Линклар

Фозил қори Собиров халқ тилидаги таъсирчан ваъзлари билан собиқ Совет тузумининг охири ва Мустақиллик йиллари бошларида Ўзбекистонда ном қозонган илк имомлардан биридир. Ўрта мактабдан бошқа бирон ўқув юртида ўқимаган, лекин бир умр имомлик қилган Фозил қори одоб-аҳлоқ ва кундалик тирикчилик билан бевосита боғлиқ мавзулардаги даъватлари билан ўша кезда динга яқинлаётган оддий халқ эътиборига тушган эди.

Душанбедан бошланган йўл

Фозил қори Ёсин қори ўғли (Фозил Собиров) 1951 йилда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида туғилган.

У кишининг отаси Ёсин қори ўз вақтида Душанбеда танилган имомлардан бири бўлган.

"У кишининг асл исмини ҳам одамлар билишмасди ва Ёсин қори, деб чақиришарди", дея хотирлайди Фозил қорининг оиласи ва болалигидан яхши хабардор бўлган Шайх Абдулазиз Мансур.

- Фозил қори Душанбеда бошланғич мактабни битиргандан кейин 1973 йилларда Тошкентга келишган. Мен уларнинг уйига кўп борганман. Оталари Ёсин сурасини ўқиб, дам солардилар. Шунинг орқасидан ҳамма у кишини "Ёсин қори", деб чақирарди, асл исмини ҳам кўпчилик билмасди, дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Маросимларда отасини тарк этмаган ва илмли кишилар даврасидаги баҳсу-мунозараларни зийраклик билан тинглаб юрган Фозил қори ёшлигидан диний ҳикоят ва ривоятларни тўкис ёд олган.

- Аввалига, ёд олган ҳикояларини чиройли қилиб айтиб бериб юрарди. Кейинчалик у нутқи чиройли бир нотиққа айланди ва таъсирчан даъватларни бошлади, дейди Абдулазиз Мансур.

Фозил қори Ёсин қори ўғлининг ваъзлари Сергели туманидаги Қумариқ масжидидан бошланган.

Бу ерда узоқ йиллар давомида имомлик қилган ва халқ орасида даъватлари ёйила-ёйила мамлакатда танилиб кетгач, Фозил қори Собиров 1997 йилларда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига ишга олинди.

У ўша вақтда идорага раҳбарлик қилган Абдурашид қори Баҳромовга ноиблик қилди.

1999 йилда у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига раис этиб тайинланди.

2004 йилда эса раислик лавозимидан олинди ва шундан сўнг Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Қаффоли Шоший жоме масжидига имомликка тайинланди.

Шундан сўнг то умрининг охирига қадар – 2009 йилнинг 19 сентябрига қадар Фозил қори Ёсин қори ўғли шу масжидда имомлик қилди ва яна маърузаларини давом эттирди.

Марҳум имом Тошкентдаги Ваққос ота қабристонига дафн этилган.


Аҳлоқ-одоб ва намозга даъват

Фозил қори Ёсин қори ўғли 80 йиллар охири ва 90 йиллар бошларидан – Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Қумариқ масжидида имомлик қила бошлаши билан халқ оғзига тушган.

Фозил қорини халққа танитган энг муҳим жиҳат, Шайх Абдулазиз Мансур айтгани каби, унинг таъсирчан ва халқ тилидаги маърузалари эди.

Маърузаларда бу имом, асосан одоб-аҳлоқ ва кундалик ибодат масалаларига эътибор қаратган.

70 йилдан ошиқроқ собиқ совет ҳукумати бошқаруви остида диндан узоқлаштирилган халқ учун ўша даврда динга оид энг долзарб масалалар - иймон ҳамда намозга оид энг оддий масалалардан иборат эди.

Илк бор у кишининг маърузасини 10 -11 ёшлигида эшитганини хотирлаган тошкентлик диндор Абдулла Азим шундай дейди:

- Ўнми, ўн бирми, балки ўн икки ëшдадирманда ўша пайтларда. Намоз ҳақида, ота-онанинг ҳурмати ҳақидаги иккита кассетаси ўзимда ҳам бўларди у кишининг. Илмий даражада кучлимаску, лекин ҳикояларни олиб келиб, мисолларни олиб келиб чиройли, янги намозхонлар учун жуда яхши, таъсирли маъруза бўлганда, дея эслайди тошкентлик диндор Абдулла Азим.


"Оналар хорланиб, унутилганда..."

Айни кунларда Интернетдаги аксар вебсайтларда ҳам Фозил қорига тегишли маърузалар орасида энг кўп тинглангани ва энг кўп муносабат билдирилган маърузалар фарзанд ва ота-она ўртасидаги муносабатлар ҳамда Қиёмат белгилари ҳақидаги маърузалар бўлмоқда.

Жумладан, Фозил қорининг Қиёмат аломатлари ҳақида Youtube порталига жойланган бир маърузасига эътиборингизни тортамиз.

“Онаси: “Битта дори топиб кел болам”, деса бир ой ўтиб кетади. Дори қоғозини йўқотиб юборадиям. Лекин бир иши тушса, кори хайрни бажарадиган оғайниси топиб бер деса, бир-икки соатнинг ичида топиб келади. Чунки, унинг ҳам иши унга тушади", дейилади маърузада.


"Ҳаромдан ҳазар қилмаганлар маҳаллабоши бўлганда..."

Шунингдек Фозил қорининг 1999 йилга қадар қилган маърузалари давомида, яъни Сергели туманидаги Қумариқ мажиди имоми бўлиб юрган кезлардаги маърузаларида қатор ижтимоий муаммолар тилга олингани кузатилади.

"Энг паст, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, намоз ўқимайдиган одам одамларга раис, маҳаллабоши бўлганда, одамни яхшилигиданмас ëмонлигидан: "Бунинг қўлидан ëмонлик келади", деб ҳурмат қилинганда — қўрқиб ҳурмат қиласизда, у ëмон у, ëмон одам у — буям охир замоннинг бир белгиси эканда.

Бир форс одам айтган экан: "Замонанинг тақозоси билан эшшакни амаки дедим, айиқни тоға дедим", деган экан”, деган эди Фозил қори Ёсин қори ўғли эл орасида кенг тарқалган маърузаларидан бирида.


"Эркаклар ҳарир кўйлак кийганда..."

Яна бир ўринда Фозил қори Ёсин қори ўғли замонавий мусиқа санъатию, мусулмон эркакларнинг қилмишларини тилга олади.

"Эркаклар ҳарир кўйлак кийганда... Чиройлироқ кўринай, манам ипак кўйлак кияй, мангам эркаклар қарасин, дейдими баъзилари жуда ҳариридан кийволади... Аллоҳ эркак кишини аслида қўполроқ қилиб яратган, унга қўполроқ кийимлар ярашади ўзи. Жуда ҳарир кўйлакларни кийиб олиб, липпа-липпа қилиш эркак кишига ярашмайди. Бу ҳам қиёматнинг белгиси экан", дейди Фозил қори.




Лавозимдан кейинги даъватлар

Айрим диндорлар Фозил қорининг аввалига кескин ва эркин руҳда янграган маърузалари 2000 йиллардан кейин юмшоқлаша бошлаганини хотирлайди.

Фозил қори Ёсин қори ўғли 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига раис этиб тайинланган эди.

Унинг 2004 йилга қадар - раис лавозимидан олингунига қадар Ўзбекистон телевидениеси орқали қилган чиқишлари 1997-1999 йилларга қадар қилган маърузалари мазмунига зид келгани билан аксар диндорлар хотирасида қолган.


"Соқол эчкида ҳам бор..."

Ўз вақтида намоз ва ибодатга у кишининг даъвати билан меҳр қўйганини хотирлаган тошкентлик диндор Абдулла Азим Фозил қорининг Дин ишлари қўмитасига раислик қилаётган кезларидаги чиқишларини яхши хотирлайди.

- У киши ҳукумат билан бирга бўлиб қолди кейинчалик. Ҳижоб масаласида, масалан ҳижоб йўқ динда, бу арабларнинг кийими, деган гапларни қилдилар. Ҳукумат соқолга қарши бўлиб турган пайтда телевизорда чиқиб: "Эчкида ҳам бор соқол", деган гапларни қилган эди. Аслида соқол Пайғамбаримиз қилиб юрган амаллардан, бу масалада баҳсга ўрин йўқда, дейди тошкентлик диндор Абудулла Аъзам.


Ҳақсўз имомликдан тобеъ раисликка...

Фозил қори Ёсин қори ўғлининг шахсияти ўз вақтида кўп муҳокама қилинган эди.

Фозил қорига шогирдлик қилган ва у кишини озми-кўпми таниган манбалар таниқли имом вафот этганидан сўнг бу мавзуда сўзлашга розилик бермадилар.

Фозил қорининг ўзи айтгани каби: “Эшшакни амаки, айиқни тоға, дейишга тўғри келган замоннинг зайли" у кишини қай ўзанларга солгани ўзбекистонлик диндорларнинг муҳокамасидан бугунга келиб тушган.

Ўз вақтида бу кишининг Ўзбекистон телевидениесида қилган расмий баёнотларига жиддий эътироз билдирган Обид қори Назаров ҳам вафотидан сўнг бу кишининг шаксиз тан олиниши лозим бўлган хизматларига ҳурмат бажо келтирган эди.

- Фозил қори ака Совет давридаёқ танилган, Ўзбекистонга машҳур бўлган имомлардан бўлгандилар. У пайтда биз мадрасада ўқирдик ҳали. У кишининг маърузалари Ўзбекистон бўйлаб тарқалар эди. Яъни, ҳар жума у кишининг маърузаларини кассеталарга ёзиб, мусулмонлар қўлма-қўл қилиб эшитишарди. Жуда бир таъсирли маърузалар қилардилар.

Ҳали у пайтда совет империяси ва динга қарши ташвиқотлар ҳам бўлиб турган пайтда у киши анча жонбозлик кўрсатган. Аллоҳ таолодан у кишини қилган барча ҳаракатларини, дин йўлида кўрсатган хизматларини даргоҳида қабул қилишини сўраймиз. Ётган жойларини жаннатдан бўлишига Аллоҳ муваффақ айласин! Оила аъзолари, фарзандларига ҳам сабр тилаймиз, деганди Обид қори Назаров.

(Бу киши ўтган йили Швециядаги уйи ёнида унга қарши уюштирилган суиқасддан сўнг ҳануз кома ҳолида, Умио шаҳридаги шифохонада қолмоқда.)

Шу тариқа, тошкентлик оддий диндор Абдулла Аъзам каби танқидий кўз билан қараётганлар ҳам, астойдил мухлис бўлиб қолганлар ҳам аслида Фозил қори Ёсин қори ўғлини Ўзбекистонда ибодат ва аҳлоққа оид маърузалари билан танилган илк йирик имомлардан бири сифатида тан оладилар.

Фозил қори амру маъруф ва насиҳатлари битилган аудиокассетлари Ўзбекистонда энг кўп тарқалган илк имомлардан бири эди.

Қуйида у киши ҳақида ҳозирланган эшиттиришни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG