Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:59

Ҳоким ер сотганликда, прокурор пора олганликда айбланмоқда


Душанба, 15 апрел куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг йиғилишида ҳоким Неъматжон Соатов ишдан олинди.

Бу ҳақда Озодликка Термиз шаҳридаги ҳукумат идораларидан бирида ишлаётган манба хабар қилди:

- Уч кун олдин шаҳар ҳокимини ишдан олиб ташлашди. У бир қанча иқтисодий жиноятларда айбланмоқда,- деди Озодлик манбаси.

Бошқа бир манба - исми сир қолишини сўраган термизлик ўқитувчининг прокуратурада ишлайдиган таниши гапларига таяниб айтишича, собиқ ҳоким Неъматжон Соатов аҳолига ер сотганликда айбланмоқда:

-Термизда ҳам ободонлаштириш мақсадида бир қанча бузилишлар бўлди. Уйлари бузилган одамларга бошқа жойлардан ер берилди. Масалан, бир оилага битта ёки иккита томорқа бериш лозим бўлса, бу ҳоким уларга тўртта-бештадан томорқа бериб юборган экан. Энди бу томорқалар уларнинг ўзига текканми ёки бошқаларга сотилганми, бунисини билмадим. Лекин ҳоким ёмон одам эмас эди, илгари Тошкентда Ўзбекистон темир йўллари бошқармасида ишлаб юрган эди. Аввал вилоят ҳокими Жўраев билан танишчилиги бор эди, ўша олиб келиб қўйган эди,- дейди термизлик ўқитувчи.

Ўқитувчига кўра, Термизда бундан бир ой олдин шаҳар прокурори, унинг опаси ва укаси ҳам пора олганликда гумон қилиниб, миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган:

- Шаҳар собиқ прокурори Қўзиевнинг укаси вилоят прокуратурасида ишларди. Опаси илгари нотариус бўлган, кейин Солиқ ва валютага оид жиноятчиликка қарши курашиш департаментида ишлаган. Шу опаси бир кишини ишини тўғрилаб бераман, деб катта миқдорда пора талаб қилган. Пора олаётганда МХХ уни ҳибс қилган. Опаси порани прокурор укаси учун олганини тан олган. Шундай қилиб, ҳозир уччаласи ҳам ҳибсда, тергов беряпти,- деди термизлик ўқитувчи.

Термиз шаҳар прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда собиқ ҳоким ва прокурор устидан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади, бироқ бу ҳақда телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

Ўзбекистон давлат идораларида коррупция чуқур илдиз отгани айтилади.

Ўтган йил давомида коррупцияда айбланиб, Жиззахда вилоят прокуратураси 4 ходими, Бухорода ҳокимнинг ўғиллари ва қариндошлари ҳибсга олиниб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган эди.

Жаҳон давлатларидаги коррупция билан боғлиқ вазиятини тадқиқ қилиб келаëтган Transparency International ташкилоти эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон дунëдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигидан жой олган.
XS
SM
MD
LG