Линклар

Косон қамоғида ўлган қирғизистонликка ғойибона жаноза ўқилди


Марҳум Ҳабибулла Омоновнинг Қирғизистон Ўш шаҳридаги хонадонида ўтган жаноза маросимига намозхонлар кела бошлаган кезда олинган фотосурат.

Марҳум Ҳабибулла Омоновнинг Қирғизистон Ўш шаҳридаги хонадонида ўтган жаноза маросимига намозхонлар кела бошлаган кезда олинган фотосурат.

Ўзбекистон суди томонидан 1999 йилда Ҳизбут Таҳрир диний оқимига алоқадорлик ва Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовузда айбланиб, 14 йилга қамалган қирғизистонлик Ҳабибулло Омонов Косон қамоғида вафот этди. Яқинлари улардан берухсат Косонда дафн этилган Омоновнинг қабрини қидирмоқда.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан Озодликка боғланган ва исми сир қолишини сўраган манба 14 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган Ҳабибулло Омонов қамоқхонада вафот этгани ҳақида хабар қилди.

Унга кўра, 4 апрел куни вафот этгани айтилган марҳумнинг жасади яқинларига хабар қилинмаган ҳолда Косон шаҳридаги қабристонлардан бирига кўмиб юборилган.

Озодлик мухбири бу хабар ортидан Ҳабибулла Омоновнинг қизи - Зулфия Омонова билан боғланди.

- 11 апрел куни телеграфдан телеграмма беришди. Унда дадамнинг 4 апрел куни юрак хуружидан вафот этгани айтилган экан. Кейин биз борсак, кўмворишибди дадамни. "Сизларга ўлди, деб телеграмма жўнатган эдик, келмадингларку?" дейишди. Биз эса ҳеч қанақа хабар олмаган эдик, дейди Зулфия.

Унинг сўзларига кўра, Косондаги қамоқхона ходимлари, гўёки, Омоновнинг яқинларини кутишган ва улар келмагач, Ўзбекистон қонунлари асосида марҳумни шаҳардаги қабристонга дафн қилган.

- Косондаги руслар қабристонига кўмишганмиш. У ерда бир қабрни кўрсатишди. Менинг отам у ерга кўмилганига мен ишонмайман, шунинг учун прокуратурадан қабрни очишни сўрадик. Лекин, улар рухсат беришмади, деди Зулфия.

Отаси ғойиб бўлган ва кейинчалик дараги Ўзбекистондан чиққан 1999 йилда Зулфия 5 ёшда эди.

- Онам, мен ва укам қолганмиз. Боқувчимиз йўқ, ҳимоячимиз йўқ. Отамни ҳимоя қиламиз, деб қанча югурдик. Кейин қамоқхонага кўргани борамиз, деб совуқларда қанча қийналганмиз, эҳҳее... Энди эса юрак хуружидан ўлди, деб ёлғон айтишяпти. Отам муттасил қийноқларга солинган ва ҳар гал унинг танасидаги қийноқ изларидан қилган шикоятларимиз жавобсиз қолган, дея даъво қилди Зулфия.

Омоновлар оиласи марҳумнинг жасадини топиш ва Қирғизистонга олиб кетишга рухсат олиш учун қаттиқ урингани, аммо бунга муваффақ бўлмай, ортга қайтганини айтмоқда.

Шундан сўнг, 18 апрел куни Ўш шаҳрида мусулмонлар Омоновга ғойибона жаноза намозини ўқишган.қори

“У киши қамоқда вафот этган. Кейин яқинларига айтмасдан, уни ўша Косондаги зонанинг яқинидаги қабристонга кўмиб юборишибди. Оиласи энди жуда қийин аҳволда қолди. Бугун биз ўша биродаримизга ғойибона жаноза намозини ўқидик. Валлоҳиаълам, 5 мингга яқин одам келди”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда жанозага йиғилган оломоннинг кўплигидан ҳайратини яширмаган қорасувлик манба.

Жаноза намозига имомлик қилган қорасувлик таниқли имом Рашод қори Камолов ўз фаолияти давомида бу қадар жамоат йиғилган ғойибона жаноза намозига илк бор гувоҳ бўлганини айтди.

- Мен ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Жуда кўп одам йиғилди намозга. Шунақа намоз бўлади, деб эълон ҳам берилмаган эди. Мен ўзи у кишини танимасдим. У кишини ҳаттоки, Ҳизбут Таҳрининг аъзоси бўлган, ҳам дейишди. Лекин, биз учун у кишининг мусулмон экани кифоя, биз зиммамиздаги вазифамизни адо этдик, деди Рашод қори Камолов.

Рашод қори Ўзбекистон қамоғида вафот этган Ҳабибулла Омоновни намозга йиғилганларнинг аксарияти ҳам танимаслиги, қорасувлик оломонни жунбушга солган жиҳат – ҳамшаҳар мусулмоннинг ўзбек қамоғида номаълум сабаблар остида вафот этишию, сўнгра унинг олис Косондаги руслар қабристонига дафн этилиши ҳақидаги хабар бўлган.

Бу ҳолни отаси ҳамда Омоновлар оиласига нисбатан "ҳақорат, зулм" сифатида қоралаган Зулфия Омонова бундан буён Омоновлар оиласи Ҳабибулла Омоновнинг жасадини Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб келиш учун астойдил ҳаракат қилишини айтди.

Аммо, Омоновлар оиласи ҳам, қорасувлик диндорлар ҳам Ҳабибулла Омоновнинг 14 йил муқаддам сирли тарзда Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлимида пайдо бўлиб қолиш сабабларидан ҳануз бехабар эканини айтди.

- Биз ҳалигача билмаймиз, нега энди айнан менинг отам ўғирлаб кетилгану, экстремист деб қамаворилганини. Ҳеч ким бизга тушунтирмаган, айтамаган. Қирғизистон ҳукумати ҳам ўзининг фуқаросини нега ҳимоя қилолмади, ҳаммаси бизга қоронғу қолди, дейди Зулфия.

Зулфия Омонова ўз оиласи шу вақтга қадар қандай уринган бўлса, бундан буён ҳам марҳум отасининг жасадини топиш ва унинг топталган ҳақларини тиклаш учун курашни давом эттиражагини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG