Линклар

Олмалиқ ҳокими ўринбосари пора билан қамалди. Раис айбини хаспўшлаган милиция нозири маҳкамага тортилди. Оролбўйида “Қизил китоб”га кирган жониворлар қирққа яқинлашди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Олмалиқ ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушди”

Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари Х. Ўролов ун ажратиш масаласини ҳал этиш эвазига “Покиза нон саноат” хусусий фирмаси раҳбари Т. Ирисбоевдан 2000 доллар пора олаётганда қўлга олинган (“Ҳуқуқ ва бурч” журнали, 2013 йил 2-сон).

Наманган шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича расмийси О. Дадабоев “Бону Барно сервис” фирмасидан 1000 доллар олаётганда ҳибс қилинган. Шунингдек, Жиззах вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг бўлим бошлиғи Ж.Эгамбердиев Жиззах туманидаги “Отабек Зоҳид” жамияти таъсисчиси С.Саидовадан балиқ етиштириш учун сув ҳавзасини ижарага бериш эвазига 1000 доллар пора олаётганда қўлга туширилган.

Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимовга кўра, маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашиш, иқтисодий эркинлигини чеклаш, талабларини асоссиз рад этиш кузатилмоқда. Ўтган йили тадбиркорлар ҳуқуқларини бузишга оид 311 та жиноят иши қўзғатилган, уларнинг 47 таси порахўрлик билан боғлиқ.

“Чегарада порнографик дисклар ушланди”

Тошкент вилояти божхоначилари порнографик дискларга қарши курашни кучайтирмоқда (“Ҳуррият”, 17 апрел).

Божхона ахборот хизматига кўра, Тошкент вилояти Ғишткўприк божхона постида фуқаро И. Тошбоев беҳаёликни тарғиб қилувчи хорижий фильмлар ёзилган 150 дона дискни олиб кираётганда қўлга олинган. Шу постда қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаро Н. Турсуновадан хориж фильмлари ёзилган 200 дона контрафакт диск тўхтатилган.

Маълум қилинишича, қонунбузарлардан олиб қўйилаётган сифатсиз маҳсулотлар, хорижнинг инсон руҳиятига салбий таъсир этувчи жангари ва беҳаё фильмлари ёзилган дисклар жамоатчилик иштирокида йўқ қилинмоқда. 2012 йилда божхоначилар бошқа ҳуқуқ идоралари билан ҳамкорликда 209 та қонунбузарлик ҳолатида 9,2 минг дона лицензияланмаган диск олиб ўтилишига чек қўйган.

“Назарбеков жонли ижро ҳақидаги саволга жавоб бермади”

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида давом этаётган концерт дастурида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков 23 та қўшиқдан 12 тасини жонли куйлади, холос (“Даракчи”, 18 апрел).

“Юз фоиз жонли ижрода концерт бериш кечагина санъат остонасига қадам қўйган, овоз имкониятлари мақташга арзигулик бўлмаган хонандаларга эмас, балки кўпроқ Назарбековга ярашар эди. Лекин Назарбековнинг бир неча йиллардан буён жонли ижрода концерт беришга журъат этмаётгани кўплаб саволларга сабаб бўляпти” деб ёзди шоу бизнес нашри. Журналист бу борада Назарбековнинг ўзидан сўраган, аммо хонанда кейинроқ жавоб беришни маъқул кўрган.

Эслатилишича, бу йил Назарбековнинг 17 кунлик концерт дастурига аввалги йиллардагидек кучли талаб ва чипталар учун ур-йиқит кузатилмаётир.

“Раис айбини хаспўшлаган милициячи судга тортилди”

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ички ишлар бўлими нозири Абдуазим Мавлонов жиноятни яширгани учун маҳкамага тортилди (“Адолат кўзгуси”, 18 апрел).

Милиция нозири Мавлонов “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Искандар Маматовнинг порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларини била туриб, улардан кўз юмган.

Болалар нафақаси ва ёрдам пули тайинлаш эвазига ўнлаб фуқаролардан пора ундирган маҳалла раиси жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди томонидан 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Милиция вакили Мавлонов эса 1 йил мансабдорликда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 25 фоизини давлатга ўтказиш шарти билан 1 йил ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинган.

“Психотроп дори сотган аёл рецидивист деб топилди”

Андижон шаҳрилик Раҳима Батурова ноқонуний дори-дармон олди-сотдисида айбдор деб топилди ва 8 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 18 апрел).

Батурова таркибида психотроп модда мавжуд бўлган дори-дармонларни пуллаётган пайтда қўлга олинган. Аввал ҳам бир неча марта судланган Раҳима Батурова жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани суди ҳукми билан “хавфли рецидивист” деб топилган. Унга шерик деб кўрилган Нодира Қурбонава эса 7 йилу 1 ойга қамалди.

“Қизил китоб”га киритилган жониворлар 40га яқинлашди”

Генофонднинг ёмонлашуви Оролбўйи ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига салбий таъсир кўрсатмоқда (“Истеъмолчи”, 18 апрел).

Илгари кўп учрайдиган жайрон, Бухоро кийиги, Устюрт қўйи, туркман қулони, Турон йўлбарси каби ҳайвонлар камайиб кетган. Ҳозир минтақа қушларининг 18 та, балиқларининг 5 та, сут эмизувчиларининг 13 та тури “Қизил китоб”га киритилган.

Ноёб бўлиб бораётган жониворларни сақлаб қолиш мақсадида Орол денгизи яқинида 50 минг гектар майдонда махсус зона ташкил этилган. Айтилишича, айни пайтда ҳудуддаги Жилтирбас ва Судоче кўлларини Рамсар конвенцияси рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда.

“Оқдарё бозори танқид қилинди”

Оқдарё деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари санитария қоидаларига зид равишда сотилмоқда (“Бозор ва истеъмолчи”, 17 апрел).

Ҳарорат юқори бўлиб турган бир пайтда гўшт маҳсулотлари қуёш тиғида сотилмоқда, сабзавотлар лаборатория кўригидан ўтказилмаган. Бозор ҳудудида спиртли ва салқин ичимликлар сотиш қоидаларига ҳам риоя этилмаётир. “Тартибсиз бозордан вой-доод!” деб ёзади нашр.

“Ногиронлар ҳуқуқи бузилмоқда”

Ўзбекистондаги атиги 10 фоиз бино ногиронлар ҳаракатланишига мослаштирилган (“Ўзбекистон овози”, 16 апрел).

Мисол учун, олий ўқув юртлари зинапояларида қулай ушлагичлар йўқ. Бунинг устига мармар поллар сирпанчиқ, биноларга пандус ўрнатилмаган. “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, ногиронлар ҳаракати учун шароит яратмаган ташкилотларга энг кам ойлик иш ҳақининг 70 бараваридан 100 бараваригача жарима солиниши керак.

Расмий маълумотларга қараганда, мамлакатда 780 минг нафар ногирон истиқомат қилмоқда. I гуруҳ ногирони – 8,5 фоизни, II гуруҳ ногирони – 71 фоизни, 16 ёшгача бўлган болалар – 97 минг нафарни ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG