Линклар

logo-print

Ўш ва Боткен вилоятларида ёшларни ёллаб, Сурияга урушга олиб кетишмоқда. Бу ҳақда 17 апрел куни Қирғизистон парламенти депутати Дастан Жумабеков парламент сессияси чоғида маълум қилди. Унга кўра, Сурияга олиб кетилаётган ёшлар масжидларда ёлланмоқда.

Депутат Дастан Жумабековнинг айтишича, Ўш вилоятининг Аравон тумани ва Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳридан ўндан ортиқ ёш йигитлар Сурияга ёлланма аскар қаторида олиб кетилган.

-Депутат Ўмур Бакировга Аравон ва Қизилқиядан бир қатор ота-оналар мурожаат қилишибди. Ота-оналарнинг айтишларича, уларга “Россияга кетаяпмиз”, деб уйдан чиқиб кетган фарзандлари Истанбулдан телефон қилишган ва “биздан рози бўлинглар, биз Сурияга уришга кетаяпмиз”, деб айтишган. Ўмурбек Бакиров бугун эрталаб ўз ёнидан ҳаражат қилиб, ота-оналарнинг вакиллари билан Истанбулга учиб кетди, - деди Дастан Жумабеков.

Депутатнинг айтишича, Сурияга урушга кетган қизилқиялик ва аравонликлар сони 15 кишига яқин. Бироқ мустақил манбалардан ҳозирча Сурияга фақат Қизилқиядангина ёш йигитлар олиб кетилганини тасдиқлатиш имконияти бўлди холос. Аравон туманидан эса Сурияга кетганлар ҳақидаги маълумот ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

Қизилқия шаҳар кенгаши депутати Мухтор Мирқодиров Сурияга кетганлар ҳақида шаҳар ҳокимиятида ҳам гап-сўзлар бўлаётганини айтди:

-Ҳокимиятда қизилқиялик 20 йигит Сурияга урушга кетгани ҳақида гап бўлаяпти. Айтишларича, уларнинг кўпчилиги уйланган, бола-чақали одамлар. Улар кетишдан олдин хотинларидан ризолик олиб, биздан рози бўлинглар, деб кетишган экан, - деди Мухтор Мирқодиров.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат агентлигининг диний ташкилотлар ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Мамбетбек Мирзабаев бундан икки кун олдин Сурияга кетган йигитларнинг ота-оналари уларга мурожаат қилгани ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, Қизилқиядан Сурияга "жиҳод қилиш учун" отланган 7 кишининг шахси аниқланган.

-Менга ҳозир етти йигитнинг исми-шарифи маълум бўлди. Уларнинг бири 1977, яна бири 1978, икки нафари 1985, биттаси 1984, яна биттаси 1987, энг ёши эса 1994 йилда туғилган. Улар март ойининг 20-кунидан бошлаб бир неча кун оралиғида Туркияга чиқиб кетишган. Туркия орқали улар Сурияга ўтишни режалаштиришган, -деди Мамбетбек Мирзабаев.

Расмийлар Сурияга кетаётган йигитлар масжидларда ёлланаётганини айтишмоқда. Бироқ Қирғизистон муфтияти бундай билдирувларни “масъулиятсиз баёнот” лар сифатида баҳолади. Муфтият матбуот котиби Жоро Шергазиев “Озодлик” радиосига берган суҳбатида бу каби қарорларни ҳар ким ўзи онгли равишда қабул қилишини ва бу ишда масжидларни айблаш жиддий хатолик бўлишини таъкидлади.

Расмий Бишкек қизилқиялик йигитлар қайси оқим ёки ташкилот таъсири билан Сурияга йўл олгани ҳам номаълум эканини айтмоқда.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги консулилигининг “Озодлик” радиосига билдиришича, айни пайтда парламент депутати Ўмур Бакиров икки нафар ота-она билан Туркияга етиб келган ва Сурияга “жиҳод”га кетганини билдирган йигитларни қидириш ишлари расман бошланди.

Туркиянинг Истанбул шаҳри турғуни, Истанбулга келувчи мухожирларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланувчи Муҳаммад Умарнинг айтишича, кейинги пайтда Туркия орқали Сурияга бориб “мусулмонларга қилинаётган зулм”га қарши жиҳод қилмоқчи бўлган марказий осиёликлар сони кўпайиб бормоқда.

-Дунёнинг турли бурчакларидан “зулмга қарши кураш” учун деган шиор билан кўп мусулмонлар келади. Улар Туркия орқали Сурияга ўтишга ҳаракат қилишади. Менинг касбим бевосита одамлар билан ишлаш бўлгани учун ҳам, улар билан кўп учрашаман, кўп гаплашаман. Бир ҳафта олдин ёши 20-30 ёшлар атрофида бўлган қирғизистонлик уч йигит билан масжидда танишдим. Улар ҳам Сурияга кетишни мақсад қилганлардан экан. Бундай ҳолатлар жуда кўп учрайди. Аммо бу одамларнинг қанчаси Сурияга ўтишга муваффақ бўлганини билмайман, - деди Муҳаммад Умар.

Суҳбатдошимиз "Сиз суҳбатлашган одамлар пулга ёллангани ёки уларга катта пул ваъда қилингани ҳақида гапиришганми?” деган саволимизга “Бу масалага мен қизиққан эмасман”, деб жавоб берди.

“Араб баҳори” тўлқини таъсирида Сурияда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида тўқнашувлар бошланган эди. Сурияда деярли икки йилдан бери давом этаётган низолашувда, БМТ маълумотида айтилишича, 70 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG