Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:37

Тошкент-Чорвоқ йўлидаги "дача"лар бузилмоқда


Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Тошкент-Чорвоқ автотрассаси бўйига қурилган уйлар ва дала ховлилар оммавий бузилмоқда. Уйларни бузиш ишларига масъул экани иддао қилинган амалдорларга асосланиб нашрининг ёзишича, уй ва дала ховлиларнинг бузилиши шаҳар ташқарисидаги резиденциясига қатнашда Тошкент-Чорвоқ автомобил йўлидан фойдаланадиган давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш доирасида амалга ошмоқда.


Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокимияти расмийси Озодлик билан суҳбатда Тошкент-Чорвоқ автомобил йўлининг бир қисмида йўл четида қурилган дала ховлилар бузилаётганини тасдиқлади.

- Бектемир-Карвон йўналишидаги йўлнинг икки томонидаги ноқонуний қурилган дала ховлилар бузиляпти,- деди ўзини таништирмаган ҳокимият расмийси.

Бўстонлиқ туман ҳокимияти қурилиш бўлимининг ўз исмини айтишни хоҳламаган вакили Озодлик билан суҳбатда Тошкент-Чорвоқ автомобил йўли четида, фақат муҳофаза ҳудудида жойлашган дала ховлилар бузилаётганини таъкидлади.

- Чап қирғоқ томон борку. Чирчиқ шаҳар томон эмас, ичкаридан кириб келадиган янги трасса, ўша ерда йўлнинг 50 метрлик муҳофаза минтақасига тушган дачалар бузиляпти. Абайдан бошлаб бузилиш бошланган. Йўл ўқидан бошлаб 50 метр масофада, муҳофаза минтақасига тушган дачалар бузилади фақат. 50 метрдан нарида бўлса, бузилмайди. Қонун бўйича шунақа, 50 метр ичида “зелёний зона” бўлиши керак, деб тушунтирди Бўстонлик туман ҳокимияти расмийси.

Uzmetronom.com нашрига кўра, Тошкент-Чорвоқ автомобил йўли четида жойлашган дала ховлилари бузилаётган фуқароларга 1 миллиондан 5 миллион сўмгача товон пули тўланмоқда ва бу шаҳар ташқарисидаги резиденциясига бориб келишда Тошкент-Чорвоқ йўлидан фойдаланадиган давлат раҳбари хавфсизлигини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Бироқ Бўстонлиқ туман ҳокимияти расмийси дала ховлилар бузилиши давлат раҳбари хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ эмаслигини ва ноқонуний қурилган дача эгаларига ҳеч қандай товон пули тўланмаслигини таъкидлади.

- Кимнингдир хавфсизлиги учун эмас, фақат ўша 50 метр муҳофаза минтақасида бўлса бузилади. Бошқа гап йўқ. Компенсация тўлови тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ, деди ҳокимият расмийси.

Ўз каналлари орқали олинган маълумотга асосланиб мустақил нашрининг яна бирдиришича, яқин фурсатда Юқори-Чирчиқ туманининг Бордонқул посёлкасидаги уйлар ва Тошкент-Чорвоқ автотрассаси бўйида жойлашган бошқа аҳоли пунктларидаги дала ховлиларни ҳам бузиш режаланган.

Ўзбекистонда ободанлаштириш, йўл қурилиши ёки таъмирлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий уйлар, дўкон ва бошқа тижорат объектларининг бузилиши ва эгаларига мулкнинг ҳақиқий қийматида товон пули тўланмаслиги янгилик эмас.

Ўтган ҳафта Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасида яшовчи аҳоли Ўзбекистон Бош прокурори ўқиган мактабни таъмирлаш учун 40дан ортиқ хонадон бузилгани, туман ҳокими ваъда берганига қарамай, аҳолига ҳеч қандай товон пули берилмаётганидан Озодликка арз қилган эди.

Жорий йилнинг феврал ойида Урганч шаҳри марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлари бузилган фуқаролар товон пули ололмаëтгани учун норозилик билдирган эди.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳрини янги бош планга мувофиқ ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун уйлари бузилган одамлар ҳам товон пули ололмаганидан шикоят қилган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2011 йил 22 ноябр куни Фарғона вилояти ҳокимиятида ўтказган йиғилишда шаҳар реконструкциясига халал берадиган аҳоли уйларини бузиш ва кўчириш ҳақида тегишли ташкилотларга буйруқ берган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG