Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

Покистон суди Мушаррафни ҳибсга олишга буйруқ берди


Покистон суди мамлакат собиқ президенти Парвез Мушаррафни ҳибсга олишга буйруқ берганидан сўнг унинг уйи полиция томонидан қўриқланмоқда.
Покистон суди мамлакат собиқ президенти Парвез Мушаррафни ҳибсга олишга буйруқ берганидан сўнг унинг уйи полиция томонидан қўриқланмоқда.

Покистон суди мамлакат собиқ ҳарбий раҳбари Парвез Мушаррафни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Мушаррафнинг адвокатлари гаров пули эвазига унинг озодликда қолишни сўраб Олий судга мурожаат қилмоқчи.

Покистон собиқ президенти Парвез Мушаррафнинг юқори лавозимли ёрдамчиси Муҳаммад Ажмал журналистларга гаров пули эвазига Мушаррафни озодликда қолдириш ҳақдаги ариза пайшанба куни Олий судга тақдим этилишини маълум қилди.

- Биз қўрқмаймиз ва воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрмиз. Агар Олий суд бизнинг аризамизни қондирмаса ва Исломобод полицияси ўз ҳаракатларини бошласа, у (Мушарраф) ҳибсга олинишга тайёр, дея баён қилди Муҳаммад Ажмал.

Пайшанба куни Исломобод шаҳридаги Юқори суд Мушарраф 2007 йилда мамлакатни бошқарган пайтда юқори лавозимли суд ҳакамлари, жумладан, Олий Суд раисини ишдан четлатгани айблови бўйича гаров пули эвазига озодликда қолиш ҳақидаги қарорни бекор қилиб уни ҳибсга олишга буйруқ берган.

Суд қарорини эшитган 69 яшар Мушарраф ўша заҳоти зални тарк этган. Маҳкамада полиция ходимлари бўлишига қарамай, Мушаррафнинг қўриқчилари уни дарҳол машинага ўтқазиб ҳибсга олинишига йўл қўймаган.

Ҳозирда Мушаррафнинг Исломобод ташқарисидаги қаттиқ қўриқланаётган уйида экани айтилмоқда.

Ажмал Парвез Мушаррафнинг юқори лавозимли ёрдамчилари ва адвокатлари ҳозир унинг қонун бўйича вазияти қандай эканини ўрганаётганлари ва сиёсий стратегияни ишлаб чиқаётганларини қўшимча қилди.

- Муҳокама қилинаётган асосий масала бугунги воқеалардир. Қандай қарорга келингани келаси бир неча соат ёки бир неча кун ичида маълум бўлади. Биз келажакда қандай ҳаракат қилишимизни ҳам муҳокама қиламиз. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали халққа маълум қиламиз, деди Муҳаммад Ажмал.

Тўрт йил хорижда ихтиёрий сургунда яшаган Мушарраф Покистонда 11 май куни ўтказиладиган умумий сайловларида қатнашиш учун 24 март куни мамлакатга қайтганидан кейин муаммога дуч кела бошлаган.

Ўтган ҳафта мамлакат шимоли-Ғарбида жойлашган Ҳайбер Пахтунхва вилояти, Исломобод, Карачи шаҳарлари ва Пунжоб вилоятининг Касур туманидаги сайлов комиссиялари Мушаррафни сайловга номзод қилиб кўрсатишни рад қилган эди.

Сайлов комиссияси расмийлари ўз қарорини Парвез Мушаррафнинг иши судда кўрилаётгани билан изоҳлаган.

2007 йилда Покистон собиқ Бош вазир Беназир Бхутто ва 2006 йилда Балужистонда исёнчилар бошлиғи ўлдирилганига алоқадор бўлгани иддао қилинган Парвез Мушарраф мамлакатга қайтишидан олдин унга гаров пули эвазига озодликда бўлишга рухсат берилган эди.

1999 йилги давлат тўнтаришидан кейин Покистон раҳбари бўлган Парвез Мушарраф мамлакатни қарийб 10 йил бошқарган.
XS
SM
MD
LG