Линклар

logo-print

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистонга қарашли Сўх эксклави чегараси бўйлаб тиканли сим тортиш амалиёти давом этаяпти.


Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайти Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилади.

Маълумотларга кўра, чегара бўйлаб сим тортиш ишлари билан Ўшдаги “Ақ-Жўл қурулуш транс” корхонаси шуғулланмоқда.

Бугунги кунда Сўх эксклави атрофидаги ўзбек-қирғиз чегарасида 612 та темир устун ўрнатилиб, 2,5 километрга тиканли сим тортилган.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси матбуот хизмати ҳозирда тиканли сим тортиш ишлари Алқан қишлоғида амалга оширилаётганини билдирган.

- Иш жуда қийин кечаяпти, чегаранинг ҳар бир сантиметри икки томон келишувини талаб қилади, - дея иқтибос келтиради Сa-news нашри матбуот хизмати вакилларига иқтибосан.

Бу ишлар жуда секин кетаётгани ҳамда чегараолди муаммолари ҳал бўлмагани важидан 15 апрел куни Сўх яқинидаги Чорбоғ қишлоғи аҳли вилоят маркази бўлмиш Боткен шаҳрида митинг ўтказганди.

Митингчилар Сўхда содир бўлган нохуш ҳодисадан буён орадан 4 ой ўтганига ва бу ердаги муаммоларни ҳал қилиш учун Қирғизистон ҳукумати томонидан 371 миллион сўм (тақрибан 7,73 миллион АҚШ доллари – таҳр.) ажратилганига қарамай, чегарани мустаҳкамлаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва бошқа шу каби муаммолар ҳал қилинмаганини қайд этганлар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 январ куни Қирғизистон чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрнатганига Сўх эксклавининг Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. Оқибатда норозилик 6-7 январ кунлари қирғиз чегарачиларини ўқ отишга мажбур қилган ва хушёрликлар томонидан 30 қирғизистонлик гаровга олинган катта жанжалга айланган эди. 7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Душанба куни Боткен шаҳрида бўлиб ўтган митингда чорбоғлик Жумабай Турсуналиев чегарадаги муаммолар туфайли қишлоқдошлари туғилган жойларини ташлаб кетаётганларини, сўнгги пайтларда уч оила Чорбоғдан Боткен шаҳрига кўчиб ўтганини айтган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Чорбоққа қўшни бўлган Хушёр қишлоғига водопровод ўрнатиб, аҳолисини доимий сув билан таъминлаган, чорбоғликлар эса ҳамон ташқаридан ташиб келтирилган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Митингчилар билан учрашган қирғиз расмийлари чегараолди муаммолари аста-секинлик билан ҳал бўлаётгани, ҳукумат томонидан ажратилган пулга Чорбоғда бир неча ижтимоий объект, шу жумладан, водопровод тизими қурилаётганини айтганлар ва 20 йилдан буён йиғилиб қолган муаммолар бир неча кунда ҳал бўлмаслигини қайд этганлар.
XS
SM
MD
LG