Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:59

Уйи бузилган избосканликларга ҳокимият ёрдам бера бошлади


Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасидаги Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ўқиган 2-умумтаълим мактабига элтувчи йўлнинг икки четидаги уйлари бузилаётгани тўғрисида Озодлик 11 апрел куни хабар берган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, ҳокимлик аҳолига ёрдам бера бошлаган.

Избоскан туманидаги Пойтуқ шаҳарчасида уйлари бузилган аҳолига ҳокимият ёрдам бера бошлагани тўғрисида овози ёзиб олинишини истамаган пойтуқлик тадбиркорлардан бири хабар берди:

- Сизлар берган эшиттиришдан сўнг ҳокимиятда экстренний йиғилиш бўлган. Бу мажлисда уйи бузилганларга ёрдам бериш масаласи кўрилган. Шундан сўнг 12 кишига ер участкалари берилди. Энди одамларга илгаригидақа қўпол эмас, балки жуда яхши муомалада бўлишяпти. Бу хонадонларга банклардан кредит бериш масаласи қўйилиб, бу ҳақда маҳалла қўмиталарига айтилган. Дўкони бузилган тадбиркорлар шанба куни кадастр биносига чақиртирилиб, “дўконларимизни бузиб қайта замонавий қилиб қуришга ижозат беринг” мазмунидаги аризалар ёздириб олинган. Бу уларга ўша жойларида янги дўкон қуришга рухсат дегани. Бир оғиз сўз билан айтганда муз жойидан кўчди,- деди избосканлик тадбиркор.

Уйлари бузилган избосканликлар ҳам ҳокимият уларнинг муаммоларини ҳал қилишга киришганини Озодликка айтди. Озодлик хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмларини ошкор қилмайди.

- Ҳаммаси яхши бўлди. Ҳозир янги чекдаман. Катта раҳмат сизларга. Яқин жойдан 6 сўтих ер берди, ҳокимга ҳам катта раҳмат. Бизнинг маҳалламиздан 16 одамга ер берди, хуллас ҳамма жойли бўлди. Уйи ярми бузилганларга ҳам ер берди, жуда хурсандмиз,- дейди пойтуқликлардан бири.

Бошқа бир пойтуқлик онахоннинг айтишича, ҳокимият уларнинг уйига қурилиш бригадасини жўнатган:

- Эй, яхши бўляпти болам, умринглар узоқ бўлсин, барака топинглар болам. Ўзлари келишиб, бетонларни қуйишиб, ҳаракат қилишиб ётибди болам. Мени бир тийиним йўқ дедим, “онажон қурувчиларга овқат қилиб берсангиз бўлди, ўзимиз қуриб ташлаймиз” дейишди. Яна олти сўтих ер ҳам берди. Ҳокимни ҳам, сизларни ҳам дуо қиляпман, болам,- дейди пойтуқлик онахонлардан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, айни пайтда уйлари бузилган хонадонларда иш қайнаяпти, маҳалла қўмитаси тавсиясига кўра камбағал оилаларга Избоскан тумани ҳокимлиги қурилиш материаллари ва қурувчилар бригадаси билан ёрдам беряпти.

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш мақсадида аҳолининг кўплаб уйлари, тадбиркорлик объектлари бузилди. Бироқ, ўзбекистонликлар бузилган уйлар учун товон пули жуда кам тўлангани ёки умуман берилмаганидан шикоят қиладилар.

Озодликнинг бир қанча эшиттиришлари эфирга кетгандан сўнг, бу эшиттиришлар таъсири натижасида кўтарилган муаммоларга расмий идоралар эътибор берган ва бу муаммолар ижобий ҳал этилган эди.

Ўтган йил Озодлик “Ўзбекэнерго” минглаб ишчисига 3 ойдан маош бермаётгани ҳақида гапирганидан сўнг, Тошкент Иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчисига маошлар берилган эди.

Ўтган йил пахта мавсумида пахта теримига чиқарилган иштихонлик ўқувчилар ҳақидаги эшиттириш Озодлик радиосида эфирга кетганидан сўнг, мактаб ўқувчилари зудлик билан мактабга қайтарилган эди.
XS
SM
MD
LG