Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:50

Навалний кимнинг жиғига тегди?


Алексей Навалний Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган.
Алексей Навалний Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган.

Россия президентлигига даъволари борлигини айтиб келадиган россиялик таниқли блогер ва мухолифатчи Алексей Навалний устидан Киров шаҳрида бошланган суд 24 апрелга қолдирилди. Ҳукумат томонидан катта миқдорда ёғоч ўғирлигида айбланаётган мухолифат етакчиси судни “сиёсий буюртма” деб атамоқда. Кузатувчилар Навальнийнинг қамалиши йирик сиёсий жанжални келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.


Суд 24 апрелга қолдирилди

17 апрел куни Киров шаҳрининг Ленинский туман судида ўзига катта жамоатчилик эътиборини тортган маҳкама бошланди. Айбланувчи – таниқли блогер, мухолифатчи ва Путин сиёсатининг энг ашаддий танқидчиларидан бири адвокат Алексей Навалний.

Озодликнинг рус хизмати мухбири Маряна Торочешникова Кировдаги суд залида ва ташқарида Навалнийнинг юзлаб тарафдорлари ва журналистлар йиғилгани, шунга қарамасдан айбланувчи янги адвокатни ёллагани сабабли маҳкама атиги 40 минут давом этганини маълум қилди.

- Навалнийнинг ўзи ҳам унга иш материаллари билан танишиб чиқиш учун атиги 36 соат вақт берилганидан арз қилди. Унинг бу талабини суд инобатга олмаслиги мумкин эди, бироқ адвокатга иш материаллари билан танишишга имкон бермаслик қонун бузилишига олиб келарди. Шу сабабли судя Сергей Блинов маҳкамани 24 апрелга қолдирди,- деди Маряна Торочешникова.

Мухбиримиз судя Сергей Блинов ўтказган суд 130та маҳкаманинг барчасида айблов ҳукмини чиқарганига эътиборимизни қаратди. Марянага кўра, Алексей Навалний судга уни қўллаб-қувватлагани келган журналистлар ва ўз тарафдорларига миннатдорчилик билдириб, бу жиноий иш сиёсий тусга эга экани ва ҳар қайси адолатли суд унинг айбсиз эканини осонлик билан тасдиқловчи хулоса чиқаришига ишонишини таъкидлаган.

Навалний суди олдидан кировликлар билан савол-жавоб
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк


Киров туман суди олдида кремлпараст ёшлар ҳаракати вакилларининг озчилик митинги ҳам уюштирилгани хабар қилинди.

Россия Тергов қўмитаси: “Навалний ҳукумат жиғига тегди!”

Сиёсий-жамоатчилик фаолиятини бошлаганидан бери Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг тинимсиз назоратида бўлган мухолифатчи Алексей Навалний “Кировлес” ширкатини 16 миллион рубл (510 минг АҚШ долл.- таҳр.) миқдоридаги ёғоч махсулотини арзон нархда сотишга мажбурлаганликда ва ширкатга “катта миқдорда зарар келтирганликда” айбланмоқда: бу айбловлар ўз исботини топса, у 10 йилгача қамоққа ташланиши мумкин.

Аввалига у енгилроқ модда – “бировнинг ишончидан фойдаланиб ёки қаллоблик йўли билан моддий зарар келтириш” асосида айбланган ва Россия Тергов қўмитаси аввалги айбномасида 1,3 миллион рубл миқдоридаги зарар тўғрисида маълумотлар келтирилган эди.



Ўтган йилнинг май ойида бу айблов асосида очилган жиноий иш Киров терговчилари томонидан “жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли ёпилгани” Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг қаттиқ танқидига учради.

Кўп ўтмай блогер Навалний Бастрикин ва парламентнинг қатор депутатлари хорижда кўчмас мулк эгалари экани тўғрисида компроматларни чоп этиши ортидан Россия Тергов қўмитасининг марказий аппарати Алексей Навалний ишини ўз назоратига олиб, жиноий ишни қайта қўзғатди.

Боз устига, Навалний адвокатлик мақомини ноқонуний тарзда қўлга киритганликда айбланди.

- Тергов хулосасига кўра, Киров адвокатлар палатасига Навалний томонидан тақдим этилган 2 йилдан ортиқроқ адвокатлик стажи тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди,- деди Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин.

Маркин суд “одил ва қонун асосида” ўтказилишини таъкидлаб, ўзи билмаган ҳолда чиқишларидан бирида Навалний устидан бошланган тергов сиёсий буюртма эканини тан олиб, бундай деди.

- Айбланувчи ўзига эътибор қаратиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда, айтиш мумкинки, ҳукуматнинг жиғига тегмоқда – мана, мен оппоқинага қаранг, дея. Бироқ, ҳеч ким унга жамоатчилик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қилаётгани йўқ. Ҳатто зонада ҳам судланганлар хат ёзади, тизимга қарши кураш олиб боради – унинг бунақа малакаси у ерда жуда қўл келади, деди киноя билан Навалний аллақачон ҳукумат томонидан айбланувчидан маҳкумлар қаторига қўшилиб бўлганига ишора қилган Владимир Маркин.

А.Навалний: “Мен президент бўлишни хоҳлайман!”

Бир неча йил давомида ўзининг қатор самарали лойиҳалари ва чиқишлари билан Россияда “коррупцияга қарши бош курашчи” унвонига сазовор бўлишга улгурган Алексей Навалний бу айбловларни рад этиб, ҳукумат унга қарши ҳақиқий ов бошлаганини айтиб келмоқда.

“Дождь” телеканали эфирида Путин сиёсати ва “ўғри ва қаллоб мансабдорларга қарши курашни давом эттириш учун” президентликка ҳам давогарлик қилишга тайёр эканини билдирди Навалний.

- Мен президент бўлишни истайман. Мен мамлакатда ҳаётни ўзгартирмоқчиман. Мен давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни истайман. Мен нефт ва гази ердан отилиб чиқаётган бу мамлакатда яшаётган 140 миллион одам бундай қашшоқлик ва охири кўринмайдиган бемаъниликда яшашини эмас, нормал яшашини истайман. Европа мамлакати каби,- деди Алексей Навалний.

Фикрини давом эттириб, блогер ҳокимият тепасига келса “Путин, Ротенберг, Тимченко ва бошқаларни қамоққа ўтказиш” нияти борлигини билдирди.

Навалний Путин ҳукумати унга судланганлик тамғасини осиб, кейинги президент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этаётгани, зеро Россия қонунчилигига мувофиқ у ҳатто шартли судлов билан сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини гапирмоқда.

Кутилмаганда, “Фуқаролик платформа” ҳаракати етакчиси миллиардер Михаил Прохоров куни-кеча Навалнийни ҳимоя қилиб чиқди. Тергов қўмитаси Владимир Маркиннинг палапартиш баёнотларидан ғазабланган Прохоров “Кировлес иши” тўлиқ сиёсийлашиб кетгани ва суд репрессия машинасига айланиб қолганига ишонч хосил қилганини таъкидлади.

- Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда бундай баёнотнинг ўзи “Навалний иши” ёпилиши ва генерал Маркиннинг ўзига қарши иш очилишига олиб келган бўларди... Жамиятнинг бир қисмида бирор судга олдиндан ишонч йўқолса, у ҳуқуқий институтдан репрессия машинасига айланиб қолади, деб ёзди шахсий блогида Михаил Прохоров.

Ўтган ой ўрталарида Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолари Алексей Навалний ҳимоясига ҳужжат имзолади. Унда мухолифатчига қарши жиноий ишлар “унга босим ўтказиш учун” очилгани таъкидланди.
XS
SM
MD
LG