Линклар

logo-print

“Яман ўзбек шифокорларни ҳайдаяпти”


 Ўзбекистонлик сохта шифокорлар асосан, Яманнинг қишлоқларида ишлайди.

Ўзбекистонлик сохта шифокорлар асосан, Яманнинг қишлоқларида ишлайди.

Яманда ишлаётган ўзбекистонлик юзлаб шифокорлар жорий йилнинг 1 майидан Яман ҳукумати ўзбек, тожик ва ҳинд шифокорлари учун виза беришни тўхтатишни режалаштираётганидан ташвишланмоқда. Бу мамлакатлардан Яманга бориб ишлаётган тиббий ходимлар орасида сохта докторлар борлиги аниқлангач, ҳукумат шундай чора кўришга қарор қилгани айтилмоқда.



Сана шаҳрида 4,5 йилдан буён хирург бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик шифокорнинг Озодликка айтишича, 1 майдан бошлаб Яманга келиб тиббиёт соҳасида ишламоқчи бўлган Ўзбекистон, Тожикистон ва Ҳиндистон фуқаролари учун чекловлар жорий қилинади.

- Яман Соғлиқни сақлаш вазирлиги приказ чиқарибди, шу Ўзбекистондан, Тожикистондан, Ҳиндистондан келган медперсоналларни подробно текшириш ва визани отмен қилиш бўйича. Визаси борлари ишлаб, қайтиб кетгандан кейин қайтиб киргизмаслик айтилаяпти. Биринчи майдан мана шу приказ амалга ошаркан. Ҳозир ўзбекистонликлар, тожикистонликларнинг келиши мумкин бўлмаяпти. Виза чиқмаяпти,- деди исми сир қолишни сўраган Санадаги ўзбек шифокори.

“Яманда сохта докторлар кўп”

Суҳбатдошга кўра, 2011 йилги “Араб баҳори” исёни натижасида ҳокимиятдан ағдарилган Али Абдуллоҳ Солиҳдан сўнг Яман президентлигини эгаллаган Обид Раббо Мансур Ҳадий ҳукумати тиббиёт соҳаси ислоҳотлари доирасида мутахассислар малакасини текшира бошлаган.

- Энди булар ҳам секин уйғонаяптида. Четдан келиб ишлаëтган медперсоналларни текшириш ҳолатлари бўлаяпти. Бу янги президенти келгандан кейин бошланди. Илгариги президент даврида ҳамма жой очиқ эди. Умуман медицина пала-партиш ишлаб ëтувди. Энди секин-секин булар ҳам тартибга олаяптида,- дейди ўзбек шифокори.

Ўзбекистонлик шифокорга кўра, кейинги пайтда ўтказилган бир қанча текширув натижасида ўзбекистонлик, тожикистонлик ва ҳиндистонликлар орасида сохта докторлар борлиги аниқланганидан кейин бу мамлакат фуқароларининг Яманга келиб, тиббиёт соҳасида ишлашини тақиқлаш режаси ўртага чиққан.

- Ҳиндистондан ҳам жуда кўп медицина ходими бўлмаган кишилар бор. Ўзимиздан ҳам охирги пайтларда шунақалар жуда кўп келган. Медсестралар келиб докторлик қилаяпти, қишлоқ жойларидаги поликлиникаларда. Ўқитувчилар келиб докторлик қилаяпти, тикувчилар келиб докторлик қилаяпти. Медсестра бўлмаганлар келиб бу ерда ўрганиб медсестра бўлиб ишлаяпти. Чақиргандан кейин келиб, бир акушер генекологнинг ëнида икки ярим-уч ой стажировкада бўлади. У ўргатади. Туғриқ пайти нима қилиш зарурлиги ва УЗИ қилишни ўргатади. Кейин қишлоқ жойларидаги поликлиникага бориб, ўша ерда ҳам медсестралик, ҳам докторлик қилади. Энди медицина ходими бўлмаганлиги учун, медиинани барибир уч ойда яхши ўргана олмайди, ўшандан кейин хатоликлар бўлаяпти. Шунинг ҳисобига мана шунақа чекловт юз бераяпти,- дейди ўзбек шифокори.

Унинг айтишича, Ўзбекистондан келган айрим шифокорлар Яманда ўз мутахасислиги бўйича иш тополмагач, тиббиётнинг бошқа соҳаларида ишлаш ҳолатлари ҳам кўплаб учрайди.

- Педиатрларимиз ëки бўлмаса терапевтларимиз бу ерда акушер-гинекологлик қилаяпти. Ëки бўлмаса ЛОР врачларимиз келиб акушер-гинекологлик қилаяпти. Чунки уларга иш бор. Терапевтлар ўзлариники етарли. Ҳозир булар ҳам жуда ўқияпти. Кўпчилиги четга бориб ўқиб келаяпти, ўзларида ҳам тайëрлаяпти,- дейди суҳбатдошимиз.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган бошқа бир ўзбек шифокорининг айтишича, у Яманга бориб бир неча бор ишлаб келган. Ҳозирда Ўзбекистонда бўлган суҳбатдошга кўра, кейинги пайтда Ямандан виза бериш тўхтатилгани ҳақида гап-сўз кўпайган.

Яманнинг Москвада жойлашган МДҲ мамлакатлари учун элчихонаси консул ёрдамчиси жаноб Бин Амин Ўзбекистон фуқаролари учун виза бериш тўхтатилгани ва уларнинг Ямандан чиқариб юборилаётгани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

- Яманда қонунни бузган фуқароларнигина мамлакатдан чиқариб юборилади. Лекин барчани ҳайдаш - бўлиши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистонликларни ҳайдаётгани ҳақида мен умуман эшитмадим,- деди Бин Амин.

“Яманда 3500 ўзбек шифокори бор”

Ямандаги ўзбек шифокорларига кўра, дастлаб ўтган арснинг 90-йиллари ўрталарида самарқандлик икки рус шифокори Россиядаги Яман элчихонаси ёрдамида ушбу мамлакатга бориб ишлаган. Кейинчалик улар ёрдамида ўзбекистонлик бошқа шифокорлар ҳам Яманда ишлашга кетган.

“Араб баҳори” воқеаларидан аввал Яманда тахминан 5000 ўзбекистонлик шифокор борлиги айтилган эди.

Яманда ишлаётган ўзбек шифокорларига кўра, бугунги кунда тиббиёт соҳасида ишлаш учун келаётган ўзбекистонликлар сони бироз камайган ва улар сони тахминан 3500 атрофидадир.

Суҳбатдошларимиз келтирган маълумотга кўра, Тожикистондан 300 атрофида, Ҳиндистондан эса тахминан 7000 киши Яманда шифокорлик қилаяпти.

Кейинги пайтда суриялик шифокорларни Яманда ишлашга жалб қилиш ҳолатлари ҳам кўпайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG