Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Техасдаги портлашда катта талафотлар кўрилди


Техасдаги West Fertilizer ўғит заводида содир бўлган портлаш ва ёнғин оқибатида юздан ошиқ одам тан жароҳати олди. Расмийлар ҳалок бўлганлар сонини очиқламаётган бўлса-да, маҳаллий KWTX-TV телеканали Вест (West) шаҳри тез ёрдам хизмати раҳбари Жорж Смитдан (George Smith) олинган маълумотга таянган ҳолда, ҳодисада нобуд бўлганлар сони 70 га яқин бўлиши мумкинлигини хабар қилди.



Аввалроқ шошилинч ёрдам ходимлари воқеа жойида ўнлаб одам нобуд бўлгани ҳақида билдиргандилар.

Хабарларга кўра, Вест шаҳарчасидаги битта касалхонанинг ўзига 60 нафар ярадор олиб келинган.

Вест шаҳри яқинида жойлашган West Fertilizer ўғит заводидаги портлаш 17 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 19:50 ларда содир бўлган.

Расмийлар турли миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳалок бўлганлар аниқ сони маълум бўлмагунча бунга оид маълумотни очиқламаётир. Бироқ маҳаллий KWTX-TV телеканали нобуд бўлганлар сони 70 кишигача бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Техас штати Жамоатчилик хавфсизлиги департаментининг вакили Дин Уилсон портлашдан яраланганлар сони 100 дан ошиши мумкинлигини айтди.

- Тан жароҳати олганлар сони жудаям кўп, эҳтимолки, юздан ошар. Одамлар ўлгани ҳақида ҳам тасдиқланган маълумотлар бор, улар сони яна ошиши мумкин, - деди Дин Уилсон.

Вест шаҳри мэри Томми Маска эса ўғит заводида содир бўлган ҳалокат бу жойларда содир бўлган нохуш ҳодисаларнинг энг фожеалиси эканини қайд этди.

Даставвал завод омборида содир бўлган портлашдан чиққан ёнғин зум ўтмай бошқа биноларга, шу жумладан, корхона яқинида жойлашган ўрта мактаб ва қариялар уйига ўтган. Айни пайтда портлаш тўлқини заводдан анча олис бўлган биноларга ҳам шикаст етказгани айтилмоқда.

Воқеа жойида қутқарув ишларининг олиб борилишини корхона ҳудудида қайта портлаш бўлиш эҳтимоли қийинлаштирмоқда.

Ҳозир воқеа жойида бир қанча вертолёт, ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари ишлаяпти. Ҳодисадан жабр кўрганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий футбол майдонида лагер ташкил қилинган.

Вест шаҳри аҳолиси тўлалигича кўчирилмоқда. Завод атрофидаги 1,7 километр радиусда яшовчи кишиларнинг ҳаммасига ўз уйларини тарк этиш буюрилган. West Fertilizer заводидан бир неча чақирим нарида жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи кишиларга эса хавфсизроқ жойларга кетиб туриш тавсия қилинган.

Техас штатининг губернатори Рик Перри авария оқибатларини бартараф этиш учун штатдаги барча ресурслар сафарбар қилинганини билдирган.

XS
SM
MD
LG