Линклар

"Ўғрибоши" Бишкек расмийларининг бош оғриғига айланди


Азиз Батукаевнинг озод қилиниши навбатдаги сиёсий жанжални бошлаб берди.

Азиз Батукаевнинг озод қилиниши навбатдаги сиёсий жанжални бошлаб берди.

"Қонундаги ўғри" Азиз Батукаевнинг қамоқдан муддатидан олдин бўшатилиши оқибатида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Шамил Атаханов ўз вазифасини бажаришни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Парламент махсус комиссияси яна бир қатор олий даражадаги расмийлар лавозимидан четлатилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон уюшган жиноий гуруҳлари раҳбари сифатида тилга олинувчи "қонундаги ўғри" (Вор в законе) Азиз Батукаевнинг қамоқдан муддатидан олдин озод қилиниши Бишкек сиёсий доираларида навбатдаги катта жанжалнинг бошланишига сабаб бўлди.

Қирғизистондаги “Эл уну” мухолифат ҳаракати Батукаевнинг қамоқдан озод қилиниши мамлакатда “ўзгача фикрловчиларга қарши қаратилган қўрқитиш амалиётининг бир қисми”дир, деб баёнот берди. Мазкур масала мухолифат ҳаракатининг 24 апрелда ўтадиган қурултойида муҳокама қилиниш учун кун тартибига киритилган.

"Қонундаги ўғри"нинг қамоқдан бўшатилиши қирғиз жамиятида ҳам норозиликлар пайдо қилди. Қирғизистоннинг айрим шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказилди.

-Ҳукумат Азиз Батукаевни қамоқдан чиқариб, уни Қирғизистондан тантанали равишда алоҳида учоққа ўтирғизиб, Чеченистонга кетишига имконият яратиб берди. Айни пайтда ҳукумат халқ манфаатини ҳимоя қилмоқчи бўлган уч депутатни давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилганликда айблаб, қамоққа олди. Бу адолатсизликдир, -деди Ўзган шаҳрида ўтган митинг иштирокчиларидан бири Аккул Айдаралиев.

2006 йилда парламент депутатини ўлдирганликда айбланиб 17 йилга қамалган Азиз Батукаев 8 апрел куни Норин қамоқхонасидан озод қилинган эди. У 9 апрел куни махсус ажратилган учоқда Қирғизистондан Чеченистонга учиб кетган.

Ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган Батукаевнинг бир кун ичида паспорт ва алоҳида учоқ билан таъминлангани парламент депутатларида шубҳа уйғотган. Депутатларга кўра, Батукаевни қамоқдан озод қилиш ҳукумат томонидан узоқ вақтдан бери режалаштирилган иш бўлиши мумкин.

Қирғизистон Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев ҳозиргача парламентнинг бу каби айбловларига ўз муносабатини билдиргани йўқ.

-Батукаевнинг озод қилиниши ҳукумат раҳбари даражасида баёнот беришга арзийдиган воқеа эмас. Бу масала парламентда муҳокама қилинаяпти. Бу иш юзасидан Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов, Бош прокурор Аида Салянова ва бошқа расмийлар парламент комииссиясига сўроқ бермоқда, -деди Бош вазир матбуот котиби Мелис Эржигитов.

Парламентга сўроқ берган ҳукумат расмийлари Азиз Батукаев лейкемия касаллигининг оғир шаклига чалингани, унинг бир неча ойлик умри қолгани ҳисобга олиниб, қамоқдан озод қилинганини билдирган. Аммо бу билдирув парламентни қониқтиргани йўқ.

Қирғизистон парламенти махсус комиссия ташкил қилиб, Батукаевнинг озод этилиши сабабларини ўрганмоқда. Комиссиянинг дастлабки текширув натижаларига таяниб хабар беришича, қонундаги ўғрини Чеченистонга элтган учоқ Бош вазир ўринбосари Шамил Атахановнинг ўғлига қарашли авиа ширкатга тегишли бўлган.

Шундан келиб чиққан ҳолда парламент Бош вазир ўринбосари Шамил Атахановни, бош прокурорни, жазони ўташ бош бошқармаси раҳабарини тергов тугагунига қадар ўз лавозимидан четлатишни талаб қилмоқда.

Шамил Атаханов Батукаевни Чеченистонга олиб борган учоқ ўғлига тегишли эмаслигини билдирган бўлса-да, 17 апрел куни терговга таъсир кўрсатмаслик мақсадида ўз лавозимини вақтинча тарк этганини эълон қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG