Линклар

Гулнорага алоқадор Takilant дастидан Nordea банки жаримага тортилди


Takilant Ltd. ширкатининг расмий хўжайини Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлган Гаянэ Авакяндир.

Takilant Ltd. ширкатининг расмий хўжайини Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлган Гаянэ Авакяндир.

Швециянинг Nordea банки ўз мижозларидан бири бўлган Takilant Ltd. ширкатига нисбатан тутган ёндашуви боис 30 миллион швед кронаси (4,7 миллион АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Гибралтарда рўйхатга олинган ва Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор, деб кўрилган Takilant Ltd. фирмаси Швециянинг TeliaSonera ширкатидан пора олиш мақсадида ишлатилгани ва пул ювишда айбланмоқда.



Швеция ҳукумати қошидаги Молиявий назорат идораси Скандинавия мамлакатларида энг йирик ҳисобланган Nordea банкига, пул ювиш жиноятининг олдини олиш учун етарли чора кўрмагани важидан, 30 миллион швед кронаси миқдорида жарима солди.


Гап Nordea банки ўз мижозларидан бири бўлган Takilant Ltd. ҳисоб рақамларидаги пуллар манбасини етарлича ўрганмагани ҳақида кетмоқда.

Молиявий назорат идорасининг Банклар устидан назорат қилиш бошқармаси ижрочи директори Улдис Серпс, Озодлик билан суҳбатда, Nordea банки ўз мижозлари билан муносабат қилишда Европа Иттифоқи талабларига риоя қилмагани боис жаримага тортилганини маълум қилди. Хусусан, эгалари Ўзбекистонда бўлган Takilant Ltd. ширкатининг катта миқдордаги активлари манбаси банк томонидан текширилмаган, дейди Швеция ҳукумати мулозими.

- Бунинг асосий сабаби Nordea банки Европа Иттифоқининг санкцияларга доир меъёрларига амал қилмаганидир. Яъни банк ўз мижозлари бўлган ширкатларнинг асл эгалари кимлигини ўрганмаган ва уларнинг исмларини ЕИ санкциялар рўйхатидаги исмлар билан солиштирмаган. Бундан ташқари банк ўз мижозлари орасидаги ширкатлар хўжайинларини аниқламасдан улар билан муносабат қилган. Бунда, хусусан, катта шов-шувга сабаб бўлган пул ювиш жиноятига алоқадор ширкатнинг асл хўжайиналри коррупция авж олган мамлакатда, яъни Ўзбекистонда экани инобатга олинмаган ҳолда бу ширкат билан алоқа қилинганидадир. Банкнинг пул ювиш хавфини баҳолайдиган мутасаддилари ўз вазифасини тегишли тарзда бажармаган, дейди Улдис Серпс ва гап Takilant Ltd. ширкати ҳақида кетаётганини қўшимча қилади.

Швеция ҳукуматининг Молиявий назорат идораси мулозими Nordea банки халқаро ташкилотлар томонидан ўта коррупциялашган мамлакат деб ҳисобланувчи Ўзбекистон фуқаролари билан муносабат қилишда совуққонликка йўл қўйгани қабул қилиб бўлмас ҳолатдир, дейди.

- Nordea банки текшириши ва инобатга олиши шарт бўлган риск факторларидан бири шуки, биз суриштирган ширкат, яъни Takilant Ltd. манфаатдор эгаси Ўзбекистон фуқароси эканини назардан қочирмаслик керак эди. Чунки Transparency International ташкилотига кўра, бу мамлакат энг коррупциялашган мамлакатлардан биридир. Бундан ташқари Takilant Ltd. ҳисоб рақамида жуда катта пул сақлангани ҳам шубҳаларни уйғотиши керак эди. Гап 20 миллион АҚШ доллари ҳақида кетмоқда, дейди Швеция ҳукуматининг Молиявий назорат идораси мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Гибралтарда рўйхатга олинган ва Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган Takilant Ltd. фирмасининг Nordea банкидаги 30 миллион долларга тенг активлари Швеция прокуратураси томонидан пора олиш ва пул ювишга оид жиноий иш дорасида музлатиб қўйилган. Жиноий иш очилишига катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera телеком компанияси Ўзбекистон бозорига кириш учун Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид айбловлар сабаб бўлган.

Молиявий назорат идорасининг Банклар устидан назорат қилиш бошқармаси ижрочи директори Улдис Серпснинг Озодликка айтишича, банкни жаримага тортиш қарорида Nordea мижози бўлган ширкат эгалари ўзбекистонлик экани инобатга олинган холос, алоҳида шахсиятларнинг бу вазиятдаги ролига баҳо берилмаган.

Nordea банки берган маълумотларга кўра, Takilant Ltd. ҳисоб рақами банкнинг Швециядаги бўлимида 2011 йилда очилган.

Takilant Ltd. TeliaSonera ширкатига қарашли Ўзбекистондаги UCell мобил операторининг 6 фоизлик улушига эгалик қилади. Швеция прокуратураси бу фирма TeliaSonera ширкати билан Гулнора Каримова ўртасидаги олди-бердида воситачи сифатида ишлатилганини гумон қилмоқда.

Гибралтарда рўйхатга олинанг Takilant Ltd. расмий хўжайини Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлган Гаянэ Авакяндир. TeliaSonera Takilant Ltd. билан тузилган келишувдан Авакяндан бошқа шахслар манфаатдорлигидан хабари йўқлигини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG