Линклар

Тошкентда 400 доллар пора олишга уринган акушер қўлга олинди ва бу воқеа маҳаллий матбуотда кенг ёритилди. Шу хабар ортидан OzodlikOnlineнинг 22 апрел кунги сонида Ўзбекистон туғруқхоналарида туғиш неча пулга тушади ва порасиз ҳам янги туғилган фарзандингизни қўлга олишингиз мумкинми каби саволлар билан сизга юзланишга қарор қилдик.


Ўтган ҳафтада Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир акушер-гинекологни 400 доллар пора олаётган пайтда қўлга олгани хабар қилинди.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Учтепа туманда жойлашган туғруқ мажмуасининг исми ошкор этилмаган акушер-гинекологи ҳомиладор аёлдан операция қилиш эвазига дори-дармон ва шифохона тўловларидан ташқари 500 АҚШ долларини пора сифатида талаб қилган.


Аёл пули йўқлигини айтиб ялингач, шифокор пора миқдорини 400 долларга туширгану, аммо ундан воз кечмаган.



"Ҳуқуқ" газетасининг ёзишича, бемор бу борада ҳуқуқ идорасига мурожаат қилган ва шифокор сўралган маблағни олаётганида, хонасида ашёвий далил билан ушланган.

Аслида Ўзбекистонда шифокорлар, жумладан, туғруқхона шифокорлари орасида порахўрлик одатий тус олгани йиллар давомида айтиб келинади.

Бундан ташқари, ҳомиладор аёлларга кўрсатиладиган бошқа тиббий хизматлар ва аборт каби амалиётлар учун ҳам кассага тўланган пулдан кўра каттароқ миқдорни пора сифатида узатиш ҳоллари тилга олинади.

Ҳатто, Озодликка боғланган тингловчилардан бири сўралган пора вақтида келмагани боис, шифокор қаровисиз қолган аёл ва унинг қорнидаги эгиз гўдаклари туғруқхонада нобуд бўлганини ҳикоя қилиб берган эди.

Аммо, бундай аянчли воқеалар ҳақида хабарлар нақадар кўп бўлса, Учтепада бўлгани каби пора олаётган кезда шифокорнинг ушланишию, жазога тортилиши ҳақидаги хабарлар шу қадар оздир.

Шу тариқа, OzodlikOnlineнинг навбатдаги сони мавзуини белгилаб берган ана шу хабар ортидан туғилган қатор саволларга яна сиз билан бирга жавоб излашга қарор қилдик.

Ўзбекистон туғруқхоналарида бугунги кунда туғиш неча пулга тушади?

Сиз тилга оладиган сумманинг қанчаси кассага тўланадию, қанчаси оппоқ халатдаги доянинг чўнтагига?

Акушерни пора қайғусига қарам қилган сабаблар нимада?

Бундан ташқари, ҳомиладор аёлларнинг врач назоратида туриши, аборт ёки стерилизация амалиётлари учун ҳам пора талаб қилинадими?

Сизнингча, икки йўл орасида турган ҳомиладор аёллар тақдирига масъул бўлган шифокорларнинг порахўрлигига чек қўйиш мумкинми?


Марҳамат, бу саволларга жавоб бериш истаги бўлса ёки айнан шу мавзу билан боғлиқ конкрет ҳикояларингиз бўлса, OzodlikOnline эшиттиришининг навбатдаги сонида иштирок этинг!

Душанба¸22 апрел куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган OzodlikOnline жонли¸ интерактив мулоқотида сизни кутиб қоламиз.

Муҳим эслатма: Мавзу нозик бўлгани боис, бу борада бизга маълумот беришни истаган гувоҳлар ёки шундай ҳолатлар қаҳрамони бўлган тингловчиларимиз истасалар, уларнинг шахсига оид маълумотлар ҳар галгидек мутлақо сир сақланади.

Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.

Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG