Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:57

Шумахернинг тошкентлик “шогирд”лари


Тошкент кўчаларида йўловчи автобуслар бир-бири билан пойга қилаётгани ҳар кунги манзарага айланган.
Тошкент кўчаларида йўловчи автобуслар бир-бири билан пойга қилаётгани ҳар кунги манзарага айланган.

Машҳур пойгачи Шумахер тошкентлик айрим автобус ҳайдовчиларининг чапдастлигини кўрса борми, ўйлаб-нетиб ўтирмай, спортни тарк этарди. “Пойгачиман деб номаъқул бузоқнинг гўштини еб юрган эканман”, деб кўзёш ҳам қилволарди. Беҳазил.


Автобусга чиқишга юрак безиллаб қолди. Йўқ, шалоқаравалигидан ё одам тиқилинчлигидан эмас (Ҳартугул, четдан чимилдиқ кўрмаган келинчакдек янги “Мерседес”лар оп келиняпти. Қатнов ҳам хийла жадаллашиб қолди – тирбандлик муаммосининг тафти анча пасайди).

Минглаб йўловчилар қатори каминани ташвишга солган нарса – автобус ҳайдовчиларининг кўп-да қоидаларга риоя қилмаётгани, йўловчи эмас, “шолғом ташиётгани”!..

Автобусга ҳайдовчисига қараб чиқадиган бўп қолдим. Рулда ёш-яланг бўлса, вақт кетса кетсин, кейингисини кутаман. Жон ширин, ўпкасини қўлтиқлаганларга ишонч йўқ.

... Бу сафар ҳайдовчисига ҳам қарамай, шошилиб автобусга чиқвола қопман. Шўпир – 20 нинг нари-берисидаги бўз йигит. Болалигида телевизор тагидан чиқмай “Формула-1” мусобақасини кўрганми дейман, ҳамкасблари билан нуқул қувалашади.

Пойгага шўнғиб кетган “акам”нинг парвойи фалак: мункиб, туртиниб-суртиниб бораётган йўловчилар билан иши йўқ.

Яна денг, бутун дунёнинг муаммосини ҳал қилгудек шаҳд билан “сотка”да гаплашади. Узлуксиз қўнғироқбозликни кўриб, ҳайдовчи эмас, “Уолл стрит”даги учар биржачими, деб ўйлайсиз.

Довулда қолган кемадек қалқиб бораётган автобусда асабий хавотир ҳукмрон.

– Муштдек болага бутун бошли автобусни ким ишониб топширди ўзи?! – мункиллаган отахон издиҳомнинг дилидагини тилига чиқарди.

– Нимасини айтасиз! Орқа-олдига қараб юрмайдими, Попнинг калишини ташимаяпти, шекилли, – зардасини сочди бошқа бир мўйсафид.

– Авваллари беш-ўн йил стажи бўлмаган шўпирни автобусга йўлатишмасди. Ҳозир бўлса, тухумдан чиқибоқ, рулга ўтиришяпти, – маҳобат қилди элликларни қоралаган энликкина аёл.

– 600-700 минг ойликка бўйдоқ йигитлар қаноат қилмаса, катталар чидамайди. Автобус саройлари одам йўқлигидан тажрибасиз ёшларни олишга мажбур, – вазиятга ойдинлик киритди қаншарига кўзойнак қўндирган зиёлинамо киши.

– Ойлигини кўпайтириб, тажрибали шўпирларни олсин-да! Йўлкирани ошириб ётибди-ку! – эътироз билдирди бояги қария ўша таниш зардали оҳангда.

...Чорраҳадан шитоб билан қўзғалган автобус енгил машина билан тўқнашиб кетди. Шундай бўлиши аниқ эди!

Худо сақлади, енгил жароҳатни айтмаса, ҳеч ким жиддий жабр кўрмади. Лекин кимўзар пойга ҳар доим ҳам енгил жароҳат билан якунланишига кафолат йўқ. Шумахернинг фотиҳасини олмаган шогирдчаларига инсоф берсин!..
Куни автобусга қолган йўловчи
XS
SM
MD
LG