Линклар

Сербия ва Косово ўртасидаги сўзлашув келишув билан якунланди


Сербия ва Косово бош вазирлари Ивича Дачич ва Хашим Тачи ЕИ ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон воситачилигида музокара қилишди.

Сербия ва Косово бош вазирлари Ивича Дачич ва Хашим Тачи ЕИ ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон воситачилигида музокара қилишди.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон Косово ва Сербия бош вазирлари ўртасидаги учрашув келишув билан якунланганини маълум қилди. Эштон иккала томонни “жасорат” кўрсатгани учун олқишлади.

Сербия ва Косово бош вазирлари Ивича Дачич ва Хашим Тачи жума куни Брюсселда Европа Иттифоқи воситачилигидаги навбатдаги музокараларни ўтказди.

Музокаралардан мақсад Сербия билан Косово ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда косоволик серб озчилиги мақомига оид келишувга эришишдир. Серблар Ксовонинг этник албанлардан иборат ҳукуматини тан олмай келади.

Бундай келишувга эришилиши Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилишига оид музокараларга йўл очиб беради.

Сербия Бош вазири Ивича Дачич ва Косово Бош вазири Хашим Тачилар чоршанба куни ҳам 14 соат давомида сўзлашув ўтказган, лекин келишувга эриша олмаган эди.

Икки томон етакчилари ўша куни Брюсселдан уйларига қайтиб кетган эди, лекин, хабарларга кўра, сўзлашувларни давом эттириш учун жума куни яна Брюсселга таклиф қилинди.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон келишув душанба кунга белгиланган ЕИ мажлисигача қабул қилинишига умид қилишини билдирди. Бу мажлисда Сербиянинг истиқболдаги ЕИ аъзолиги масаласи ҳам муҳокама қилинади.
XS
SM
MD
LG