Линклар

Даниянинг Carlsberg Group ширкатига тегишли бўлган Carlsberg Ўзбекистон қўшма корхонаси ўз фаолиятини тўхтатганидан бир йил ўтиб маҳсулот ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўймоқда.



Carlsberg Uzbekistan исмини сир сақлаган вакилларидан бири Озодлик билан суҳбатда ширкат 11 апрел кунидан маҳсулот чиқаришни қайта бошлаганини тасдиқлади.

Пиво ишлаб чиқарувчи Carlsberg O'zbekiston ширкати 2012 йилнинг март ойида ўз фаолиятини тўхтатган. Ўшанда Carlsberg Group вакили хом-ашё етишмовчилиги сабаб завод фаолиятини вақтинча тўхтатганини маълум қилганди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги ширкатда бир қатор молиявий ва солиқ тўловига оид қонунбузарликлар аниқлангани ҳам хабар қилинган эди.

Carlsberg O'zbekiston ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко Ўзбекистонни бутунлай тарк этгани ва унинг қочишига комплекс текширувлар пайти ширкат фаолиятида аниқланган нуқсонлар сабаб бўлгани айтилганди.

Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Олий хўжалик суди Carlsberg O'zbekiston ширкатининг мамлакат солиқ идоралари молиявий санкциялари бўйича киритган кассация шикоятини рад этган эди.

Даниядаги Carlsberg Group ширкатининг 100 фоизлик сармоясига ташкил этилган Carlsberg O'zbekiston солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда умумий қиммати 9 миллиард сўмлик ($4,6 миллион АҚШ доллари) маҳсулотни ҳисобга киритмаган ҳолда сотишда айбланган эди.

Ширкат Ўзбекистондаги маҳкамалар ҳусусида изоҳ бермаган. Ҳозирда Carlsberg Group Ўзбекистондаги фаолиятини қандай тиклашга муваффақ бўлгани маълум эмас.

- Аслида завод ёпилгани йўқ эди, фақат фаолияти тўхтаб қолган эди. 11 апрелдан заводда ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилмоқда, - деди Carlsberg O'zbekiston вакили.

Carlsberg O'zbekiston сўнгги 6 йил давомида Ўзбекистон бозорида пиво ва бошқа салқин ичимликлари билан ўз ўрнини топган.

Даниядаги "Carlsberg Group" таркибига кирувчи бу ширкат Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя ётқизган ва расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 1 миллион гектолитр пиво маҳсулотлари ишлаб чиқараётган эди.

"Carlsberg" Ўзбекистонда пивонинг етти турини: “SARBAST® Original™”, “SARBAST® Extra™”, “SARBAST® Special™” ва “SARBAST® Strong™”, шунингдек “TUBORG Green” халқаро брендларни ишлаб чиқармоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG