этилган баёнотларни қуруқ сиёсий ўйин деб атади.

- Бу текширувлар – кечикиб бўлган чоралардир. Буни 2003-2005 йилларда ҳал этиш зарур эди, мен депутатлигимда ўшанда визаларни жорий қилишни тавсия қилгандим. Менга ҳеч ким қулоқ солмади. Ҳозирда Россияга энг катта наркотиклар оқими Хитойдан келмоқда... Бу баёнотлар эса, менимча Тожикистон раҳбарига қилинган босим ричагидир. Бу ерда фақат сиёсат, наркотикларга қарши курашга бундай баёнотларнинг мутлақо алоқаси йўқ, деди наркотикларга қарши курашувчи Россиядаги энг йирик ташкилот раҳбари Евгений Ройзман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG