Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Бостон ҳужуми учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига олганича йўқ


Федерал тергов бюроси Бостон марафонида портлаган бомбалардан бири солинганини тахмин қилаётган рюкзак қолдиқлари.
Федерал тергов бюроси Бостон марафонида портлаган бомбалардан бири солинганини тахмин қилаётган рюкзак қолдиқлари.

АҚШ Федерал тергов бюроси Бостон марафонидаги бомба хуружи учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ, демоқда. Терговчиларнинг дастлабки хулосаларига кўра, қўлбола портловчи мосламалар “тезқайнар кастрюл”дан ясалган бўлиб, жиноятчилар уни қора сумка ёки рюкзакларда оломон ичига олиб ўтишган.



Бостонда душанба кунги марафон пайтида бирин-кетин содир этилган иккита портлашда уч киши ҳалок бўлди. Улардан икки нафари АҚШ фуқаролари 8 яшар бола ва 29 ёшли аёл экани маълум қилинди. Сешанба куни маълум бўлишича, портлаш қурбонларининг бири Бостон Университетида ўқиган хитойлик талаба қиз бўлган. Жароҳатланганлар сони 170 кишидан ортиқдир.

Портлашлар содир этилганидан икки кун ўтган бўлса-да, Федерал тергов бюросининг айтишича, бомба хуружи учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Федерал тергов бюроси махсус агенти Рик Деслориернинг айтишича, терговчилар иккала портлаш рўй бюерган жойдан бомбалар яширилгани тахмин қилинаётган сумка ёки рюкзакка доир бўлиши мумкин бўлган нейлон матоҳи парчалари ва бошқа ашёларни топган.

ФТБ махсус агенти Деслориер сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида бомбалар “тезқайнар кстрюл”дан ясалган бўлиши мумкинлиги ва портловчи мосламаларга доир сочма ўқлар ва михлар топилганини маълум қилди.

- Воқеа жойидан топилган ашёлар орасида рюкзакнинг парчаси деб тахмин қилинаётган қора рангдаги нейлон матоҳи, тезқайнар кастрюл ичига солинган бўлиши мумкин бўлган сочма ўқлар ва михлар бор. Шунингдек, бугун эрталаб портловчи мосламаларнинг иккаласи ҳам қора рангдаги нейлон сумка ёки рюкзакларга солингани аниқланди. Бомба ичига солингани гумон қилинаётган ашёлар инобатга олинса, сумка анча оғир бўлган бўлиши керак,- деди терговчи.

Сешанба куни кечқурун АҚШ хабар агентликлари ҳодиса жойидан топилгани айтилаётган, пачақланган ҳолатдаги темир контейнер ва парчаланиб кетган сумка расмларини эълон қилди.

Ал-Қойда гуруҳининг Ямандаги ҳалқаси 2010 йилда Интернетда эълон қилган материалда тезқайнар кастрюлдан бомба ясаш усулини тасвирлаган ва бундай бомбалар шу пайтгача Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Непалда ишлатилган.

Лекин тезқайнар кастрюлдан бомба ясаш кўрсатмаларини Интернетдан топиш мумкин ва ҳар қандай одам, жумладан АҚШдаги террорчилар томонидан ҳам, нисбатан осонроқ ва арзонроқ ясалиши мумкин.

Президент Барак Обама ҳодиса террорчилик сифатида тергов қилинаётганини баён қилди, лекин мазкур “хуруж хорижий ёки маҳаллий террорчи ташкилоти томонидан режалаштирилиб, амалга оширилганми, ё бирор ёвуз ниятли кимса томониданми” ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундан хабари йўқ, дея эътироф этди.

- Бу жирканч ва пасткаш хуруждир ва ҳозир айтишимиз мумкин бўлган нарса шуки, ФТБ буни террорчилик хуружи ўлароқ тергов қилмоқда. Бегуноҳ фуқароларга қарши қаратилган ҳар қандай бомба террор хуружидир,- деди АҚШ президенти.

Оқ уй маъмуриятининг маълум қилишича, Обама пайшанба куни Бостонга бориб, бомба ҳужуми қурбонлари хотирасига бағишланган маросимда иштирок этиш ниятини билдирган.

АҚШ Ички ишлар вазири Жанет Наполитано бомба портлашлари Америкага қарши каттароқ фитнанинг бир қисми эканига ишора қилувчи далиллар топилмаганини баён қилди.

Бостонда рўй берган ҳодиса 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан бери Қўшма Штатлар ҳудудида тинч фуқароларга қарши амалга оширилган энг талафотли ҳужум бўлди. Ал-Қойда гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олган ҳужумлар оқибатида уч мингдан ортиқ одам қурбон бўлган эди.

ФТБ махсус агенти Деслориер гумонланувчилар ва уларнинг мотивларини аниқлаш масаласи “очиқ қолмоқда”, дея таъкидлади ва жамоатчиликни ҳодисага оид маълумотлари бўлса, ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилишга чақирди.

- Бу ишни ким қилганини кимдир билиши керак. Жамоатчиликнинг ҳамкорлиги терговда муҳим рол ўйнайди. Биз фирма ва корхоналардан кузатув камераларидаги видео ёзувларни асл холида сақлаб қолишни сўраймиз. Жамоатчиликдан сергак бўлиш ҳамда марафонга қарши ҳужум қилиш ниятини билдирган ёки портловчи мосламаларни ясашга шубҳали қизиқиш билдирган ҳар қандай шахс ҳақида бизни хабардор қилишни сўраймиз,- деди ФТБ агенти.

Халқаро ҳамжамият етакчилари, жумладан Саудия Арабистон, Форз Кўрфази ҳамкорлик кенгаши ва Ислом Конференцияси ташкилоти Бостон портлашларини қораламоқда.

Саудия Қироли Абдуллоҳ Америка халқига юборган ҳамдардлик мактубида бу ишни қилганлар “на дини ва на иймони бўлган ҳамда фақатгина ўз манфаатларида ҳаракат қиладиган жиноятчилардир”, деб ёзди.
XS
SM
MD
LG