Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:06

2015 йилдан Россияга кириш фақат хориж паспорти билан


Россияликларнинг аксари яқин хориж давлатлари, айниқса, Марказий Осиё билан виза жорий қилиш тарафдори эканини айтилади.
Россияликларнинг аксари яқин хориж давлатлари, айниқса, Марказий Осиё билан виза жорий қилиш тарафдори эканини айтилади.

Владимир Путин Федерал миграция хизматининг 2015 йил 1 январидан Россияга фақат хориж паспортлари билан киритиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳолат Божхона иттифоқи аъзолари бўлган Қозоғистон ва Беларус фуқароларига тааллуқли эмаслиги айтилмоқда.


Путин: “Ҳамкорларимизга муҳлат беришимиз керак”

2015 йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хориж паспортлари асосида киритилади. Янги тартиб ҳақида 18 апрел куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский билан учрашуви давомида маълум қилинди.

Константин Ромодановский бу тартибни ярим йилдан кейин жорий қилишни таклиф этди.

- Ўйлайманки, ярим йил давомида бунинг иложини топса бўлади. Бу миграция соҳасида ишимизни давом этишга муҳим омил бўлиб хизмат қилган бўларди,- деди давлат раҳбарига ФМС директори Ромодановский.

Бунга жавобан, Владимир Путин МДҲ давлатлари қисқа вақт ичида етарли миқдорда паспортларини чоп этишга улгура олмаслиги мумкинлигини таъкидлади.

- Ярим йилда иложини топиш, деганингиз нима? Бу дегани ярим йилдан кейин бу тартибни киритиш деганими? Ярим йилда улгуришмайди-ку... Бизнинг ҳамкор давлатларимиз бу муддатда ҳатто паспортларни чоп этишга улгурмайди. Бу ишни қандайдир ташкиллаштириш керак. Сиз менга реал муддатни айтинг, ахир ўзингиз шу иш билан профессионал тарзда шуғулланасиз – бунча одамни паспорт билан бу вақт ичида таъминлашнинг иложи йўқ! Биз жуда яхши тушунамизки, бу жуда улкан иш. Мана бир ярим йил – бошқа гап. Демак, 1 январ 2015 йилдан буни жорий қилишингиз жуда реал муддат,- дея Ромодановский таклифига ўзгартириш киритди Россия президенти.

Айни вақтда, Владимир Путин бу тартиб Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тузилмасига аъзо бўлган Қозоғистон ва Беларус фуқароларига таалуқли бўлмаслигини алоҳида қайд этди. Божхона Иттифоқига аъзо бўлишга Қирғизистон Республикаси раҳбарияти ҳам хоҳиш билдирган эди.

Россияга хориж паспортлари билан киритиш тартиби чегараолди ҳудудларда яшовчи фуқароларга қийинчилик туғдирмаслиги ва уларга муайян имтиёзлар берилиши ҳам айтилди.

Янги тартиб жиддий ўзгаришларга олиб келмайди

Хориж паспортлари билан мамлакатга киритиш қоидаси Россия ҳукумати мутассадилари томонидан анчадан буён қизғин муҳокама этиб келинмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида Россия Федерал Йиғини олдида қилган чиқишида Владимир Путиннинг 2015 йилдан бошлаб қўшни давлатлардан фақат хориж паспортлар асосида киритишни жорий қилиш кераклигини уқтирган эди.

- Бошқа мамлакат фуқаролари Россияга ички паспортлар билан кириб келаётгани ҳолатида самарали миграция назоратини ўрнатишнинг мутлақо иложи йўқ. Шу сабабли, 2015 йилдан бошлаб Россияга кириш фақат хориж паспортлари асосида амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайман,- деган эди Россия раҳбари.

Кузатувчилар сўровларда россияликларнинг асосий қисми яқин хориж давлатлари билан, айниқса, Марказий Осиё давлатлари билан виза жорий қилиш тарафдори эканини гапирмоқда.

Олдинроқ, Озодлик Россиянинг “Новая сила” партияси виза жорий қилиш талаби билан парламентга 100 мингта одам имзо қўйган ҳужжат олиб киргани, 2013 йилнинг февралида эса бир гуруҳ коммунист-депутатлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун виза режими жорий қилиш таклифи билан чиққани тўғрисида хабар берган эди.

Бу масала юзасидан жорий йилнинг кузги сессиясида Россия парламентида ҳатто махсус муҳокамалар ўтказилиши кутилмоқда. Бироқ, Россия Федерал миграция ҳизмати бошлиғи Константин Ромадоновский расмий Москванинг МДҲ давлатлари фуқаролари учун виза тартиби жорий этиш режаси йўқ эканини билдирди.

Этнография ва миграция маркази директори Владимир Мукомель Озодлик билан суҳбатда хориж паспортлари асосида Россияги киритиш тартиби амалда жиддий ўзгаришларга олиб келмаслигини айтади. Таҳлилчи Грузия ва Молдова давлатлари билан ўрнатилган айни тартибни мисол қилди.

- Миллий паспортларни билмадиму, хориж паспортлари, масалан, аэропортларда, чегарани кесишда жуда яхши ўқилади, автоматик тарзда қайдга олиш имкониятини беради. Аслини олганда, бундай тартиб Молдова ва Грузия учун ҳозир ҳам амал қилиб келмоқда: у ерга ва у ердан фақат хориж паспортлари асосида борилади-келинади. Ҳеч қандай визанинг кераги йўқ. Ўзгариш фақат шунда бўлади,- дей Владимир Мукомель.

Таҳлилчи 2014 йил охирлари - 2015 йил бошларида бироз ғала-ғовур бўлиши, ҳамма паспорт олиб бўлгач, ҳаммаси яна изига тушиб кетишини айтади.

- Ноқонуний миграция билан курашишга бунинг ёрдами тегишига кўзим етмайди, чунки бу виза режими эмас. Шунчаки бошқа ҳужжат асосида кириш жорий қилинади. Лекин, биринчи ойларда Россияга тез-тез кириб чиқаётган фуқаролар загранпаспортларни расмийлаштиргунича бироз ноқулайликларни сезади. Кейин ҳаммаси яна жойига тушиб кетади. Мана, Молдова билан ҳам айнан вазият юзага келган эди. Ҳозир молдованлар бемалол бориб-келиб юрибди. Шахсан мен виза режимининг жорий қилиниши ноқонуний миграцияни тартибга келтирсада, Россия иқтисодиётига жиддий зарар келтиришига ишонаман. Бундай вазиятда хориж паспортларининг жорий этилиши кирди-чиқдини бироз тартибга келтириш учун қилинган қадамдир, холос, деди Озодликка Этнография ва миграция маркази директори Владимир Мукомель.
XS
SM
MD
LG